Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Апрел, 2026   |   28 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:41
Пешин
12:28
Аср
17:07
Шом
19:09
Хуфтон
20:27
Bismillah
17 Апрел, 2026, 28 Шаввол, 1447

Энг жирканч иллат

22.12.2021   4992   5 min.
Энг жирканч иллат

Дунё тарихига теран назар ташласак, ҳар қандай кўнгилсиз воқеа-ҳодиса замирида, албатта, фитналар уюштирилганига гувоҳ бўламиз. Одам алайҳиссалом давридан то Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларигача, саодат асридан бугунги кунгача кузатилган ҳар қандай уруш, қирғинбарот жанглар, қонли тўқнашувларга фитналар сабаб бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумонинг шаҳид этилиши, ҳазрати Али ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги келишмовчиликлар ва ундан кейинги асрларда содир бўлган машъум ҳодисаларда ҳалок бўлганларни ҳеч иккиланмай фитналар қурбони бўлишган, дейиш мумкин.

Шу боис Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир», деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 191-оят). Тинч, осуда ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчлик кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари аслида одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир, ёмон оқибатларга олиб келадиган гуноҳ эканини асло унутмаслик зарур.

Ифк ҳодисасини олайлик. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суюкли аёллари Ойша онамиз розияллоҳу анҳога мунофиқлар фитна уюштирдилар. Уларнинг фитнасига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилиб қолишди. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 11–22-оятларини нозил қиилиб, мўминларнинг онаси Ойша розияллоҳу анҳонинг покдомон эканликларини илоҳий ваҳий билан тасдиқлади. Фитна юштирган Убай ибн Салул бошчилигидаги мунофиқлар разил бўлиб қолишди.

Оламлар сарварининг жуфти ҳалолларига туҳмат қилган мунофиқларга қиёматгача лаънат ёғилади. Охиратда эса уларга аламли азоб борлигини Аллоҳ таоло Нур сурасининг 11-оятида: «Албатта, (бу) бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлмиш бир тўда кимсалардир. Уни (бўҳтонни) сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламангиз, балки у сизлар учун яхшидир. Улардан (бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳ (жазоси) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса (Абдуллоҳ ибн Убай) учун эса улкан жазо (жаҳаннам) бордир».

Ҳадиси шарифларда ҳам фитна қаттиқ ва қатъий қораланади.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса, юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса, тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса, уни фитна ўзига тортиб олади. Кимки қутулишга жой топса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу муборак ҳадисда Набий алайҳиссалом киноя билан ҳам фитнага аралашиб қолишдан қаттиқ қайтармоқдалар. “Тик турган одам билан ўтирган одам” деганда, фитнага қизиқиб турган одам билан унга эътибор қилмаган одам назарда тутилмоқда. Демак, фитначилар ҳақида қизиқишдан кўра, уларга асло эътибор қилмаслик зарур.

“Ўрнида жим тик турган одам билан юраётган одамдан” мурод эса, фитнага қизиқиб турган ва фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушганлардир. Демак, фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушгандан, унга қўшилмай, шунчаки қизиққан дурустроқ саналмоқда. Яёв юрган одам билан тез-тез юраётган одамдан мурод эса, фитна сари тез ҳаракат қилаётганлардан кўра, суст ҳаракат қилаётганлар Аллоҳнинг наздида сал тузукроқ одам, демакдир.

Бу иллат жамиятда илдиз отар экан, унга аралашган одам дарҳол чиқиб кетиши қийин. Чунки фитна одатда жозибали бўлади, унга қизиққанларни дарров ўзига жалб қилади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин, фитнадан қочиши шарт.

Имом Зайнуддин Биргавий раҳимаҳуллоҳ “Тариқат ул-Муҳаммадия” асарида исломий одоб-ахлоқ, хусусан, қалб хасталиклари борасида сўз юритар экан, қирқ саккизинчи ўринда “Фитна” ҳақида алоҳида тўхталиб, жумладан. Бундай деган: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни давлатга қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади. Шунингдек, китоб мутолаа қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушуниб-тушунмасдан оммага нотўғри тушунча бериб қўйиш ҳам фитна дейилади”.

Бугун фитналар шу қадар чуқур илдиз отяптики, бундай ҳолатда мўмин-мусулмон киши зийрак ва ҳушёр бўлиши қатъий талаб этилади. Ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида тирноқ остидан кир қидиришни “касб қилиб олган” касларнинг динимизга, Ватанимизга тош отишлари Ойша онамизга фитна уюштирганларникидан кам эмас.

Шундай экан, бугун ўзи мўмин ҳисоблаган, шу азиз диёрнинг фуқароси бўлган киши ҳар қандай фитнага дуч келса, аввало, мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифга мурожаат қилиши, ақл билан иш тутиши зарур.

Буюк Парвардигоримиз барчамизни фитналардан асрасин!

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

 

 

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳ кимни Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозласа

17.04.2026   4011   2 min.
Аллоҳ кимни Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозласа

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ кимнидир Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни хунук қилиб қўяди.

Ҳадисда марҳамат этилибди: “Бирор бир қавм йўқки ораларига дунё аралашиб қолгудай бўлсаю Аллоҳ таоло шу сабаб ўрталарига буғзу адоват солмаган бўлса”.

Бутун дунё бойликлари Ҳақ субҳанаҳу ва таоло наздида пашшанинг қанотича қийматга эга эмас. Буни тушунган киши бирор бир Аллоҳни таниган солиҳ одамни дунёни тарк этганлиги сабабли мақтаб юрмайди. Чунки барча зоҳидлар ҳиссасига ўша “қанотча” бўлган дунёнинг бир кўзга кўринмас қисмидангина воз кечиш мажбурияти тушган холос. Шундай арзимас, қимматсиз нарсадан воз кечганни мақташ, аслида ўша воз кечилган нарсанинг, яъни дунёнинг баҳосини оширган, қадрини улуғлаган бўлади. Ҳақнинг хизматида бўлган содиқ ва хос ходимлар гўё бундай дейдиларки, “Биз бирор бир дунё аҳлини то ўша ўзига етган пашша қаноти бўлагини ташлаб, оёқости қилмагунича Ҳақ таоло даргоҳига йўлатмаймиз!”. Лекин дунёни севувчиларнинг ҳеч бири бунга журъат этолмайди.

Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу дейдилар: “Биздан бу дунёнинг арзимас ва вафосиз эканлигини кўра олишлигимизни ва ундан кечиб абадий ҳаёт ободлиги учун интилишлигимиз лозимлиги ҳақида  ваъдамизни олишган. Эй, менинг қадрдон дўстим, севимли оғам, оладиган ва чиқарадиган нафасларимиз ҳаммаси ҳисобли, уни энди ошишини ва камайишини ҳеч иложи йуқдир. Бу дунё абадий ҳаётнинг экинзоридир. Ким экиш вақти ялқовлик қилса, ўрим (хирмон) вақти қайғуда қолади. Аллоҳ таоло марҳамат этадики: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” (Нажм сураси, 39-оят).

Шунингдек, ризқу  насиба  ҳақида ҳам Аллоҳ бундай дейди: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир”. (Ҳуд сураси, 6-оят).

Аллоҳнинг биз учун кафил ва вакил бўлган нарсаларини қўлга киритишда ошиқча саъйу ҳаракат қилишимиз, аксинча буюрган нарсаларини талаб қилиш ва бажаришда ялқовлик ва бепарволик қилишимиз, айни  нодонлик ва бемаъниликдир. Сенга шу нарса аниқ маълум бўлсинки, нафсоний хоҳиш ва дунё ишлари ҳақида ташвиш чеккан одам бамисоли бир илон тарбият қилувчидирки оқибат унинг заҳридан ўзи ҳалок бўлади. Ўткинчи дунё ҳаётига муккасидан кетиб, охиратини эсидан чиқарган банда гўё бир анқиган ўлаксага ташланган ит кабидир!

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси

Мақолалар