Бугунги серташвиш дунёда қалбларимиз бойлик, мол-дунё тўплаш, баланд-баланд иморатлар қуриш, қиммат машиналар миниш билан машғул бўлиб қолди. Кимдан сўрасангиз, орзуларига ета олмаётганидан, кўнгли хотиржам эмаслигидан, ҳузур-ҳаловат йўқлигидан нолийди.
Аслида, ризқ-рўз ҳам, мол-дунё ва фаровон ҳаёт ҳам имон қувватида, ибодат ва тоатлар, тасбеҳ ва зикрлар бардавомлигидадир. Бежиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)», демаган (Раъд сураси, 28-оят).
Қалбимиз зикр ва тасбеҳлар билан ором олади. Чунки Буюк Раббимиз кўплаб ояти карималарда – Ҳадид, Ҳашр, Саф суралари 1-оятлар – «Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», деб марҳамат қилган бўлса, Жумъа ва Тоғобун сураларининг 1-оятларида «Осмонлардаги ва Ердаги (ҳамма) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», дейилган.
Шунингдек, Исро сураси 44, Нур сураси 36, 41, Ҳашр сураси 24-оятларда ҳам етти осмон, Ер ва улардаги барча мавжудот ва махлуқот Парвардигоримизга тасбеҳ айтиши баён этилган.
Тасбеҳ ва зикр қилишда ҳам улуғларимизнинг тутган йўллари биз учун ибратдир. Буюк саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир кунда 12 минг марта тасбеҳ айтган. У зотнинг оқ ипи бўлиб, бу ипда мингта тугун бўлган. Шу ипни 12 марта айлантириб тасбеҳ санамагунича кўзига уйқу келмаган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба. Шу улуғ саҳоба арқонни тугун қилиб олиб, тасбеҳ санагани учун бидъатчи бўладими? Аллоҳ асрасин! У зотлар Набий алайҳиссаломнинг тарбияларини олган, набавий ахлоқ билан хулқланган эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бидъатчи бўлмаган, шунингдек, кўп зикр қилишлари ва тасбеҳ айтшлари ривоят қилинган улуғ зотлар ҳам асло бидъатчи, залолатга бошловчи эмас. Аксинча улар суннат ва ҳидоят имомларидир (Имом Ибн Абу Шайба, “Муснад”).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен ҳар куни нафсим қарзини узиш учун (Аллоҳ яратганига шукр келтириш учун) 12 минг марта тасбеҳ айтаман” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).
Демак, ҳар дарднинг давоси бор. Қалб хотиржамлигининг давоси зикр қилиш, тасбеҳ айтишдир.
Азиз ўқувчи! Бир синаб кўринг-а: ҳар куни ўзингиз билан тасбеҳ ва зикрларни канда қилмай айтиб юринг. Тез орада қалбингиз хотиржам бўлади, ҳузур-ҳаловат топасиз. Аллоҳ таоло умрингизга, ризқингизга барака киритиб қўяди.
Толибжон НИЗОМ
Бу мавзуда салафларимиздан келган бир қанча таъсирли ривоятлар бор. Қуйида уларнинг айримларини келтираман:
1. Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Мен хушуъни Исроил ибн Юнусдан ўргандим. Биз унинг атрофида эдик, у ўнг томонида ким бор, чап томонида ким борлигини билмасди — охират ҳақида тафаккур қиларди".
2. Юсуф ибн Асбат раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ менга хуфтон намозидан сўнг: "Таҳорат идишини (обдаста) бергин", деди. Унга бердим. У ўнг қўли билан олиб, чап қўлини ўнг қўлининг устига қўйди ва тафаккурга чўмди. Мен ухлаб қолдим, сўнг саҳарда турдим — қарасам, идиш ҳали ҳам қўлида. "Тонг отди", дедим. У эса бундай деди: "Сен идишни берган пайтингдан буён шу ҳолда охират ҳақида тафаккур қилдим".
3. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан ривоят:
У Суҳайл ибн Адийни сукунатда, тафаккурда кўриб:
"Қайси нуқтага етдинг?" деб сўради.
У: "Сирот кўпригидаман", деб жавоб берди.
4. Муҳаммад ибн Васеъ раҳимаҳуллоҳдан ривоят:
Басралик бир киши Абу Зарр вафотидан кейин унинг хотини Умму Заррга бориб, унинг ибодатини сўради. У бундай деди: "Абу Зарр кун бўйи уйнинг бир четида тафаккур қилиб ўтирарди".
5. Умму Дардо (Абу Дардонинг хотини) айтади:
"Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг энг афзал ибодати — тафаккур ва ибрат олиш эди".
6. Сиррий Сақатий раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Ҳар куни бурнимга қарайман — юзим қорайганми, деб. Таниш жойда ўлишни ёқтирмайман — ер мени қабул қилмай қўйса, шарманда бўлишдан қўрқаман".
7. Абу Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ ҳақида:
Бир куни у юриб кетаётган эди, тўхтаб, кўйлагини бошига ташлаб, йиғлашга тушди.
Уни кўриб: "Нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрашди.
У бундай жавоб берди: "Ўтган умримни, кам амалимни, яқинлашган ажалимни тафаккур қилдим".
8. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни йиғлади. Сабабини сўрашди. У бундай деди: "Дунё ва унинг шаҳватлари ҳақида ўйладим. Улар тугамай туриб, аччиқ алам билан алмашади. Агар бунинг ўзида ибрат бўлмаса ҳам, ақлли киши учун унда панд насиҳат бор. Энди ўз ҳолингизга қаранг, аҳли оилангиз, яхши кўрган кишиларингиз билан бугун жам бўлиб турибсиз, эртагачи? Эртага эса, албатта улардан ажралиш бор".
9. Довуд Тоий раҳимаҳуллоҳнинг ҳолати:
У тўлин ой кечаси уйнинг томига чиқди. Осмонга қараб Осмон ва ернинг яратилиши ҳақида тафаккурга чўмди ва йиғлай бошлади. Шунчалик қаттиқ таъсирландики, томдан қўшнисининг ҳовлисига йиқилиб тушганини сезмай қолди. Қўшни уни ўғри деб ўйлаб, қиличига ёпишди. Аммо келиб қараса — Довуд экан. "Қандай қилиб томдан тушиб кетдинг?" - деб сўради. Довуд: "Қандай йиқилганимни сезганим йўқ", деб жавоб берди.
10. Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳақида:
У дўстлари билан ўтирган эди, чироқ ўчиб қолди. Ҳамма ёқни зулмат қоплади. Кейин чироқни ёқишди. Қарасалар, Суфённинг кўзларидан оқаётган ёши юзи ювяпти. Ундан: "Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан?" деб сўрашди.
У: "Шу онда қабр зулматини эсладим…", деб жавоб берди.
Хулоса:
Салафи солиҳлар ҳар бир ҳолатда тафаккур қилганлар — таом еганда, юрганда, ётганда, ҳатто сув идишини ушлаб турган пайтда ҳам охиратни эслаб йиғлардилар. Улар учун тафаккур — ибодатнинг қалби эди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ