Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик-хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир.
Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам, қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Ватан ўзлиги, тупроғи ёки обрўсига қилинган фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туришдир. Ватанни севиш, ватанпарварлик, ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир.
Сир эмас, ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террорчилик, наркобизнес каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда.
Ватан – бу инсон ва унинг авлод-аждодлари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳдир. Ватан – бу аждодлар маскани, эл-юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари чинакамига шаклланиб, ўсиб, камол топиб борадиган заминдир.
Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлоду аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади.
Ватан она каби азиз ва мукаррамдир. Ватан инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр... Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимуслар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди”.
Ватан – бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан – муқаддас қадрият. Тараққиёт Ватандан бошланади. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир.
Инсон учун ватан ягонадир. Ватаннинг катта-кичиги ҳам, бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир.
Ватанни энг олий неъмат сингари бошимиз узра баланд кўтариб, ҳар он ва ҳар сонияда унинг тупроғини кўзларга суртиб, унга таъзим бажо айлашимиз фарзандлик бурчимиздир. Ҳадиси шарифда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган. Яъни имони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшнаши ва яшаши, ҳурлиги учун курашади.
Ватан меҳрини, ватан сеҳрини, унинг мўътабарлигию улуғворлигини сўз билан ифодалаш қийин.
Ҳар бир баркамол инсон ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда Фузулийнинг менинг битта ҳаётим бор, борди-ю, мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим, деган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир.
Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд, диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.
Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди.
Ватанпарварлик – ёлғиз ўз ватанига меҳр қўйишдан иборатгина эмас. Бу жуда катта ҳис... Бу – ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқотиш демакдир.
Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди: «Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот мураси, 13-оят).
Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.
Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли эзгуликлари тугул, жонини ҳам аямайдиган инсондир, халққа ва ватани озодлиги, фаровонлиги учун ўзини қурбон қилувчи инсондир.
Тарихдан маълумки, бирор-бир миллат бошқа бир миллатни хорламоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Буюк аллома Алихон тўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: “Ҳар бир инсонга маълумдурки, дунё ҳаётида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар чин инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Улар озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиш, туғилиб ўсган она-Ватани ва асрлар бўйи эътиқод қилиб келган муқаддас динидир”.
Динимизнинг илоҳий таълимотларида она-Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон фидо қилган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши қайд этилган.
Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она- Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.
Ватан ҳимояси – барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Инсон учун на давлат ва салтанат, на тожу тахт, ҳеч бир нарса Ватанга, эл-юрт меҳрига тенг келолмайди. Ватандан жудолик катта бахтсизликдир. Инсон истаган жойда бир парча нонга қорнини тўйғазиши мумкин. Лекин Ватаннинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Ватанда яшаш ҳақиқий бахтдир.
Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ