ИХЛОС – АМАЛЛАР АСОСИ
Муҳтарам жамоат! Ихлос сўзини кундалик ҳаётимизда жуда кўп қўллаймиз. Бугун ана шу атаманинг динимизда нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида сўз юритамиз. Ихлос – қалб амалларидандир. Балки у қалб амалларининг ҳам бошида туради, чунки амаллар фақат ихлос бўлсагина, қабул бўлади. Демак, ихлос – амал ила Аллоҳ таолонинг розилигини ирода қилишдир! Бошқача айтганда амалга киришганда Аллоҳ ва охират учунгина киришиш керак бўлади. Шунинг учун ҳам банда хоҳ ошкора, хоҳ махфий амални қилишда нафсига марғуб бўлган жиҳатларни қўшиб юбормаслиги керак бўлади.
“Ихлос” калимаси луғатда “бирон кишига нисбатан самимий, холис, содиқ бўлиш” деган маънони ифодалайди.
Шариат истилоҳида эса у “Аллоҳ таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади.
Дарҳақиқат, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо қилинади.
Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамлар сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади. Ким уни зое қилса – ҳалокатга юз тутади.
Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши, ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Аллоҳ таоло биздан аввал ўтган қавмларни ҳам ихлосга буюрганини эслатиб, шундай дейди:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
яъни: “Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга ҳамда закотни адо этишга буюрилган эдилар” (Баййина сураси 5-оят).
Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, мана бундай дейди:
وَمَنْ أَحْسَنُ دِينًا مِمَّنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ
яъни: “Муҳсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кишидан ҳам кўра дини гўзалроқ ким бор?” (Нисо сураси 125-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
قالَ اللَّهُ تَبارَكَ وتَعالَى: أنَا أغْنَى الشُّرَكاءِ عَنِ الشِّرْكِ، مَن عَمِلَ عَمَلًا أَشْرَكَ فِيه مَعِي غَيرِي، تَرَكْتُهُ وشِرْكَهُ
яъни: “Аллоҳ таборака ва таоло айтди: “Мен – шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман! Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани ҳам шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қилурман” (Имом Муслим ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда ихлоссиз ўрганилган илмнинг зарари ҳақида бундай дейилган: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар:
مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ لاَ يَتَعَلَّمُهُ إِلاَّ لِيُصِيْبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا،
لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الجَّنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
(رواه الإمام أبو داود)
яъни: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Аллоҳ таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига – гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам – ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг – гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринса-да – гуноҳларини кечиради.
Муҳтарам жамоат! Ихлоснинг энг катта фойдаларидан бири шундан иборатки, агар бирор-бир амал Аллоҳ таоло учун холис, фақат Унинг Ўзигагина қуллик қилган ҳолда бажарилса, Аллоҳ Таоло банданинг катта гуноҳларини ҳам кечиб юборишига сабаб бўлади.
Бир ҳадиси шарифда йўлдан одамларга озор берувчи нарсани холис Аллоҳ учун олиб ташлаган ва шу туфайли гуноҳи кечирилган киши ҳақида баён қилинади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِى بِطَرِيقٍ وَجَدَ غُصْنَ شَوْكٍ فَأَخَذَهُ فَشَكَرَ اللَّهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Бир одам кетаётиб, йўлда ётган тиканли шох-шаббага кўзи тушди-да, уни четга олиб қўйди. Унинг бу хайрли иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳларини мағфират этди” – дея марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).
Худди шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифда чанқоқ итни сувга қондириш ҳақидаги воқеа ҳам мавжуд. Бу воқеа ҳам кўринишидан кичик, лекин ихлос билан қилинган амал сабабли гуноҳкор аёлнинг катта гуноҳлари кечирилганлиги хабар қилинган. Уламоларимиз айтганларидек, бу аёл қалбида ихлос билан, соф имонни сақлаган ҳолда итни сувга қондирди, шунинг учун унинг гуноҳи кечирилди.
Муҳтарам азизлар! Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки амал соҳибининг қалбидаги имон ва ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро амал – суратдир, ихлос эса – унинг руҳидир. Одамзот руҳи билан тирик саналганидек, амал ҳам ихлоси билан мақбулдир.
Бошқача айтганда, ихлос билан қилинган амал – илдизи мустаҳкам дарахтдир, риёли амал эса – илдизи кесиб ташланган дарахт кабидир. Агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади ва агар унинг илдизи қўпориб ташланса, тезда қурийди.
Шунинг учун ҳам ихлоссиз амал қилишдан сақланишимиз зарур! Зеро ихлоссиз қилинган ҳар қандай амал – гарчи у Исломда энг юксак амал ҳисобланган бўлса ҳам – бирон қийматга эга бўлмайди, у учун бирон мукофот берилмайди, аксинча, риё қилгани учун гуноҳкор бўлиб қолади.
Бугунги кунда катта-катта маблағ сарфлаб қилинадиган эҳсонлар, ҳаж ва умра сафарлари, шунчаки, хўжакўрсинга ёки одамлар эшитсин учун, ихлоссиз амал бўлиб қолмаслиги зарур. Лекин гоҳида эътиборимиздан четда қолаётган бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзиш, йўлларни равон этиш, маҳалла ва масжидларни обод қилишга озми-кўпми ҳисса қўшиш каби амаллар ихлос билан адо қилинса, катта савоблар берилиши ва гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади.
Муҳтарам азизлар! Амаллар қабул бўлиши учун ихлос билан бирга унинг суннатга мувофиқ бўлишлиги ҳам талаб қилинади. Бу борада Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтириш мумкин: “Агар амал холис бўлса, аммо тўғри бўлмаса, қабул бўлмайди. Агар амал тўғри бўлса, аммо холис бўлмаса ҳам, қабул бўлмайди. Амалнинг холис бўлиши – Аллоҳ учун бўлишидир, амалнинг тўғри бўлиши – суннатга мувофиқ бўлишидир”, – деб туриб ушбу оятни тиловат қилганлар
فَمَنْ كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا
(سورة الكهف، 110)
яъни: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф сураси 110-оят).
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан қуйидаги насиҳат ривоят қилинган: “Сўз амалсиз наф бермайди, сўз ва амал ниятсиз наф бермайди. Сўз, амал ва ният суннатга мувофиқ бўлсагина, наф беради”.
Демак, ниятим яхши, холис ниятдаман деб шариатга зид ишлар ва гуноҳларни қилиш жоиз бўлмайди.
Умар разияллоҳу анҳу доимо айтардилар: “Аллоҳим! Амалимнинг барчасини солиҳ қил, уни холис Ўзинг учун қилишни насиб этгин!
Амалларда ихлосли бўлиш ўта енгил иш, ҳоҳлаган инсон бунга эриша олади, деб ўйлаш хатодир. Аллоҳ осон қилиб қўймаса, ихлос ўта қийин, инсонларга жуда ҳам машаққатли эканлигини кўплаб буюк зотлар таъкидлаганлар. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий инсон нафси учун энг шиддатли нарса нималиги ҳақида сўралганда: “Ихлос, чунки нафснинг ихлосда ҳеч қандай насибаси йўқ”, – деб жавоб берганлар.
Улуғлардан яна бирлари: “Ниятни холис қилиш амал қилувчилар учун барча амаллардан кўра қийинроқдир”, деган эканлар.
Юсуф ибн Ҳусайн ар Розий айтганлар: “Дунёдаги энг азиз нарса –ихлосдир, қалбимдан риёни туширишга қанчалар тиришдиму, аммо у ҳар гал янги кўринишда қайта ўсиб чиқаётгандай бўларди”, деганлар.
Демак, мусулмон киши доим нафсини тарбиясида ҳушёр бўлиб, ихлосини текшириб туриши, риё ва сумъадан сақланиши – шартдир. Акс ҳолда нафси ҳавоси каттариб-каттариб, уни илоҳлик даъвосигача олиб бориши мумкин. Бунга тарихда мисоллар етарли.
Муҳтарам жамоат! Ҳаммамизга маълумки, совуқ кунлар бошланиб, ҳаво ҳарорати пасайиб бормоқда. Табиийки, аҳоли ўз хонадонларини иситиш чораларини кўра бошлайдилар ва электр иситиш асбоблари, табиий газ тармоқлари ёки ёқилғининг бошқа турларидан фойдаланадилар.
Афсуски, охирги пайтларда юртимизнинг турли гўшаларида мазкур иситиш воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида ёнғин ҳамда табиий газ ва кўмир ҳидидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлмоқда. Ачинарлиси, бундай воқеалар инсонларнинг турли хил тан жароҳати олиши ёки ўлими билан якунланмоқда.
Соҳа мутахассисларининг хабар беришларича Республика бўйича шу йилнинг ўзида қоидаларга амал қилмаслик оқибатида 206 та бахтсиз ходиса содир бўлган. Улар натижасида 139 нафар инсонлар вафот этган ва 314 нафар инсонлар турли даражада куйган ва оғир тан жарохат олган.
Хар бир вафот этган инсонлар хонадонларида қанчалик мусибат, ғам ташвишларни ва куйган ёки жарохатланганларни ахволини тасаввур қилишнинг ўзи жуда оғир.
Мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслиги учун ҳар биримиз иситиш мосламаларимизга яна бир бор эътибор бериб, ундан оқилона фойдаланишимиз зарур. Қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг!
Соха мутахассисларини фикри билан Сизларга оддийгина хавфсизлик қоидаларини эслатиб қўйишни жоиз деб билдик:
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, озгина бепарволик сабабли нафақат ўзимиз, балки бошқаларга ҳам зарар етказишимиз мумкин. Зеро динимиз ўзгаларга зарар бериш эмас, балки яхшилик ва эзгу ишларда кўмакчи бўлишга буюради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исломда зарар кўриш ҳам, зарар бериш ҳам йўқ”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳар бир мусулмон инсон аввало ўзи ва ўз аҳли оиласини, қолаверса, қўни-қўшнилари, ёру дўстларини ҳаётини хавф остига қўйишдан сақланиши лозим.
Аллоҳ таоло хонадонларимизни ва оила-аъзоларимизни турли фожеалардан, офатлардан Ўзи паноҳида асрасин ва барчамизни мухлис бандаларидан қилсин! Амалларимизга риё аралашишидан Ўзи паноҳида асрасин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Оила мустаҳкамлиги – жамият фаровонлиги” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.