Одамлар орасида фаришталар ҳақида турли фикрлар, гап-сўзлар юради. Бунинг сабаби эса улар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслигидир.
Яқинда мен ўқиган китоб (мусанниф Ҳабибуллоҳ Садриддин қори ўғли) ана шундай асоссиз фикр
ва қарашлардан йироқ бўлиш, шу билан бирга, фаришталарни яқиндан танишга ёрдам беради.
Энг асосийси, китобда фаришталар ҳақидаги маълумотлар тушунарли, ихчам тарзда берилган бўлиб, уни ўқиган киши малакут олами вакиллари ҳақида зарур билимга эга бўлади.
Китобда фаришталарга имон келтириш, уларнинг ким эканлиги, номлари ва сифатлари, мақомлари, ибодат қилишлари, амаллари ҳамда вазифалари ҳақида батафсил сўз юритилган.
Шунингдек, фаришталар кирмайдиган хонадонлар, гуноҳкор кишиларга уларнинг муносабатлари ҳам ёритилган.
Фаришталарга имон келтириш имон шартларидан биридир. Хўш, фаришталарга имон келтириш деганда нима тушунилади? Бу ҳақда китобда бундай дейилади: “Фаришталарнинг мавжуд эканликлари, уларнинг мақом-мартабалари, ўзларининг вазифаларига муносиб бўлган халқий (яратилишга оид) ва хулқий сифатлари борлиги, Раббимизнинг розилиги учун доимий ибодатда бўлишлари, Аллоҳ ҳузурида турли даражаларга эга эканликлари каби сифатларига бекаму кўст имон келтириш тушунилади”.
Табиат ҳодисалари ўз-ўзидан бўлаётгандек туюлади. Аммо биз билмаган сир-синоатлар борки, уларни англаганинг сайин Аллоҳнинг қудратига қойил қоласан, киши. Жумладан, китобда фаришталарнинг булутларни ҳайдаши ва ёмғир ёғдириши ҳақидаги қайдлари ҳар биримизни мулоҳазага, тафаккурга чорлайди.
“Албатта, биз доимо гувоҳи бўлиб турган булутларнинг сузиб юриши ва бир жойдан бошқа жойга
кўчиши каби ишларни баъзи инсонлар ўз-ўзидан содир бўлади ёки табиат уларни юрғизиб туради, деб ўйлайди. Ҳолат аслида ундай эмас. Булутларни Аллоҳ азза ва жалла юрғизиб қўйган...”.
Ҳар бир инсон дунёга келар экан, унинг яралишида фаришталарнинг ҳам ўз вазифалари
бор. Бу ҳақда китобда бундайдейилади: «Раҳмга ва ҳомилани тасвирлашга вакил қилинган фаришталар бўлиб, улар ҳомилани инсон суратига келтириш, қулоқ, кўз, тери,
гўшт, суяклар ва жинсини яратиш ҳамда руҳ пуфлаш каби ишларни бажаради.
Абу Зар Ғифорий розий аллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Агар нутфа ташланганида қирқ кеча ўтса, Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборади. Фаришта уни сувратлаб, унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади. Сўнгра: “Эй Раббим, эркакми ёки аёлми?”деб сўрайди. Раббинг эса ўзи хоҳлаганидек ҳукм қилади ва фаришталар уни ёзиб қўяди”, деганларини эшитганман”, дедилар» (Имом Муслим ри вояти).
“Фаришталар” китобини ўқир экансиз, қизиқарли манбаларни кўплаб учратасиз. Бу эса сизга асарни бир нафасда ўқиб чиқишга замин яратади.
Бобур ЙЎЛЧИ ўғли
журналист
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати