Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё неъматдир. Унинг энг яхши неъмати солиҳа аёлдир”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Қуръони каримда: “Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир матоҳ холос. Албатта, охират, ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир” (Ғофир сураси, 39-оят), деб марҳамат қилган.
Дунёдаги мол-дунё, фарзанд, эр, хотин, мансаб каби нарсаларнинг бари вақтинчалик неъматлардир. Улардан бирортаси доимий эмас. Охират диёри эса: “Ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир” (Ғофир сураси, 39-оят). Яъни, инсонлар охират диёрида қарор топишади. У диёр абадийдир. Аммо дунё ўткинчи. Аллоҳ инсонга тақдир қилган миқдорда ундан фойдалана олади. Сўнгра ўтади. Ўз ҳолида қолмайди.
Дунё неъматлари жуда тез ўзгариши боис, инсон улар билан ғурурланмаслиги зарур. Кун келиб киши фойдаланиб турган неъмат унинг қўлидан кетади, худди ундан бир муддат ҳам фойдаланмагандай бўлиб қолади. Шу туфайли дунёдан риҳлат қилишга ҳар он тайёр туриш лозим.
Дунёнинг ҳақиқатини унутмаслик лозим. Қўлга киритилган нарсалар қанчалик кўп бўлмасин, бир кун кетади. Асло давомли бўлмайди. Шу сабабли Аллоҳ таоло нима берса, унинг қадрига етиб, тақво қилиш керак. Уларни Аллоҳ таоло рози бўладиган ерларга ишлатиш лозим. Ояти каримада: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир” (Рум сураси, 54-оят).
Набий алайҳиссалом дунёнинг инсон фойдаланадиган, лаззатланадиган нарсаларининг энг яхшисини айтиб: “Унинг энг яхши неъмати солиҳа аёлдир”, дейдилар. “Энг яхшиси”, яъни энг афзал неъмати – солиҳа аёлдир.
Солиҳа қандай аёл? Уни Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай таърифлаганлар: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Диндорлик – аёл киши сифатланган энг яхши сифатдир. Шунинг учун энг яхши неъмат солиҳа аёлдир.
Саҳобалар Набий алайҳиссаломдан: «Ё Расулуллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир, деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом бундай жавоб берганлар: “Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани, қачон буйруқ берса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани» (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Дунё неъматнинг энг афзали – солиҳа аёл. Шунингдек, дунёнинг энг яхши неъмати, аёлга нисбатан, солиҳ эрдир. Солиҳа аёл қанчалик эрининг ҳақини адо этса, солиҳ эр ҳам аёлининг ҳақига риоя этади. Шу боис Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Йўқса, Ер юзида фитна ва катта фасод бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
“Риёзус солиҳин” асари асосида
Тошкент вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Нигора ИМОМОВА тайёрлади.
manba: Fitrat.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.
Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.
Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.
Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини иймон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) деганлар.
Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.
Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.
Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. "У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 5-оят).
Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”
Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).
Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тенг. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.
Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД