Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Кечаси София розияллоҳу анҳо онамиз у зотнинг зиёратларига бордилар, бироз гаплашишди, сўнг София онамиз уйларига кетмоқчи бўлдилар. Набий алайҳиссалом кузатгани турдилар.
Шунда ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шошилманг, бу аёлим Софиядир", дедилар.
«Субҳаналлоҳ! Ё Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Яъни сизга ҳеч қачон шубҳа қилмаймиз. Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим", дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан жуда кўплаб сабоқлар олиш мумкин.
Биринчидан, одамларнинг фикрига ёмон ҳаёллар келиб турар экан. Шуни билишимиз керакки, шайтон инсонни ёмон фикрлар билан ғўзғатади. Масалан, кўча-кўйда бир аёлни бир эркак билан кетаётганини кўрсак ёки кимнингдир усти бошини кўриб нотўғри хулоса чиқаришга шошиламиз. Бир жойда бир танишингизни кўриб, дарҳол у ҳақда ёмон гумонга борманг, чунки аслида унинг нияти бутунлай бошқа бўлган бўлиши мумкин. Шуни асло унутмангки, шайтон инсонни ёмон йўлга бошлаш учун доимо васваса қилиб, ёмон фикрларга ундайди.
Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ёмон гумонга тушиб қолишдан қайтарганлар. Шунинг учун, "хотиржам бўлинг, бу менинг аёлим София" деб ҳатто саҳобаларда ёмон фикр туғилмаган бўлса ҳам, уларни турли гумонга бормасликларининг олдини олдилар.
Ҳамиша яхши фикрда бўлиш кишилар ўртасида дўстлик ва ишонч ришталарини мустаҳкамлайди. Ёмон фикр инсонлар орасида кенг тарқалган хавфли касалликдир. Ҳатто баъзан эркак киши шайтоннинг васвасаларига учиб, ўз аёлига ҳам шубҳа билан қараб, жосуслик қилади. Натижада, орада ишонч йўқолади.
Баъзилар ён-атрофидаги барча одамларга шубҳа билан қарайди. Улар нима иш қилишса, ҳаммасини таҳлил қилади. Биз ҳамиша атрофимиздаги барча нарсага яхши гумон билан қарашга одатланишимиз лозим.
Албатта, бундан бефарқ бўлиш керак деган тушунчага бормаслик керак. Бу иккиси ўртасида катта фарқ бор. Масалан, нарса сотиб олиш ва сотишда ёки бошқа муомаларда зийрак бўлиш талаб этилади. Текширмай, суриштирмай кўрганимизга ишониб кетавермаслигимиз лозим. Бундай ҳолатларда ақл-идрок яхши гумондан устун қўйилмайди.
Яхши гумон қилишда ота-боболаримиз гўзал намуна эдилар. Улар бирор мусибатга учрашса ҳамиша "бунда бир яхшилик бор" деб айтишарди. Мисол учун, бирор идиш синиб қолса, автоҳалокат рўй берса, бирор ишлари юришмаса "Инша Аллоҳ бунда бир яхшилик бор" дейишарди. Аммо биз бирор мусибатга учрасак бир зумда тушкунликка тушамиз. Бироқ ўтган улуғларимиз "Бунда яхшилик бор, Аллоҳ мендан бир ёмонликни кетказди. Ҳар бир кечикишда бир яхшилик бор" деб яхши гумонда бўлишарди. Биз ҳам ҳамиша Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишга интилишимиз керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажойиб бир воқеани ривоят қилиб берганлар: “Сизлардан олдингилар ичида 99 та одамни ўлдирган бир кимса бор эди. У ер юзи аҳлининг энг билимдон кишисини суриштирди. Уни бир роҳибга далолат қилишди. У роҳибнинг олдига келди ва ўзининг 99 та жонни ўлдирганини, тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Роҳиб: “Имкон йўқ” деб жавоб берди. Бояги кимса роҳибни ҳам ўлдирди ва саноқни 100 тага етказди. Кейин яна ер юзининг энг илмли кишисини суриштирди. Уни бир олимга далолат қилишди. У бориб, ўзининг 100 та жонни ўлдирганини, энди тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Олим: “Имкон бор. Сен билан тавба орасини ким тўса олади?! Сен фалон ерга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган инсонлар бор. Улар билан бирга ибодат қил. Ўз еринггга қайтма. Чунки у ёмон жой экан” деб жавоб берди. Бояги кимса айтилган томонга жўнади. Ярим йўлга етганда, вафот этди. У одам хусусида раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишдилар. Раҳмат фаришталари: “Бу одам тавба қилган ҳолда қалби билан Аллоҳ таоло сари кетаётган эди” дейишди. Азоб фаришталари: “Бу одам ҳеч яхшилик қилмаган” дейишди. Шунда уларнинг ёнига бир фаришта одам суратида келди. Фаришталар уни бу ишга ҳакам қилдилар. У: “Сизлар унинг яшаган жойи билан бормоқчи бўлган жойини ўлчаб кўринглар. Бу одам қайси тарафга яқинроқ бўлса, ўша тарафга ҳукм қилинади” деди. Фаришталар ўлчаб кўрсалар, у одам бормоқчи бўлган тарафига яқин экан. Дарҳол унинг руҳини раҳмат фаришталари кўтариб олдилар”.
Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишнинг чегараси йўқ, чунки бу Аллоҳ билан мулоқотнинг бир туридир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилган: "Мен бандам мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандайман. У Мени зикр қилган чоғда, Мен у биланман".
Шундай экан, Роббингиз ҳақида яхши гумонда бўлинг. Жаннатнинг энг олийсини сўранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишни сўранг. Албатта, Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўплаб неъматларини беради.
Агар бирор мусибатга учрасангиз буни синов деб билинг, Аллоҳ сизнинг даражангизни кўтаришини умид қилинг. Агар бирор яхшилик етса, буни Аллоҳнинг неъмати деб билинг! Ҳамиша яхши гумон ва ниятда бўлинг. Унутмангки, Аллоҳ таоло сизга асло ёмонликни раво кўрмайди, сизга фақат яхшиликларни хоҳлайди, шунинг учун бир қанча енгилликлар берган.
Даврон НУРМУҲАММАД
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати