Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Ватанга муносабат қандай бўлиши керак?

14.01.2022   2991   14 min.
Ватанга муносабат қандай бўлиши керак?

Ватанпарварлик ҳақида сўз борар экан, ҳар бир мўмин-мусулмон инсон аввало бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанга бўлган муносабатларини билиши лозим. Шу эътибордан бугун Ислом умматининг Ватанга муносабати қандай бўлиши кераклигини у зот алайҳиссаломнинг намуналарида ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Cуҳбатимизнинг аввалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан нотинч дунёимизга тинчлик сўраймиз, азиз Ватанимизнинг гуллаб-яшнашини сўраймиз, хусусан, қуролли кучларимизга ҳам салоҳият сўраймиз. Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, ўз халқини, оиласини ҳимоя қилиш эркак кишининг эркаклигини, йигитлигини синайдиган шарафли бурчдир. Ватанимизда туғилиб-ўсган ҳар бир эр йигитнинг қуролли кучлар сафида хизмат қилиши Ватан ҳимоясининг рамзидир. Чегарани қўриқлаш Ватанни қўриқлашдир, бунга доим тайёр туриш ҳар бир Ватан ўғлонининг қалбига сингиб кетган ҳиссиёт бўлиши лозим. Шундай экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан халқимизнинг порлоқ келажаги, давлатимизнинг равнақини сўрар эканмиз, айни пайтда қуролли кучларнинг салоҳиятини ҳам сўрашимиз лозим.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эса бошлагандан буён чорак аср давомида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси босқичма-босқич ривож топиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий соҳада, дину диёнат, илм-маърифат борасида ҳам жуда кўп хайрли ишлар амалга ошмоқда. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳларимиз, янги-янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидларимиз бунга ёрқин мисолдир. Аллоҳ таоло бу дориломон кунларда яшашимизга нимани сабаб қилди? Аввало юртимизга ато этилган тинчлик-хотиржамликни, барқарорликни сабаб қилиб берди. Бу тинчлик, барқарорлик эса Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган қуролли кучларимизнинг, тинчлик посбонларимизнинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан қилаётган хизматларининг самарасидир.

Аммо ёшларимиз бундай фидокорона хизмат қилиши учун, Ватанга содиқ бўлиши учун биз мўмин-мусулмонлар, юрт фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат ҳиссини, шу жаннатмакон юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш туйғусини сингдиришимиз керак. Шунинг учун бугунги суҳбатимизда динимизда Ватанга муносабат қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритмоқдамиз.

Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойдир, болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир, сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.

Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик”.

Мўмин-инсон учун энг муқаддас замин – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари теккан, Қуръони Карим нозил бўлган, динимиз илк бор тарқалган ҳарами шарифдир, Каъбаи муаззама жойлашган Маккаи Мукаррамадир, равзи муборак жойлаган Мадинаи Мунавварадир. Бу муқаддас заминга бориб, у ерда динимизнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ва умра ибодатини адо этиш ҳар биримизнинг энг ширин орзуимиздир. Аммо Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган Ватан ҳисси шу қадар кучлики, ҳожилар ана шу муқаддас масканга бориб ҳам, у ерда ҳаж арконларини адо этгандан кейин, равзаи мутоҳҳарани зиёрат қилгандан кейин ҳам уйга қайтгиси келиб қолади, бир кун ҳам тургиси келмай қолади. Ваҳоланки ҳажга бориш учун навбатга ёзилиб, ўн йиллаб кутади, умрида бир марта бориладиган бу сафарга боргач, Каъбани кўрган заҳоти ҳўнграб йиғлайди, ҳарамнинг тупроғини ўпади, замзам сувини муқаддас деб кўтариб келади. Лекин ҳаж арконлари тугагач, бир кун ҳам тургиси келмайди, тезроқ Ватанга, уйга қайтгиси келади.

Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади. Аллоҳ асрасин, бир кимса бу масъулиятли соҳада хиёнат қилса, бу ваколатни суистеъмол қилса, бу нарса нафақат унинг ўзига, балки у вакили бўлган халққа, уни тарбиялаб-ўстирган Ватаннинг шаънига доғ тушади. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар.  Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади.

Шунинг учун қайси соҳада бўлмасин, ўзимиз учун эмас, Ватан учун меҳнат қилаётганимизни ҳис қилайлик. Мансабдор одам пора олса, нафақат ўзининг мансабини суистеъмол қилади, балки зиммасидаги Ватанининг ҳақларини суистеъмол қиляпти. Ўқитувчи дарсга кирмаса, болалар ўйнаб юрса, у ўзининг вазифасига эмас, Ватаннинг келажагига хиёнат қиляпти.

Таъкидлаш жоизки, Ватан севгисининг масдари бизнинг эътиқодимиздадир. Зеро, бу муборак туйғуни қалбимизга Аллоҳ таоло солган. Ватанни севишни, ота-онани яхши кўришни бизга Роббимиз ўргатган. Шундай экан, бу туйғулар Роббимизга, У Зотнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севгимиздан ортиқ бўлмайди, балки ана шу севгидан келиб чиқади.

Бир гўзал намунага эътибор берайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо у зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борганлар. Кексайиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган бу инсон Тавротдан, Инжилдан хабардор зот эди, охирзамон пайғамбарининг аломатларини биладиган, у зотнинг келишини кутиб юрган зийрак, заковатли зот эди. Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломни гапларини эшитиб, «Қавмингиз сизни ёлғончига чиқаради, сизга азият беради, туғилиб-ўсган юртингиздан чиқариб юборишади», дейди. 

Улуғларимиз ушбу ҳолатни Ватанга муҳаббатнинг ҳақлигига, Ватандан ажралишнинг машаққат эканлигига далил қилиб, шундай дейдилар: «Варақа ибн Навфал сизни ёлғончига чиқаришади деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни индамай эшитиб ўтирдилар, сизга азият беришади деганида эшитиб ўтирдилар. Аммо «Сизни юртингиздан қувиб чиқарадилар» деганида у зот тўлқинланиб кетиб, «Ҳали қавмим мени шаҳримдан қувиб чиқарадими?» деб сўраганлар. Мана шу у зотнинг Ватанларига бўлган муҳаббатларининг белгиси эди.

Варақа ибн Навфал айтган кун келиб, маккаликларнинг тазйиқи ҳаддан ортиб кетгач, ҳижратга изн берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашмасдан туриб, Укоз бозорининг олдига борганларида ортларига ўгирилдилар. Маккага қараб туриб, ўзларининг машҳур гапларини айтганлар: «Эй менга севикли шаҳрим Макка! Агар қавминг мени ҳайдаб чиқармаганда сени ҳаргиз тарк қилмаган бўлардим», деганлар. Мадинага бориб, Аллоҳ таолога: «Роббим, Маккани менга суюкли қилганингдек, Мадинани ҳам суюкли қил» деб дуо қилганлар. Шунингдек, у зот алайҳиссаломнинг яна бир машҳур сўзлари бор – у зот: «Агар ҳижрат бўлмаганда, мен ансорлардан бўлган бўлардим», деганлар. Бунинг маъноси «Макка бўлмаганда, мен маккалик бўлмаганимда, мадиналик бўлардим», деганларидир. У зот Мадинада қолганлар, ансорларни ихтиёр қилганлар, лекин маккаликларни асло унутмаганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини «У Зот сизни қайтиш жойингизга қайтарувчидир», деганда Маккани назарда тутган.

«Ватан соғинчи» рисоласида айтишича, араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан.

Ҳадиси шарифларда бунга ўхшаш мисоллар кўплаб келтирилган. Уларнинг ҳаммаси бизни ана шу Ватан ҳиссини сезишга ундаши керак. Афсуски, бу ҳиссиёт инсонда кўпинча сезилмайди. Қачонки бир неъмат қўлдан кетса, заволга юз тутсагина унинг қадри билинганидек, кўпчиликнинг бошига мусофирчилик тушсагина Ватан ҳисси сезилади, шундагина Ватаннинг қадрига етиб қолинади. Бир вақтлар шўро ҳукумати ўрнатилганда кўпчилик  юртдан қочишга, ҳижрат қилишга мажбур бўлган. Кимдир жонини сақлаш учун, кимдир илмини сақлаш учун, кимдир олтинларини сақлаш учун кетган, хуллас, ҳамма ўзи учун қийматли нарсани кўтариб, қочишга улгурганлар қочган. Лекин баъзилар Ватандан кетмаган, улар шу Ватанни, унинг тақдирини,  келажагини ўйлаб қолишган. Тўғри, кетганлар ҳам аслида Ватанни ўйлаб кетган, аммо қолганларнин аксарияти «Бу ватанни, бу миллатни, ёшлар тарбиясини кимга қолдирамиз? Мен кетсам, сен кетсанг, ҳаммамиз кетсак, бу халқ кимга қолади?» деб ўйлаб, Ватанда қолишган. Қатағон энг кучайган дамларда баъзи мухлис кишилар, фидойи шогирдлар, содиқ муридлар қатағонга учраётган олимларнинг номини олиб, ўзларини қурбон қилганлар. Масалан, «Фалончи қори ўлимга ҳукм қилинибди» деган гап чиқса, «Мен шу кишиман» деб ўзларини қурбон қилганлар бўлган экан. «Ўша олим ўлгандан кўра мен ўлай, олим қолсин, бу миллатни тарбия қилсин, болаларимизга таълим берсин» деб, ўзларини қурбон қилганлар. Мана бу чинакам фидоийлик, ватанпарварлик!

Юртдан кетишга мажбур бўлган азизларимиз ҳам қўшни Афғонистонга ўтгач, Амударёни бўйига тизилиб келиб, Ватан томонга термулиб ўтиришар экан. Аммо ўша кетишга мажбур бўлганлар ҳам Ватаннинг шаънини, мусулмоннинг, ўзбекнинг шаънини юқори тутганлар. Борган жойларида ҳам юксак намуна кўрсатганлар, илмлари билан, мол-мулклари билан ўша юртларнинг салоҳиятини кўтарганлар, лекин исмларини йўқотмаганлар. Шунинг учун ҳозиргача ҳам бутун дунёда ўша ватандошларимизни, уларнинг авлодларини ҳурмат билан бухорийлар, термизийлар, самарқандийлар деб танишади, иззат-икром кўрсатишади.

Алҳамдулиллаҳ, истиқлол шарофати туфайли халқимиз озод бўлди, Ватан озод бўлди. Фарзандларимиз, юртимизнинг шавкатли ўғил-қизлари яна Ватаннинг шаънини, юртимизнинг байроғини баланд кўтармоқдалар, илм-фандами, спортдами, бошқа соҳалардами, халқаро миқёсда юртимизнинг довруғини бутун дунёга таратмоқдалар.

Юртимиздан чиққан бир олим илмий мусобақада ғолиб келганини, юртимиздан чиққан бир қори Қуръон мусобақасида соврин олганини, бир спортчимиз биринчи ўринни олганини эшитганда, ҳакамнинг оғзидан Ўзбекистон деган номни эшитганда, Ватан байроғи баланд кўтарилганда кўзимизга келган қувонч ёшлари, қалбимизга тўлган ифтихор туйғуси – Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссидир.

Аммо билиб қўяйликки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга ана шундай озод, обод Ватан насиб этибдими, буни буюк бир неъмат ўлароқ қабул қилишимиз керак, унга шукр қилишимиз керак, унга содиқ бўлишимиз керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкига хиёнат қилмасликдир. Афсуски, баъзи кимсаларда шундай тушунча бор эканки, бир одамнинг мулкини ўғирлашни ўғрилик деб билар экану, аммо давлатнинг мулкини ўғирлашни ўғрилик деб ҳисобламас экан. Ваҳоланки, бир кишининг молини ноҳақ олган одам айбини тушунса, тавба қилса, бориб ўша молнинг эгасини, ўзи бўлмаса меросхўрларини топиб, молини қайтариб бериб, розилик сўраши мумкиндир, аммо халқ мулкини, Ватан мулкини ўғирлаган одам бориб 30 миллион аҳолининг ҳар биридан розилик сўрай олармикин? Бундай кимсалар Ватаннинг мол-мулкини, иқтисодиётини емирадиган ўзимиздан чиққан ички душманлардир. Ҳар бир ишда, ҳар бир соҳада ҳалол бўлиш, холис бўлиш Ватанни ана шундай ички душманлардан ҳимоя қилиш бўлади.

Ватанни ташқи душмандан ҳимоя қилиш эса ватанпарварликнинг энг олий намунасидир, ҳақиқий йигитлик бурчи, эркаклик шарафидир. Аллоҳ таоло фарзандларни парвариш қилиш, едириб-ичириш, рўзғорга қараш вазифасини аёллар зиммасига юклаган бўлса, оиланинг таъминотини, тинчлигини таъминлашни, уйни, Ватанни ҳимоя қилишни, ўзи учун энг азиз бўлган қадриятларни муҳофаза қилишни эркаклар зиммасига юклаган.

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Тафсири Ҳилол»да келтирилганидек, Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кун муробата қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир», – деганлар, бошқа бир ҳадисда эса у зот: «Икки кўзга (дўзахда) олов тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга», – деганлар.

Шундай экан, Ватан ҳимояси, юрт сарҳадларининг муҳофазаси динимизда улкан ибодат даражасига кўтарилган, бу оғир, хавфли, аммо шарафли вазифада, бу буюк хизматда турганларга улкан ажру мукофотлар ваъда қилинган. Демак, ёшларимизни ватанпарвар қилиб тарбиялашда бу ишнинг мақоми нақадар улуғлигини, уни адо этиш катта шараф эканини уларга сингдиришимиз, бу хизматда юрганларнинг ҳаққига дуолар  қилишимиз лозим экан.

Фурсатдан фойдаланиб, эл-юрт тинчлиги йўлида, Ватан ҳимоясида турган барча азизларимизга Аллоҳ таолодан куч-қувват, сабр-матонат тилаймиз, оилаларига бахту саодат, фарзандларига салоҳият тилаймиз. Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан асрасин ва бунинг учун чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!

Мусохон Аббасиддинов,
Наманган шаҳар Бош имом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   40398   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ