Бугун диний идорамизга Наманганлик бир нуроний отахондан миннатдорлик мактуби келди. Мактубни ўқиб чиқиб, уни сизларга илингимиз келди. Қуйида мактубни ўқиш осон бўлишини ўйлаб оққа кўчирган ҳолда, тўлалигича сизларга ҳавола қиламиз. Мактуб бундай бошланади:
“Жорий йил 16 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг Наманган шаҳрида қурилган “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме масжидига пешин намозига ташриф буюриб, намозхонларга мавъиза қилиб беришини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Лекин масжидга бориб мавъиза тинглашга кексалик асло йўл бермас эди.
Хонадонимда маҳзун ҳолда ўтирган эдим, буни сезган набирам, бобожон ҳафа бўлманг, муфтий ҳазратнинг мавъизаларини ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри олиб берилар экан, биргаликда тинглаймиз, деганда қанчалик севинганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз.
Ва ниҳоят пешин вақти бўлди. Вилоятимиз бош имом-хатиби ҳурматли Абдулҳай домла Муфтий ҳазратни жуда берилиб таништириб, сўзни у кишига бердилар. Муфтий ҳазратнинг “Аллоҳ рози бўладиган уч амал” мавзусидаги мавъизаларини набирамнинг телефони орқали тўғридан-тўғри тинглаш бахтига муяссар бўлдим.
Шанба куни барча фарзанд ва набираларим билан дастурхон атрофида ўтирар эканман, беихтиёр Муфтий ҳазратнинг сўзларидан келтириб, уларга насиҳатлар қилдим, хурсандчилик устига яна бир хурсандчилик, бир набирам эшикдан шошилиб кириб келдида бобожон Муфтий ҳазратнинг Намангандаги мавъизаларини бугун телевидение орқали намойиш қилинар экан, деди.
Шунда қалбим сурурларга тўлди. Инсон кексайганда шундай бўлиб қолар экан. Энди бир ўзим эмас, балки барчамиз Муфтий ҳазратларининг масжид минбаридан туриб баралла айтган сўзлари, насиҳатларини тинглар эканмиз, деб Яратганга шукроналар келтирдим.
Оила аъзоларим билан бирга мириқиб Ҳазратнинг мавъизаларини телевидение орқали томоша қилиб, тинглашга муяссар бўлдик. Албатта, бунга амал қилишга ҳам эришамиз, инша Аллоҳ. Муфтий ҳазратдан Аллоҳ рози бўлсин!
Жанобингизга узоқ умр тилаб, кекса нуроний мухлисингиз Хасанхон ҳожи МУМИНОВ”
Наманган вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг муқаддас 35 йиллиги арафасида Тошкент вилоятида имом-хатиблари ва имом ноиблари ўртасида "ЗАКОВАТ" интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 6 та жамоа таркибидаги соҳа вакиллари ўзларининг теран билими, мулоҳазакорлиги ва мантиқий фикрлаш қобилиятини синовдан ўтказдилар. Ҳар бир савол нафақат интеллектуал билим, балки бой тарихимиз, диний-маърифий қадриятларимиз ва халқимизнинг маънавий меросини ёрқин акс эттирди.
Муросасиз ва қизғин кечган баҳс якунига кўра ғолиблар аниқланди:
Ғолиб жамоалар:
1-ўрин — "Билимдонлар" жамоаси
2-ўрин — "Зиёлилар" жамоаси
3-ўрин — "Фаоллар" жамоаси
Диний соҳа вакилларининг бу каби соғлом рақобат ва интеллектуал беллашувларда фаол иштирок этиши жамиятда маърифат нурини янада кенгроқ ёйилaшига хизмат қилади.
Ғолиб ва иштирокчиларни чин қалбдан табриклаймиз!
Илм-маърифат йўлидаги хайрли ишларига Аллоҳ таоло барака берсин, масъулиятли фаолиятларида куч-ғайрат ёр бўлсин!
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати