Инсоннинг қалби темирга ўхшайди, сув теккан темир занглаганидек, қалб ҳам занглаб туради. Шу сабабли инсон доимо қалбига эътибор бериши ва унинг зангини кетказиб туриши лозим.
Инсоннинг қалбидаги зангни икки нарса кетказади. Бу икки нарсанинг бири ўлимни эслаш бўлса, иккинчиси эса Қуръони каримни ўқишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу қалблар ҳам худди темир сув текканда занглагани каби занглайди”, дедилар. Шунда: “Ё Аллоҳнинг Расули, нима қалбни сайқаллайди, зангини кетказади?” дейилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлимни эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таоло қалбларимизни доимо пок ҳолда бўлишини барчамизга насиб айласин!
Р. АКБАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Исмлари Зурора ибн Авфо Омирий Ҳароший, кунялари Абу Ҳожиб, яшаган жойлари Басра бўлиб, Басра шаҳрининг қозиси бўлганлар. Обид ва ишончли кишилардан эдилар. Ҳижрий 93 йилда Басрада вафот этганлар.
Абу Жаноб Қассоб айтади: “Бир куни Зурора ибн Авфо Қушайр масжидида бизга имомлик қилди.
“Ва қачонки дудга пуфланса” (Муддассир сураси, 8-оят) оятига етганда, жони узилиб, ерга йиқилди. Уни кўтарганлар орасида мен ҳам бор эдим”.
Солиҳ Муррий айтади: “Зурора ибн Авфони вафотларидан кейин тушимда кўрдим. У кишига: “Аллоҳ сизни раҳматига олсин! Сиз ҳақингизда нима дейилди?” дедим. У киши мендан юзларини бурдилар. Кейин мен у кишидан: “Аллоҳ сизни нима қилди?” деб сўрадим. Шунда у киши менга яқин келдилар ва: “Мен билан фазли, жувди, карами ила муомала қилди” деб жавоб бердилар. Мен яна у кишидан: “Сизнинг наздингизда қайси амал афзалроқ ва етукроқ” деб сўрасам, “Ризо ва орзуни қисқа қилиш” деб жавоб бердилар”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан