Дунё тарихига теран назар ташласак, ҳар қандай кўнгилсиз воқеа-ҳодиса замирида, албатта, фитналар уюштирилганига гувоҳ бўламиз. Одам алайҳиссалом давридан то Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларигача, саодат асридан бугунги кунгача кузатилган ҳар қандай уруш, қирғинбарот жанглар, қонли тўқнашувларга фитналар сабаб бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумонинг шаҳид этилиши, ҳазрати Али ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги келишмовчиликлар ва ундан кейинги асрларда содир бўлган машъум ҳодисаларда ҳалок бўлганларни ҳеч иккиланмай фитналар қурбони бўлишган, дейиш мумкин.
Шу боис Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир», деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 191-оят). Тинч, осуда ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчлик кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари аслида одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир, ёмон оқибатларга олиб келадиган гуноҳ эканини асло унутмаслик зарур.
Ифк ҳодисасини олайлик. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суюкли аёллари Ойша онамиз розияллоҳу анҳога мунофиқлар фитна уюштирдилар. Уларнинг фитнасига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилиб қолишди. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 11–22-оятларини нозил қиилиб, мўминларнинг онаси Ойша розияллоҳу анҳонинг покдомон эканликларини илоҳий ваҳий билан тасдиқлади. Фитна юштирган Убай ибн Салул бошчилигидаги мунофиқлар разил бўлиб қолишди.
Оламлар сарварининг жуфти ҳалолларига туҳмат қилган мунофиқларга қиёматгача лаънат ёғилади. Охиратда эса уларга аламли азоб борлигини Аллоҳ таоло Нур сурасининг 11-оятида: «Албатта, (бу) бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлмиш бир тўда кимсалардир. Уни (бўҳтонни) сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламангиз, балки у сизлар учун яхшидир. Улардан (бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳ (жазоси) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса (Абдуллоҳ ибн Убай) учун эса улкан жазо (жаҳаннам) бордир».
Ҳадиси шарифларда ҳам фитна қаттиқ ва қатъий қораланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса, юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса, тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса, уни фитна ўзига тортиб олади. Кимки қутулишга жой топса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу муборак ҳадисда Набий алайҳиссалом киноя билан ҳам фитнага аралашиб қолишдан қаттиқ қайтармоқдалар. “Тик турган одам билан ўтирган одам” деганда, фитнага қизиқиб турган одам билан унга эътибор қилмаган одам назарда тутилмоқда. Демак, фитначилар ҳақида қизиқишдан кўра, уларга асло эътибор қилмаслик зарур.
“Ўрнида жим тик турган одам билан юраётган одамдан” мурод эса, фитнага қизиқиб турган ва фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушганлардир. Демак, фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушгандан, унга қўшилмай, шунчаки қизиққан дурустроқ саналмоқда. Яёв юрган одам билан тез-тез юраётган одамдан мурод эса, фитна сари тез ҳаракат қилаётганлардан кўра, суст ҳаракат қилаётганлар Аллоҳнинг наздида сал тузукроқ одам, демакдир.
Бу иллат жамиятда илдиз отар экан, унга аралашган одам дарҳол чиқиб кетиши қийин. Чунки фитна одатда жозибали бўлади, унга қизиққанларни дарров ўзига жалб қилади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин, фитнадан қочиши шарт.
Имом Зайнуддин Биргавий раҳимаҳуллоҳ “Тариқат ул-Муҳаммадия” асарида исломий одоб-ахлоқ, хусусан, қалб хасталиклари борасида сўз юритар экан, қирқ саккизинчи ўринда “Фитна” ҳақида алоҳида тўхталиб, жумладан. Бундай деган: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни давлатга қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади. Шунингдек, китоб мутолаа қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушуниб-тушунмасдан оммага нотўғри тушунча бериб қўйиш ҳам фитна дейилади”.
Бугун фитналар шу қадар чуқур илдиз отяптики, бундай ҳолатда мўмин-мусулмон киши зийрак ва ҳушёр бўлиши қатъий талаб этилади. Ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида тирноқ остидан кир қидиришни “касб қилиб олган” касларнинг динимизга, Ватанимизга тош отишлари Ойша онамизга фитна уюштирганларникидан кам эмас.
Шундай экан, бугун ўзи мўмин ҳисоблаган, шу азиз диёрнинг фуқароси бўлган киши ҳар қандай фитнага дуч келса, аввало, мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифга мурожаат қилиши, ақл билан иш тутиши зарур.
Буюк Парвардигоримиз барчамизни фитналардан асрасин!
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Қалбим сурури, кўзим қувончи бўлган азиз фарзандим! Сиз дунёга келганингизда менданда бахтли инсон йўқ эди. Илк бор мустақил қадам босганингиз, “дадажон” деб, эркаланганингиз, телефон қилиб “дада уйга қачон келасиз?” деганингиз кечагидек ёдимда.
Кўз очиб юмгунча бир зумда улғайдингиз... Мактабда тенгқурларингиз орасида тарбиянгиз билан ажралиб турардингиз.
Ёшлигингиздан орзу қилган институтнинг талабаси бўлиш бахтига эришсин дея кечалари онангизнинг йиғлаб қилган дуолари, “Аллоҳим фарзандимга манфаатли илм бергин” деб қилган илтижоларим ижобат бўлганини эшитганимда кўз ёшларимни тиёлмагандим. Юзлаб қоракўзлар ичидан талаба бўлиш бахти сизга насиб бўлгани учун Роббимга ҳамдлар айтдим.
Мана орадан 4 йил ўтди. Бугун бу файзли ва муборак даргоҳни тарк этмоқдасиз.
Эй Фарзандим! Бугун фурсатдан фойдаланиб, Сизга кичик бир насиҳатни қилмоқчиман. Унга умрингизнинг охирги лаҳзаларигача амал қилишингизга Аллоҳ тавфиқ беришини сўраб қоламан.
Азиз дилбандим! Сиз эндигина 4 баҳорни кўрган болакай эдингиз. Жажжи қўлларингиздан тутиб сизни боғчага олиб кетардим. Шунда дўкондаги машина ўйинчоғини кўриб қолиб, олиб беринг деб роса хархаша қилгандингиз. Олиб беришни жуда истардимку, аммо афсуски олдимда шу кичкинагина ўвинчоқни олиб беришга ҳам пулим йўқ эди....Жонимни сўрашса сизга беришга тайёрман болам... ўзимдан афзал инсон бўлишингиз учун бор имкониятимни ишга солиб ҳаракат қиламан. Баъзан дуода ўзимни унутсамда, сизни асло унутмайман.
Орадан йиллар ўтиб, Расулимиз алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ тўйингизни ўтказдик. Шу куни сизни муборак этгани сўзга чиққанимда сизга мендан аразлаб, ҳатто гаплашмай қўйишингизга сабабчи ўша кичкина машинани топширганимда жуда уялиб, юзларингиз қизариб кетганди...
Жоним болам, ниятим сизни уялтириш эмас... Сизга фақат яхшиликларни тилайман. Сизга бутун умрингиз ва охиратингиз учун керак бўладиган муҳим бир сабоқни амалий тарзда етказгим келди, холос...
Унутмангки, кунлар ўтиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласиз. Бир кун аниқ Роббимизнинг олдида турамиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қилган амалимизни бирма-бир ҳисоб-китоб қилади. Шундай кунда уммати Муҳаммад бўлган сиз дилбандим амалларингизнинг жуда оз ва кичкиналиги билан бутун халойиқнинг олдида уялиб қолманг! Бунинг учун ҳар бир амалингизни холис Аллоҳ таоло учун қилинг! Ҳеч кимни ғийбат қилманг, бошқаларга ҳасад қилманг!
Унутмангки, сиз Аллоҳ таолонинг динини етказишдаги омонатдорсиз. Улуғ зотларга илм бешиги бўлган институтнинг вакилисиз. Сиз уларга сўзсиз муносиб бўлишингиз керак. Зеро, халқимиз муборак Ислом динимизни – имом тимсолида кўради.
Бизни залолатдан ҳидоятга, зулматдан ёруғликка, жаҳолатдан маърифатга, бахтсизликдан саодатга олиб чиққан, бу йўлда молларини ҳам, жонларини ҳам аямаган, ҳамиша фақат биз бевафо умматнинг ғамида бўлган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар шуни маҳкам тутинг, нимадан қайтарган бўлсалар ундан тийилинг. Ҳадисларини ёдлашга ҳарис бўлинг, ҳаётлари, сифатлари, хулқлари ва йўлларини кўпроқ ўрганинг ва уларга амал қилинг.
Асло эришган ютуғингиз билан чекланиб қолманг. Кимдир ёки нимадир учун илм олманг. Энг муҳими – илм ибодат эканини унутманг!
Қуръонни қўлингиздан қўйманг. Қуръонга муҳаббатли бўлинг!
Жигарпорам, мусофирчилик, ота-онадан узоқда юриш, уларга бўлган меҳрни ҳам узоқлаштирмасин. Унутмангки, биз сизни яхши кўрамиз, сиз бизнинг ҳамиша қалбимизда, дуоларимиздасиз.
Сизни кўришимиз болалигингизни, бахтли онларингизни, қувонч билан югуриб қучоғимизга ўзингизни отишингизни ёдимизга солади.
Сиз келмай қўйсангиз бизнинг юраклар сиқилиб, соғинчдан ва хавотирдан жам бўлмайди.
Сиздан ягона илтимосимиз шуки, дуоларингизда доимо эслаб, Аллоҳ таолодан бизга раҳм-шафқат сўранг. Қанийди, Жаннатда барча ота-оналар қаторида турганимизда исмларимиз билан чақирилиб, “фарзандингиз Қуръон ёдлаб, қилган солиҳ амаллари учун сизга мукофот – иззат тожи кийдирилади” деганини эшитсак эди... Бу бизнинг энг буюк орзуимиз.
Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда бирга қилсин! Иззат тожини киядиган зотлардан қилсин! Омийн.
Даврон НУРМУҲАММАД