Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бомдод намозини ўқидилар, сўнг «Фалончи келдими?» дедилар. «Йўқ», дейишди. У зот: «Фалончи келдими?» дедилар. «Йўқ», дейишди. У зот шундай дедилар: «Мунофиққа намозларнинг энг оғири мана шу икки намоздир (бомдод ва хуфтон). Агар бу иккиси учун нималар берилиши билганингларда тиззада эмаклаб бўлса ҳам уларни ўқишга келардинглар. Аввалги саф фаришталар сафи кабидир, агар унинг фазлини билганингизда унинг учун мусобақалашган бўлар эдингиз. Бир кишининг бошқа бир киши билан ўқиган намози ёлғиз ўзи ўқиган намозидан афзалдир, икки киши билан ўқиган намози бир киши билан ўқиган намозидан афзалдир. (Жамоат) қанчалик кўп бўлса, Аллоҳ азза ва жаллага шунчалик маҳбубдир».
Абу Довуд ривояти.
Дарҳақиқат, бомдод намози бир қанча фойдалари билан бошқа намозлардан ажралиб туради. Кимки мазкур фойдалардан биттасини билса, ўша фойдани қўлга киритиш учун унинг ҳимматини уйғотишга, уйқу ва дангасаликни енгишга, иссиқ кўрпани тарк қилишига ва масжид сари ҳансираб етиб боришига ўша биргина фойда ҳам кифоя қилишини англаб етади. Мазкур фойдалар қуйидагилардир:
1. Аллоҳнинг зиммасига кириш.
Жундуб ибн Абдуллоҳ ибн Суфён ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг зиммасида (ҳимоясида) бўлади. Аллоҳ сизлардан ҳаргиз Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилмайди. Чунки, У Зот кимдан Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилса, топади. Кейин уни юзтубан қилиб жаҳаннам оловига улоқтиради”.
Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.
Бу ҳадиснинг маъноси қуйидагича: ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади. Унга ҳеч ким ёмонлик қила олмайди. Ким Аллоҳга берган аҳдини бузса, У Зот ундан ўша аҳдни талаб қилади.
2. Қиёмул лайлнинг ажри.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан ўтказган бўлади. Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, кечанинг ҳаммасини ибодат билан бедор ўтказган бўлади”.
Имом Муслим ривоят қилган.
3. Нифоқдан озод бўлиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Батаҳқиқ, намозга амр қилиб, у қоим қилинганда бир кишини одамларга намоз ўқиб беришини буюриб, сўнгра ўзим ўтин кўтарган одамлар билан намозга ҳозир бўлмаган одамларнинг олдига бориб, устларидан уйларига ўт қўйиб юборишни қасд қилдим”, деганлар. Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.
4. Қиёмат кунидаги тўлиқ нур.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидларга зулматларда юриб борувчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер”, дедилар.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
5. Фаришталарнинг бомдодга келганлар олдига ҳозир бўлишлари ва уларга Аллоҳ ҳузурида мақтов айтишлари.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод намозида ва аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам: “Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?” деб сўрайди. Улар: “Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар”, дейишади”, дедилар.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаий ривоят қилишган.
6. Бир ҳаж ва умранинг ажри.
Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, дейилган.
Имом Термизий ривоят қилган.
7. Дунё бойликлари тенг кела олмайдиган бойлик.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўшинни Нажд томонга юбордилар. Улар кўплаб ўлжалар билан тезда қайтиб келдилар. Қўшин билан бирга бормаганлардан бири: “Биз булардан кўра тезроқ қайтган ва афзалроқ ўлжа тўплаган қўшинни ҳеч кўрмадик” деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Сизларга энг афзал ғанимат тўплаган ва энг тез қайтган қавмнинг хабарини берайми? Улар бомдод намозига ҳозир бўлиб, кейин то қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирган қавмдир. Ана ўшалар энг тез қайтган ва энг афзал ғанимат тўплаганлардир” дедилар”.
Имом Термизий ривоят қилган ва “Бу заиф ҳадис” деган.
8. Бомдод суннатининг фазлига эришиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар”.
Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган.
9. Дўзахдан нажот ва жаннатга киришга башорат.
Умора ибн Рувайба розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқиган киши ҳаргиз дўзахга кирмайди” деяётганларини эшитдим”.
Имом Муслим ривоят қилган. Ҳадисдаги намоз бомдод ва аср намозларидир.
10. Қиёмат куни Аллоҳни кўриш бахтига эришиш (Бу фойдаларнинг энг каттасидир).
Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт у зот тўлин ой кечаси бўлгани учун ойга назар солдилар ва: “Сизлар худди мана шу ойни кўрганингиздек Роббингизни кўрасизлар. Уни кўришда уюшиб, қисилиб қолмайсизлар. Агар қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқишни кўпайтира олсаларингиз, шундай қилинглар” дедилар”.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.
Бомдод намозига ўз вақтида туришга ёрдам берадиган ишлардан бири хуфтондан кейин кўп ўтирмай уйқуга ётишдир. Эрта ётиш кишини тетик бўлиб уйғонишига ва масжидга бора олишига ёрдам беради.
Манба: arabic.uz
Хуршид Маъруф тайёрлади
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати