Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Ватан ҳимояси – шараф, уни севиш эса фитрийдир

13.01.2022   2532   8 min.
Ватан ҳимояси – шараф, уни севиш эса фитрийдир

 

Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик-хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир.

Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам, қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Ватан ўзлиги, тупроғи ёки обрўсига қилинган фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туришдир. Ватанни севиш, ватанпарварлик, ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир.

Сир эмас, ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террорчилик, наркобизнес каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда.

Ватан – бу инсон ва унинг авлод-аждодлари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳдир. Ватан – бу аждодлар маскани, эл-юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари чинакамига шаклланиб, ўсиб, камол топиб борадиган заминдир.

Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлоду аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади.

Ватан она каби азиз ва мукаррамдир. Ватан инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр... Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимуслар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди”.

Ватан – бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан – муқаддас қадрият. Тараққиёт Ватандан бошланади. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир.

Инсон учун ватан ягонадир. Ватаннинг катта-кичиги ҳам, бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир.

Ватанни энг олий неъмат сингари бошимиз узра баланд кўтариб, ҳар он ва ҳар сонияда унинг тупроғини кўзларга суртиб, унга таъзим бажо айлашимиз фарзандлик бурчимиздир. Ҳадиси шарифда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган. Яъни имони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшнаши ва яшаши, ҳурлиги учун курашади.

Ватан меҳрини, ватан сеҳрини, унинг мўътабарлигию улуғворлигини сўз билан ифодалаш қийин.

Ҳар бир баркамол инсон ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда Фузулийнинг менинг битта ҳаётим бор, борди-ю, мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим, деган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир.

Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд, диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди.

Ватанпарварлик – ёлғиз ўз ватанига меҳр қўйишдан иборатгина эмас. Бу жуда катта ҳис... Бу – ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқотиш демакдир.

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди: «Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот мураси, 13-оят).

Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.

Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли эзгуликлари тугул, жонини ҳам аямайдиган инсондир, халққа ва ватани озодлиги, фаровонлиги учун ўзини қурбон қилувчи инсондир.

Тарихдан маълумки, бирор-бир миллат бошқа бир миллатни хорламоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Буюк аллома Алихон тўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: “Ҳар бир инсонга маълумдурки, дунё ҳаётида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар чин инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Улар озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиш, туғилиб ўсган она-Ватани ва асрлар бўйи эътиқод қилиб келган муқаддас динидир”.

Динимизнинг илоҳий таълимотларида она-Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон фидо қилган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши қайд этилган.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она- Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.

Ватан ҳимояси – барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Инсон учун на давлат ва салтанат, на тожу тахт, ҳеч бир нарса Ватанга, эл-юрт меҳрига тенг келолмайди. Ватандан жудолик  катта бахтсизликдир. Инсон истаган жойда бир парча нонга қорнини тўйғазиши мумкин. Лекин Ватаннинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Ватанда яшаш ҳақиқий бахтдир.

 

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   34454   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари