Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Юрт ҳимояси – муқаддас бурч

13.01.2022   2546   9 min.
Юрт ҳимояси – муқаддас бурч

Пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссалом тилларидан қуйидаги дуони келтиради:

Эсла, вақтики, Иброҳим: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», – деди. (У Зот:) «Ким куфр келтирса, озгина баҳраманд этаман, сўнгра олов азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон борар жой!» – деди. Бақара 126. 

Ушбу оятда иккинчи марта – энди Иброҳим алайҳиссалом тилларидан Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлишининг хабари келмоқда. Аммо одобли, сермулоҳаза пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аввалги дарсдан сабоқ олиб, Аллоҳнинг мукофотини бу гал ҳаммага эмас, балки мўминларгагина сўрамоқдалар.

«Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», – демоқдалар. (Бақара сураси 126-оят).

         Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадина мунавварага борганларида унинг ҳаққига қуйидагича дуо қилдилар:

"اللَّهُمَّ حَبِّبْ إلَيْنَا المَدِينَةَ كَحُبِّنَا مَكَّةَ أوْ أشَدَّ، اللَّهُمَّ بَارِكْ لَنَا في صَاعِنَا وفي مُدِّنَا..."

(رواه الإمامُ البخاري والإمام مسلم عن عائشة رضي الله عنها)

Яъни: “ЭйАллоҳ! Мадинанибизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига баракот бергин!” (ИмомБухорийваИмом Муслим ривояти).

Манапайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро бу иккинеъмат – Ватан фаровонлиги омилларидандир! У иккиси ёки бири топилмаса, бахт саодат йўқолади...

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, инсон ўз ватани ҳаққига доимо дуода бўлиши лозим. Сабаби, бу ерда унинг аҳли оиласи, яқинлари(қариндошлари), дўстлари ҳаёт кечиради. Қолаверса, дуо қилишлик ҳам ибодат ҳисобланади.Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: “Дуо –ибодатнинг мағзи, лаззатидир” деганлар.

Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик  даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.

Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Демак, мусулмон киши ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсон “Ватанменганимаберди?” дебэмас, балки “мен Ватанимганимақилдим?” деганолийтуйғубиланяшамоғилозим.

Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Бу қумсаш биз умматга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Чунки ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз ватанлари  Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан У Зотга бир қанча зулм, душманчилик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлса-да ватанларини тарк қилиб бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар: 

"مَا أَطْيَبَكِ مِنْ بَلَدٍ، وَأَحَبَّكِ إِلَيَّ! وَلَوْلاَ أَنَّ قَوْمِي أَخْرَجُونِيْ مِنْكِ مَا سَكَنْتُ غَيْرَكِ"

(رواه الإمامُ الترمذي عَنْ عَبْدِ اللهِ بن عباسٍ رضي الله عنهما)

яъни: “(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”  (ИмомТермизийривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларини башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

إِنَّ الَّذِي فَرَضَ عَلَيْكَ الْقُرْآَنَ لَرَادُّكَ إِلَى مَعَادٍ...

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилганзот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...” (Қасоссураси 85-оят).

Шундан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар...

Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:

  1. Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар. Бу ҳақида юқорида ҳам айтиб ўтдик...
  2. Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

Яъни: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси 61-оят).

Демак, инсон ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَفِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ السَّاعَةُ حَتَّى يَغْرِسَهَا، فَلْيَغْرِسْها

  (رواه الإمام البخاري عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ)

Яъни: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин”. 

Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда. Бунга тарихдан мисоллар жуда кўп. Масалан, Мадинаи Мунавварага ёв бостириб келган пайтда саҳобалар юрт, ватан, дину диёнат ҳимояси учун астойдил курашга киришдилар... албатта ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолатда. Хусусан ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳам. Хўш у киши ватан учун нима қилдилар?

Абдураҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотининг лашкарини жангга тайёрлаётганларида Усмон минг динорни енгига солиб келтириб, у зотнинг қўйинларига тўкди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўйинларидагини у ёқ-бу ёққа ағдариб туриб, икки марта “Бугундан сўнг Усмонга нима қилса ҳам зарар қилмайди” деганларини эшитдим”.

Агар ҳазрат Усмоннинг Пайғамбар алайҳиссаломга олиб келиб топширган маблағ миқдорини кўз олдимизга келтирмоқчи бўлсак, ўша пайтнинг динори тўрт граммдан ортиқроқ соф олтин бўлган. Бундан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўйинларига тўрт килодан ортиқ соф олтинни тўкканлари маълум бўлади. Бир минг тўрт юз йил илгари тўрт килограмм соф олтин қанчалик улкан миқдордаги мулк бўлганини тасаввур қилсак, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қилган молиявий саховатнинг аҳамияти янада ойдинлашади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Усмоннинг бу ишига одатдан ташқари юқори баҳо бериб, “Бугундан сўнг Усмонга нима қилса ҳам зарар етмайди”, дедилар. Бу билан “Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу умрининг охиригача етадиган ишни қилиб қўйди, энди у бошқа хайр-эҳсон қилмаса ҳам бўлаверади, ҳатто нима иш қилса ҳам у кишига зарар етмайди” деганлари эди.

   Имом Термизийнинг ривоятида келишича, Абдураҳмон ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу айтадилар:

 “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қийинчилик” лашкарига (Табук ғазотига) тарғиб қилганларида ўша ерда эдим. Ўшанда Усмон ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан”, деди. Сўнгра у зот яна лашкарга тарғиб қилдилар. Шунда Усмон ўрнидан туриб “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида икки юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан”, деди. Сўнгра у зот (яна) лашкарга тарғиб қилдилар. Шунда Усмон ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида уч юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан” деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбардан тушаётиб “Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам зарар бўлмайди. Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам зарар бўлмайди” деганларини эшитдим”.

         3.Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَةَ اللَّهِ قَرِيبٌ مِنَ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш улкан савоб ҳисобланади.

 Зайниддин домла Эшонқулов

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мажлислар омонатдир

06.08.2026   21331   4 min.
Мажлислар омонатдир

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.

 

Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.

 

“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.

 

Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.

 

“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.

 

“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.

 

“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.

 

Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?

 

Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.

 

Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.

 

Манбалар асосида

Т.НИЗОМ тайёрлади.

Мақолалар