? Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан халқимизнинг илму маърифатини ошириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мақсадида, “Маданият ва маърифат” телеканалида ✅ “Маърифий суҳбатлар” номли янги туркум кўрсатувлар ҳар пайшанба куни намойиш этилади.
? Ушбу янги телелойиҳада таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар ва моҳир мударрислар Ислом динининг маърифий таълимотлари, бугунги кундаги долзарб масалалар ҳамда ижтимоий муаммолар борасида сўз юритадилар. Шунингдек, томошабинлардан келган дин ва ҳаётга оид саволларга жавоблар берилади.
✅ Ушбу теледастурнинг илк сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати уламолари “Фатво беришнинг масъулияти” борасида баҳс қиладилар ва айни кунларда муҳим бўлиб турган шаръий саволларга жавоб берадилар.
❗️Шу йил 13 январь, пайшанба куни соат 21:00 дан бошлаб, “Маърифий суҳбатлар” номли кўрсатувнинг илк сонини томоша қилишни тавсия этамиз.
? Аллоҳ таоло ушбу янги телелойиҳани барчамизга муборак қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати