Инсон учун киндик қони тўкилган ер қадрли бўлади, қаерда бўлмасин унга талпинаверади. Ватанни севиш, уни ардоқлаш инсон табиатидаги нозик, теран туйғу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётиб, туғилиб ўсган Ватани – Макка шаҳрига юзланиб: “Қандай яхши юртсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармагинда, сендан бошқа юртда яшамас эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.
1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. Бугун ушбу тарихий воқеага 30 йил тўлди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Жорий йил ана шу шонли сананинг 29 йиллигини нишонлаяпмиз.
Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаларимиз қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.
Имом Абул-Ҳасан аш-Шозалий қуддиса сирруҳу дедилар:
“Агар банданинг кўнглида бу ва у дунёдаги бирор нарсага нисбатан мойиллик бўладиган бўлса, у Аллоҳга қурбият ҳосил қилолмайди, яъни яқинлашолмайди. Аллоҳга яқинлик (қурбият) фақат самимий-ҳақиқий ибодат билан қўлга киритилади. Банданинг кўнглида бу дунё ёхуд дунёдаги мавжуд нарсалардан бирор нимагадир нисбатан меҳри ва мойиллиги қолган бўлса, у ўша билан билан овора бўлиб қолади, унинг даражаси бундан юқорига кўтарилмайди” .
Шунингдек, Абул Ҳасан Али ибн ал-Мазиндан нақл этадилар: “Агар сиз бир одамни жуда мақтасангиз ва ҳатто номига “сиддиқ” сифатини изофа этсангиз ҳам, бу банданинг кўнглида дунёга озгина муҳаббат қолган бўлса, Аллоҳ ўша қулга эътибор назари билан қарамайди. Аллоҳга қасамки, Аллоҳни таниш (маърифатуллоҳ) йўлида қайсидир тариқат аҳлининг кўнглида дунё бойлигининг қайси бир хилига эришганлиги учун қаноат ва мамнунлик туйғуси ҳосил бўлган бўлса, шубҳасиз, ҳалок бўлгани ўшадир” .
Имом аш-Шозалий қуддиса сирруҳу дедилар:
“Дунёга муҳаббат қўйган ҳолда Аллоҳга ибодат қилиш фақат оворагарчилик, кўнгил безовталиги ва тан чарчоғи холос, у ҳолдаги қилинган ибодат гўёки руҳи йўқ танга ўхшайди. Зоҳидлик ва тарки дунёчиликнинг чин моҳияти қайсидир бирор хилдаги дунёвий манфаатларни қўлга киритиш ё киритмасликда эмас, балки дунёга муҳаббат қўйиш ё қўймаслик хусусидадир. Шунинг учун Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни савдо-сотиқ ёхуд касбу ҳунар билан машғул бўлишдан маън этмадилар”.
"Ахлоқус солиҳийн" (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.