Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бир сафарга чиқдилар. Кечаси бир кишининг маконига етиб бордилар. У ўзининг ҳовузининг олдида ўтирган эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унга дедилар:
- Ҳой ҳовузнинг эгаси! Кечаси ҳовузингдан йиртқичлар ичганми?
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовузнинг эгасига дедилар:
- Эй ҳовузнинг эгаси! Бунга ҳеч нарса айтма. Бу зўраки инсон. Қорнида олиб кетгани ҳайвонникидир, қолгани бизга ичимлик ва тозаловчидир!
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларига бу дарсни яхши сингдириб олдилар.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳннинг «Муватто»ларида келади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир жамоа билан сафарга чиқдилар. Улар орасида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Улар бир ҳовузнинг олдига келишди. Шунда Амр ибн Ос розиёллоҳу анҳу ҳовуз эгасига:
- Ҳой ҳовузнинг эгаси! Ҳовузингдан йиртқичлар ичадими?
Шунда Умар розияллоҳу анҳу ҳовуз эгасига дедилар:
- Унга ҳеч нарса айтма. Йиртқичлар ичган жойдан биз ичамиз, биз ичган жойдан улар ичади!
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг ҳадис тўпламларида келади:
«Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Биз такаллуфдан қайтарилганмиз!».
Имом Табароний, Ҳоким ва Байҳақийларнинг ҳадис тўпламларида Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни меҳмонга такаллуф қилишдан қайтардилар».
Бу буюк дин бизни қийналмасдан оддий ҳаёт кечиришимизни истайди. Энг яхши нарсаларни қидириб ўзимизни қийнашимизни хоҳламайди. Бошқаларнинг вазифасини бажариш учун бир уюм қарзни гарданимизга юклаб олишимизни, одамларга ҳашаматли кўриниш учун зўрма-зўраки қиммат нарсаларни сотиб олишимизни истамайди.
Биз шариатда фойда бермайдиган илм изламаймиз. Зарар бермайдиган жоҳилликни қидирмаймиз. Бу ҳам такаллуфдир.
Имом Шаъбий роҳимаҳуллоҳдан бир киши сўради:
- Иблиснинг хотинини исми нима бўлган?
Шаъбий жавоб берди:
- Уларнинг никоҳида гувоҳ бўлмаган эдим!
Иброҳим алайҳис салом сўйган ва тўртта тоғнинг устига қўйган қушларнинг навини билишга интилиш, асҳоби каҳфнинг итининг рангини суриштириш, Қобил ва Ҳобилнинг қайси тилда гаплашганини суриштириш кабилар такаллуфдир!
Ақлий фаолиятимизни ўзгартиришимиз лозим. Такаллуфни тарк қилишимиз керак. Ана шунда ҳаёт енгиллашади!
Абдулқодир Полвонов
Ислом динида мусулмонларни ор-номусини ерга уриш (топташ), уларни камситиш, ҳақорат қилиш ва хўрлаш тақиқланганлиги билан бир қаторда мусулмон бўлмаганларни ҳам ҳақоратлаш ва уларга ҳурматсизлик қилиш тақиқланади.
Мусулмон бўлмаган бошқа бир номусулмонни ҳақоратлаши, унга туҳмат, бўҳтон қилиши ёки ёлғон сўзлаши мумкин. Бироқ Ислом дини ўз эътиқодидагиларни мусулмон бўлмаганларни, ҳатто уларнинг оиласи ва насли, авлодини ҳам ҳақоратлашдан қайтаради.
Ривоят қилинишича, Миср волийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўғли бир мусулмон бўлмаган фуқарони ноҳақ жазолайди. Шунда бу адолатсизлик Ҳалифа Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳуга етиб боради ва Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлмаганни волийнинг ўғли қандай жазолаган бўлса, уни ҳам ҳудди шундай жазолашга буюради ҳамда “Қачондан бери сиз онасидан озод ҳолда дунё келган инсонларни ўзларингизнинг қулингиз қилиб олдингиз?” деб айтади[1].
Қўли ва тили билан мусулмонларга озор бериш ҳамда уларни ҳақоратлаш қай даражада тақиқланган бўлса, бу жиноятларни мусулмон бўлмаганларга нисбатан содир этиш ҳам тақиқланади. Бу ҳақда “Дурр ал-мухтор”да қуйидагилар баён этилади: “Мусулмон бўлмаганларга нисбатан зиён етказишнинг барча турлари тақиқланган ҳамда мусулмонни ғийбат қилиш тақиқлангани сингари мусулмон бўлмаганларни ҳам ғийбат қилиш тақиқланади[2].
Моликий мазҳабининг атоқли фақиҳларидан Имом Шиҳобиддин ал-Қарофий ўзининг “Ал-Фуруқ” номли асарида қуйидагиларни келтириб ўтади:
“Мусулмон бўлмаганларни мусулмонлар билан битимни имзолашлари (келишувга келишлари) улар учун бир қатор ҳақ-хуқуқларининг мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Жумладан:
улар бизнинг зиммамизда ҳисобланишади,
улар бизнинг ҳимоямиз ва ғамҳўрлигимиз остида бўладилар,
улар биз каби ҳаёт кечирадилар, шунингдек улар Аллоҳнинг, Унинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда Ислом динининг ҳимоясида бўладилар.
Бас, ким энди шу чегарани бузса ва мусулмон бўлмаганларга тили ёки қўли билан озор берса Аллоҳнинг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва Ислом динининг кафиллигига бепарволик қилган бўлади”[3].
Ибн Обидин ал-Шомий эса мусулмон бўлмаганларнинг қуйидаги ҳақ-ҳуқуқларини келтиради:
“Мусулмон бўлмаганларни мусулмонлар билан келишувга келишлари натижасида улар мусулмонлар эга бўлган ҳақ-ҳуқуқларнинг барчасига мусулмонлар каби тенг эга бўладилар. Ҳатто агар мусулмонни ғийбат қилиш тақиқланган бўлса номусулмонни ҳам ғийбат қилиш тақиқланади. Бироқ уламолар: “Мусулмон бўлмаганларга жабр-зулм қилиш янада улкан гуноҳлардан ҳисобланади[4]”.
Имом Косоний ўзининг “Бадоиус-санои” номли асарида мусулмон ва мусулмон бўлмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тенг экани тўғрисида қуйидагиларни айтиб ўтади:
“Мусулмон бўлмаганлар ҳудди мусулмонлар каби бирдек ҳақ-ҳуқуқларга ҳамда бурч ва маъсулиятларга эгадирлар”[5].
Дарҳақиқат, юқоридаги фақиҳ уламоларнинг фикрлари мусулмонларни мусулмон бўлмаганларнинг қадр-қимматини юксак даражада муҳофаза этишларининг ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишларининг яққол исботидир.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимо мусулмон бўлмаган аҳолига нисбатан яҳши муомалада бўлишга буюрганлар ва бу борада ҳам бизга ўзлари намуна бўлганлар.
Шу сабабдан, мусулмон бўлмаган фуқароларни жабр-зулмлардан, турли ёмонликлардан муҳофаза этишни кафиллигини олиш – Ислом давлатининг вазифаларидан ҳисобланади.
Агар давлат ўзининг мусулмон бўлмаган фуқароларининг ҳавфсизлигини, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўғри таъминлай олмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жабр чеккан, зулм кўрган одамларнинг ҳимоячиси мен бўламан ва қиёмат кунида уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ўзларига қайтариб олиб бераман” деганлар.
Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Огоҳ бўлинг! Кимда-ким мусулмон бўлмаган аҳолига зулм қилса, унинг ҳақ-ҳуқуқларини камситса, тоқати етмайдиган бирор ишга мажбур қилса ёки унинг руҳсатисиз бирор нарсасини олса жонлар қайта тириладиган кун (қиёмат)да мен унинг ҳимоясида бўламан”[6].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу каби айтган сўзлари мусулмонларни доимо мусулмон бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишларида жавобгарликни, маъсулиятни англаб етишларига ҳизмат қилади.
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] Ал-Ҳиндий, Канз ал-уммал, 2:455.
[2] Ал-Ҳаскафий, ал-Дурр ал-мухтар, 2:223; Ибн Обидин ал-Шомий, Радд ал-муҳтар.
[3] Ал-Қарофий, ал-Фуруқ, 3:14
[4] Ибн Обидин ал-Шомий, Радд ал-муҳтар, 3:273, 274.
[5] Ал-Косоний, Бадоиус-санои, 7:111.
[6] Абу Довуд, ал-Сунан: Китаб ал-ҳараж ва ал-имара ва ал-фай, 3:170 §3052, Байҳақий, ал-Сунан ал-кубра, 9:205 §18511, Мунзирий, ал-Тарғиб ва ал-тарҳиб, 4:7 §4558, Ал-Ажлуний, Кашф ал-ҳафа, 2:342.