Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ислом дини инсонларни доимо аҳил-иноқ, тинч-тотув ва ҳамжиҳат бўлиб ҳаёт кечиришга чақиради. Тарихдан маълумки, мана шундай фазилатларга амал қилиб яшаган кишилар доимо бахту саодатга эришган. Аллоҳ таолога шукрки, юртимизда қўлга киритилаётган барча ютуқлар, муваффақиятлар замирида жамиятимиздаги иттифоқлик, ҳукм сураётган тинчлик мужассам, албатта.
Барча замонларда давлатнинг ривожланиши тинч-осойишта ҳаёт кечиришга узвий боғлиқ бўлган. Зеро, энг йирик давлатлар ҳам фитналар сабаб ҳалокатга учраган. Шу сабабли тинчликни сақлаш, огоҳлик ҳамда ҳушёрликни ошириш ҳар бир замон ва маконнинг муҳим талаби бўлган.
Айниқса, ҳозирги мураккаб даврда турли сабаб ва омиллар билан низо чиқаришга ҳаракат қилаётган томонлар кўпайиб бораётган бир паллада осойишталикни таъминлаш учун астойдил қайғуриб яшашни даврнинг ўзи тақозо этаётганини барчамиз яхши англаб турибмиз.
Дин пешволари, таниқли уламолар жамиятда аҳилликни таъминлаш, силлаи раҳм қилиш, ўзаро ёрдам бериш, бир-бирига мурувват кўрсатиш ва ижтимоий иллатлардан сақланишга динимиз манбалари асосида мунтазам панду насиҳатлар қилиб келмоқда.
Ривоятлардан бирида Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Набий алайҳиссаломдан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайдиган бирор нарсани ўргатинг”, деб сўрадим. Шунда Узот: “Аллоҳ таолодан хотиржамликни сўранг”, дедилар. Бир неча кундан кейин яна Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайдиган бирор нарсани ўргатинг”, деб сўрадим. Шунда Ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй амаким, Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда хотиржамликни сўранг”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссалом “Видолашув ҳажи”даги хутбаларида мўмин-мусулмонларга қалбларининг энг тўридаги насиҳатларини қилган эдилар: “Эй одамлар! Парвардигорингиз — бир, отангиз — бир, ҳаммангиз Одам алайҳиссаломдандирсиз! Одам алайҳиссалом эса тупроқдан эдилар. Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир! Арабларнинг ажамлардан афзаллиги йўқ, фақатгина тақвоси билан афзал бўлиши мумкин. Эй одамлар! Етказдимми? Эй Аллоҳим! Ўзинг гувоҳ бўл”.
Демак, бизнинг Парвардигоримиз — бир, пайғамбаримиз — бир, динимиз — бир, ота-онамиз — бир ва мақсадимиз ҳам бир, яъни Аллоҳ таолонинг ризолигига сазовор бўлиб, икки дунё саодатига эришиш экан, ўзаро иттифоқ ва аҳил бўлиб, тинч-тотув ва роҳат-фароғатда яшашимиз шарт.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонлар ўзаро ака-ука ва дўсту биродар экани ҳақида бундай марҳамат қилган: “Албатта, мўминлар биродардирлар”. (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Агар биз ушбу кўрсатмани яхши англаб етсак ва шунга амал қилсак, ўртамизда ҳар хил зиддият, ихтилоф чиқариш, турли кўнгилсиз ҳодисалар ва бир-бирининг молини ноҳақ, турли алдов йўллар билан ейиш бўлмайди.
Таъкидлаш зарурки, инсон доим ҳаётдаги воқеа-ҳодисалардан ибрат олиб яшаши лозим. “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил ”, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Ҳамма халқларнинг мақсади тинчлик ва фаровонликка эришиш. Лекин доим ҳам бу неъмат насиб бўлавермайди. Зеро, мамлакатдаги нотинчлик ҳаммага зарар келтиради, айниқса, оддий халққа зиёни кўп бўлади.
“Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кўтарилади”, дейди доно халқимиз. Ушбу сермаъно мақолнинг нақадар тўғри эканини қўшни Қозоғистондаги фожиали воқеалар ҳам кўрсатиб турибди.
Қўшни ва қардош биродар мамлакатда беқарорлик ва тартибсизликлар минглаб одамларнинг шахсий мулки, жамият ҳисобига барпо этилган давлат мулкини вайрон қилиш, ўғирлаш, энг ёмони, бир-бирларининг қонини тўкиш каби жиноятларга олиб келгани мудҳиш ҳолатдир.
Айниқса, бундай кулфат бутун умр ҳалол меҳнат қилган оддий инсонларнинг бошига оғир синовлар солиши, улар бор бисотидан бир зумда ажраб қолиши, тўс-тўполонларга аралашиб қолган ёшларнинг жароҳат олиши ва қурбон бўлиши халқ учун катта фожиадир. Вайрон қилинган, ўт қўйилган бинолар, мол-мулкларни четдан биров келиб қайтатиклаб бермайди.
Шу ўринда қардош Қозоғистон ҳудудидаги манфур фожиали воқеаларда Ватан осойишталиги ва мамлакат халқининг ҳимояси йўлида қурбон бўлган фидойи фарзандларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг чин мўминлик бурчимиздир.
Қуръони каримда: “…Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин…” (Ҳашр сураси, 10-оят), дея мўмин киши марҳумлар ҳаққига хайрли дуо қилишга буюрилади. Шундай экан, марҳумларнинг аҳли байтига сабр тилаб, ҳақларига дуо қиламиз, жароҳатланганларга комил ва ожил шифолар тилаймиз.
Исломдаги мўътабар қоидага кўра, динимизда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқдир. Шу сабабли динимизда фитналар оқибатида келиб чиққан тартибсизликларга аралашмай, ибодатда бардавом бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган. Жумладан, ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Ҳараж — фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир”. (Имом Муслим ривояти).
Келтириб чиқарилган тартибсизлик ва низолар оқибатида мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан заифлашуви кузатилиши табиий ҳол. Эл-юрт бирдамлиги йўқолиши эса катта талафот. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича огоҳлантирилади: “Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда, сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўнгиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. (Анфол сураси, 46-оят).
Ҳозирги кунда ҳамжиҳатлик ва тинчлик масаласи янада долзарб бўлмоқда. Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикка боғлиқ. Бу неъмат бебаҳо экани тўғрисида ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган.
Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўзизни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур”. (Моида сураси, 16-оят).
Ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар — тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”. (Имом Бухорий ривояти). Бугун бу ҳадис ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, тинчлик-хотиржамлик сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган, оғир кулфатни бошидан кечираётган айрим мамлакатлар халқлари тинчликни, хотиржамликни орзу қилиши шубҳасиз.
Динимизда тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан саналади. Тинчликнинг илоҳий неъмат экани ҳақида пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига имондан кейин тинчлик-омонликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ”. (Имом Термизий ривояти).
Ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган вазифаларни мукаммал ва хотиржам адо этиш учун тинчлик ва осойишталик зарур. Яратган Парвардигор ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шайтоний йўлларга эргашмасликка амр этиб, бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”. (Бақара сураси, 208-оят).
Демак, тинчлик қарор топган юртдагина осудалик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини хотир жам адо этади.
Янги Ўзбекистонда динимиз равнақ топаётгани ва мўмин-мусулмонлар фаровон ҳаёт кечираётгани ҳам тинчлигимиз шарофатидандир. Аллоҳ таоло мўътабар диёримизга ўзининг азиз неъмати — тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Атрофга назар солсак, бизларни ўраб турган сонсиз, саноқсиз неъматлар қуршовида яшаётганимизга амин бўламиз.
Қуръони каримда Раббимиз бундай марҳамат қилади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингизни ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Биз қанча шукр қилсак — шунча оз. Ушбу сурурли дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик неъматининг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Чунки неъматлар шукри билан давомли ва зиёда бўлади. Зеро, ояти каримада: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилинган. (Иброҳим сураси, 8-оят).
Тинчлик ва осойишталик, ўз навбатида, доимий ва қатъий ҳаракатларни талаб этади. Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш, бу — бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим. Шунингдек, тинчликни сақлашга фақатгина маълум соҳа вакиллари эмас, балки бутун жамият масъулдир.
Шу ўринда биз, дин пешволари, уламолар ва имом-хатиблар ўз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, тинчликни таъминлашга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз зарур. Демак, юртдаги тинчлик ва барқарорлик халқимиз фаровонлиги асосидир. Инсон ўзига берилган неъматнинг қадрини мулоҳаза қилиш ва мушоҳада юритиш орқали, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди. Тинчлик ва барқарорлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматлардир.
Бугунги таҳликали замоннинг, узоқ ва яқин ҳудудлардаги нотинчликларнинг ўзи воқеликка ҳушёрлик, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, жаҳонда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ олиб яшашни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, ватандошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг онгу шуурида мураккаб ва таҳликали дунё ҳамда минтақада рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида бирёқлама ва нохолис тасаввурлар шаклланишига йўл қўймаслик зарур.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, динимизнинг аҳилликка, иттифоқликка ва тинчликка бўлган эътибори жуда катта бўлиб, шукрона, ҳушёрлик ва огоҳлик буларнинг негизидир. Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг барқарорлигини таъминлаш, ёшларимизни фитна тўрларидан сақлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон, олижаноб халқимизни доимо Ўзининг паноҳида сақласин.
Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 13 январь, 8(530) сон
Германиянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам қатор маърифий учрашувлар ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида муборак ватандошларимиз учун ифторлик ташкил этилди. Унга Германияда яшаб, меҳнат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган юртдошларимиз таклиф этилди.
Мазкур тадбирда Фарғона шаҳридаги “Хўжамбердибой” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин домла Турсунзода иштирокчилар билан “Ватанга муҳаббат – энг муқаддас туйғу” мавзусида маърифий суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш, чет элда яшаб фаолият олиб бораётган ватандошларимиз ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Виржиния, Нью-Йорк, Бальтимор шаҳарларида ватандошлар, жамоат фаоллари ва турли соҳалар вакиллари иштирокида ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги уламоларимиз Рамазон ойининг фазилатлари, миллий ўзликни сақлаш, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маърузалар қилишмоқда.
Шунингдек, имом-хатибларимиз у ерларда таровеҳ намозларини ўқиб бериб, ватандошларимизни хушнуд этмоқда. Улар дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитида, бир дастурхон атрофида жам бўлиб, Рамазон ойининг маънавий қадриятлари – бағрикенглик, саховат ва бирликни яна бир бор ҳис қилишмоқда.
Екатеринбург шаҳрида ҳам ватандошлар учун ифторлик уюштирилди.
Унда Тошкент шаҳридаги “Баланд” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Эргашев Ислом динининг маънавий ва инсонпарварлик қадриятлари ҳақида маъруза қилиб берди.
Учрашув давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган диний ва дунёвий мазмундаги саволларга жавоб олишди.
Меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва муқаддас қадамжоларини очиб берувчи видеороликлар, миллий анъаналар, маданий мерос ва ислом динининг жамият ҳаётидаги ўрнини акс эттирувчи тарқатма материаллар намойиш қилинди.
Дунёнинг 50 та шаҳрида ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар ватандошларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш, юрт билан боғлиқлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда миллий ва диний қадриятларимизни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати