Қиш мавсумида кўпчиликни: “Иммунитетни қандай кўтариш мумкин”, деган савол кўп ўйлантиради. Аксарият кишилар шамоллаш, ангина, тамоқ яллиғланиши каби кенг тарқалган касаллардан ҳимояланиш, иммунитетни кучли қилувчи ишончли “мўжизали” дорини сотиб олиш учун дорихоналарда турна қатор навбатда туриш ва катта ҳаражат қилишга ҳам тайёрмиз.
Фамацевтика соҳаси бугун қандай мувоффақиятга эришган бўлмасин, иммунитетни мустаҳкамлайдиган “мўжизали” даво воситасини ҳалигача кашф қилолгани йўқ. Бундан умидсизланишга асло шошманг! Соғликни мустаҳкамлаш учун дорихонага бориш шарт эмас. Бу борада динимизга амал қилиш самаралироқ. Қуйида жисмимизни кучли ва иммунитетни “қаттиқ ёнғоқ”дек мустаҳкам қилишнинг энг яхши усулларини кўриб чиқамиз.
Таҳорат
Ҳар бир мусулмон учун кундалик одат бўлган таҳорат нафақат намознинг, балки соғлиқнинг ҳам калитидир. Олимлар таҳоратнинг инсон юрак қон-томир тизимига жуда фойдали эканини аниқлашган. Айниқса, совуқроқ сувда қилинган таҳорат танани қаттиқлаштиради. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш вирусларни ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман барчаси оддий: таҳорат қилинг – соғлом бўлинг!
Занжабил
Бу жаннат илдизида бактерия ва яллиғланишга қарши, микроблардан ҳимояловчи хусусият мавжуд. Занжабил қиш мавсумида, айниқса, уйимизда бўлиши керак. Ушбу аччиқ илдиз жуда фойдали бўлиб, унда С, В витаминлари ҳамда инсон танасидаги шикастланган ҳужайраларни даволовчи ва янгиловчи ретинол моддаси бор.
Асал
Қуръонда келган яна бир дори – асалдир. Бу маҳсулот иммун тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Эътибор беринг: инсон қони ва асалнинг кимёвий таркиби жуда ўхшаш: Қонимизда 24, табиий асалда 22 микроэлемент мавжуд.
Шамоллаш билан боғлиқ касалликлар олдини олишда табиий асал ва ёнғоқ аралашмаси энг яхши воситадир. Бунда ёнғоқнинг ҳар қандай туридан фойдаланиш мумкин. Асосийси, тайёрланаётган даво воситасига етарлича қўшишдир.
Қора зира
Қора зира кучли табиий иммунитет манбаи бўлиб, танага юмшоқ таъсир қилувчи даво воситасидир. Ўсимликнинг фаол моддаси бўлган тимохинон танани ҳимоя қилиш ва касалликка чидамлиликда асосий ўрин эгаллайди.
Тананинг ҳимоя хусусиятларини ошириш учун унинг ёғини эрталаб оч қоринга нонуштадан бир соат олдин ва кечқурун ётишдан олдин қабул қилиш тавсия этилади. Катта ёшлилар учун бир чой қошиқ меъёр ҳисобланади.
Шамбала (Хельба)
“Агар одамлар шамбаланинг қанчалик фойдалилигини билганида уни олтин нархида бўлса ҳам сотиб оларди”. Олимлар изланиши туфайли бу ажойиб ўсимлик фойдалари ҳақида биламиз. Аммо биз негадир дорихонага фойдаси юз йиллар олдин исботланган олтин уруғлар учун эмас, балки фармацевтика саноатининг самарадорлиги реклама шиорларида мавжуд бўлган навбатдаги ихтиросининг изидан қувишда давом этяпмиз.
Шундай қилиб, шамбаланинг уруғи юқумли касаллик асоратлари, куйиш, шамоллашдан холос бўлишга ёрдам беради. Ўзининг юмшатувчи хусусияти туфайли бу ўсимлик шамоллашни даволашда яллиғланишга қарши восита сифатида ишлатилади. У қалинлашган шилимшиқнинг юмшатишилиши ва эришига, лимфа тизими орқали таксинларни йўқ қилишга ёрдам беради. Бунинг учун бир ош қошиқ шабаланинг уруғига ярим литр қайноқ сувга солиб аралаштирилади. Ушбу суюқлик таъсирини ошириш учун лимон шарбати қўшилади.
Юқорида эслатган иммунитетни мустаҳкамловчи жуда фойдали усуллар ишлаши учун фаол ҳаёт тарзига ўтиш, овқатланишда меъёрга амал қилиш ва ибодатларни кўпайтиришимиз лозим.
Манбалар асосида
Баҳриддин Хушбоқов
тайёрлади
Cавол: Иссиқ ҳавода кўп юриш натижасида айрим одамларда икки оёғи ораси қизариб, ачишади. Эҳромда шундай ҳолатда малҳам, вазелин каби нарсалар суртса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Эҳромдаги киши сиз айтгандек ҳолатга тушиб қолганда ёки товони ёрилганда хушбўй бўлмаган малҳамлардан фойдаланиши мумкин. Бунда ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди. Агар хушбўй малҳам ёки вазелиндан фойдаланса, бунда садақа қилиши лозим бўлади. Агар кўп марта суртса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шунинг учун бундай касалликка дучор бўлган инсон имкон қадар хушбўй бўлмаган малҳамлардан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақида фуқаҳоларимиз бундай дейдилар:
وَلَوْ دَاوَى بِهِ جُرْحَهُ أَوْ شُقُوقَ رِجْلَيْهِ فَلَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِ ؛ لِأَنَّهُ لَيْسَ بِطِيبٍ فِي نَفْسِهِ إنَّمَا هُوَ أَصْلُ الطِّيبِ أَوْ طِيبٌ مِنْ وَجْهِ فَيُشْتَرَطُ اسْتِعْمَالُهُ عَلَى وَجْهِ التَّطَيُّبِ.
“Эҳромдаги киши жароҳат, оёқ ёриқларини зайтун ёғи билан ёғласа, зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Чунки у хушбўйлик эмас, балки хушбўйлик олинадиган нарса ёки бир жиҳатдангина хушбўйлик холос. Каффорат вожиб бўлишлиги учун уни хушбўйланиш учун истеъмол қилган бўлиши шарт” (“Ҳидоя” китоби).
Аллома Камол Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Эҳромдаги инсон ёғ ёки сиркани еса, жароҳати ёки товонидаги ёриқларига суртса ё қулоғига томизса, унга ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди” (“Фатҳул Қодир” китоби).
Мулла Али ал-Қорий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
ولو تداوى بالطيب او بدواء فيه طيب غالب ولم يكن مطبوخا فألزقه بجراحته يلزمه صدقة اذا كان موضع الجراحة لم يستوعب عضوا
“Агар хушбўй нарса билан ёки хушбўйлик ғолиб бўлган нарса билан даволанса ва улар оловда пиширилган бўлмаса, сўнг уни жароҳатига ёпиштирса ва жароҳат бир тўлиқ аъзони ташкил қилмаган бўлса, садақа лозим бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.