Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ташкилотга аъзо давлатларни инсонпарварлик ёрдами жамғармасига бериладиган молиявий кўмакни оширишга чақирди.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ислом бирдамлик жамғармаси бутун дунё мусулмонларига ёрдам кўрсатгани, аммо қочқин ва табиий офат қурбонларига ёрдам бериш каби соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштириш учун кўпроқ маблағ кераклигини маълум қилди.
Ташкилот раҳбари бу ҳақда шу ҳафтанинг душанба куни бўлиб ўтган Ислом жамғармаси доимий кенгашининг 65-йиғилишидаги нутқи чоғида айтиб ўтди. У жамғармани энг муҳим исломий хайрия ташкилотларидан бири деб атади ва ИҲТга аъзо давлатларнинг ихтиёрий хайрияларини кўпайтириш орқали унинг қамровини кенгайтиришга ҳаракат қилишга чақирди.
ИҲТ раҳбари Ҳусайн Тоҳа Ислом жамғармаси бошқарувини Қуддусдаги қўллаб-қувватлаш лойиҳалари ва Фаластиндаги соғлиқни сақлаш ва таълим дастурларини давом эттиришга чақирди.
Ислом бирдамлик жамғармаси ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мусулмон мамлакатлар, табиий офат ва инқирозлардан жабр кўрган одамларга шошилинч инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш орқали мусулмон жамиятларини рағбатлантиришни мақсад қилган.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати