Мусулмон оламининг таниқли муҳаддисларидан бири Имом ал-Бухорий 810 йил 21июлда Бухорода таваллуд топган, 870 йилда Самарқанддан 25 км узоқда жойлашган Хартанг қишлоғида (Самарқанд вилоятининг ҳозирги Челак тумани) вафот этган ва ўша ерда дафн этилган. Бироқ бу жой асрлар давомида қаровсиз ҳолатда қолган эди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг мажмуа қайта тикланди. 1997 йилнинг 29 апрелида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг «Имом ал-Бухорий туғилган кунинининг ҳижрий ой тақвими бўйича 1225 йиллигини нишонлаш» тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Шу йилнинг ноябрь ойида ЮНЕСКОнинг бош конференцияси 1998 йилда муҳим сана – олим Исмоил ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллигининг нишонланишида қатнашиш тўғрисида қарор қабул қилади, хабар бермоқда uzbekistan.travel. Шу муносабат билан, Имом ал-Бухорийнинг мақбарасида Ўрта Осиёнонг меъморий анъаналарига кўра бажарилган ёдгорлик мажмуаси барпо этилган эди. Ёдгорлик учун ажратилган ернинг умумий майдони 10 гектарни ташкил этади. Мажмуа Самарқанд-Имом ал Бухорий автотрассасига туташиб кетади (25 км).
Мажмуанинг қурилиши ва ундаги ободонлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бошчилигида амалга оширилган. Мажмуа қурилишида Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Қўқон ва Шаҳрисабзнинг халқ ҳунармандлари ва ишбилармонлари қатнашди. Мақбара, масжид, маъмурий бино ва бошқалар миллий меъморчилик анъаналарида барпо этилган.
Мажмуа маъмурий биноси, жануб томонга қараган. Мажмуага кириш, учта йирик ўйма аркасимон дарвозалари орқали амалга оширилади. Дарвозахона орқали асосий киришда, миллий услубдаги катта айвон қурилган. Кириш дарвозасининг олд қисмида, мажмуанинг қурилиш тарихи матни араб ва ўзбек тилларида ёзилган. Дарвозахонага киришда, ўнг томонда маъмурий ва бошқа хоналар жойлашган. Мажмуанинг асосий қисмида, Имом ал-Бухорийнинг мақбараси жойлашган. Куб шаклидаги бу иншоотга ўн етти метрлик гумбаз ўрнатилган. Деворлар, оч-яшил, ҳаворанг, оқ қопламали плиталар, мармар, оникслар билан безалган. Ўнг томонда оч-ҳаворанг ониксга ишлов бериб ясалган қабр тоши (сағана) остида ал-Бухорийнинг мармар билан қопланган қабри жойлашган. Ички ҳовлининг чап томонида, майдони 786 кв.м. бўлган масжид жойлашган. Айвонларнинг умумий майдони 214 кв. м. Масжидда бир вақтнинг ўзида 1500 киши намоз ўқиши мумкин.
Меҳроб токчасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга Саудия Арабистони қироли Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан совға қилинган кисва-Каъбанинг қопламаси осилган. Ҳовлининг чап қанотида, ёрдамчи хоналари билан зал (миёнсарой) жойлашган. Миёнсарой гумбази, бошқа гумбазлар каби бир хил ўлчам ва ҳажмга эга. Бу бинода, кутубхона, илмий ходимларнинг кабинетлари ва бошқа хоналар жойлашган. Унинг умумий майдони 946 кв.м. ни ташкил этади. Кутубхонада Қуръоннинг ноёб намуналари, илк нашрлар ҳамда Имом ал-Бухорийнинг асарларининг намуналари сақланади.
Имом ал-Бухорий мажмуаси яқинида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2008 йил 23 майдаги қарорига асосан барпо этилган Имом ал-Бухорий Халқаро маркази жойлашган. Имом ал-Бухорий мажмуаси, юртимиздаги охирги вақтларда барпо этилган шу турдаги иншоотларнинг энг катта ва ноёбларидан бири ҳисобланади. Президент Ислом Каримовнинг сўзларига кўра, бу мажмуа фақатгина муқаддас зиёрат жойи бўлиб қолмасдан, балки Ўзбекистондаги юртимиз довруғини дунёга ёювчи ва ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида муҳим роль ўйновчи, ҳар бир кишини ҳаёт ва мангулик тўғрисида ўйлашга мажбур қилувчи жойлардан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати