Барча тарихчилар бобурий ҳукмдорлар шахсан барча давлат ҳужжатларни назорат қилишган деган фикрга қўшилишади. Шу сабабли бизда Тож Маҳални қуриш жараёни билан боғлиқ жуда кам саҳиҳ далиллар бор - императорлар уларнинг айрим сирларини ошкор қилишни ёқтиришмаган, деб ёзади Манжит Тхакур.
“Исламосфера” нашрига кўра, деярли икки аср давомида Тож Маҳалнинг қурилиши Шоҳ Жаҳоннинг илоҳий илҳомига ва унинг хотини Мумтоз Маҳалга бўлган севгисига боғлиқ. Аммо императорнинг орзуси ҳақиқатга айланиши учун минглаб рассом ва ҳунармандлар жалб қилинган.
Тож Маҳал билан боғлиқ XVII аср қўлёзмаларида асли Самарқандда дунёга келган, кейинчалик Туркияга бориб қолган уста меъмор Иброҳим Исҳоқ ушбу қаср муаллифи дейилади. Уларга кўра, у мақбарани лойиҳалаган. Тарихчиларнинг фикрича, Иброҳим Исҳоқ ҳақиқатда бор одам бўлиши мумкин, лекин у меъмор эмас, картограф бўлган. Шунга мувофиқ равишда, у Тож Маҳал режасини яратган бўлиши керак. Ва бу беқиёс ёдгорликнинг ҳақиқий меъмори, сўнгги тадқиқотларга кўра, Шоҳ Жаҳон сарой аъёнларидан форс меъмор рассоми Аҳмад Лаҳорийдир. У Аҳмад Меъмор номи билан ҳам танилган ва Деҳлидаги Қизил фортнинг яратувчиси ҳисобланади.
Тарихчиларнинг фикрича, Тож Маҳалнинг дастлабки эскизларини Лаҳорда Аҳмад Меъмор тайёрлаган. У бу шаҳарда, ўз уйида, Вазир хон масжидидан унча узоқ бўлмаган жойда яшаб, ижод қилган. Шундан сўнг унга гумбазларни лойиҳалаштирган турк меъмори Исмоил-афанди қўшилди. Аҳмад Меъмор гумбазлар учун олтин бириктиришларни лойиҳалаштириш учун Лаҳордан дўсти Қосим Хон билан, шунингдек, ўша даврда мозаика плиталарининг таниқли уста дизайнери Деҳлидан машҳур Чиранжи Лала билан боғланди. Шундай қилиб, Тож Маҳал лойиҳаси бир неча ижодкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижаси сифатида кўриб чиқилиши керак.
Тож Маҳалда иш олиб борган ўша даврнинг бошқа бир қанча машҳур усталарининг номлари маълум. Ҳаттот Устод Оманат хон Шероздан, тоштарош Амир Али эса Балужистондан олиб келинган. Мултандан Муҳаммад Ҳаниф мармар плиткалар ишлаб чиқариш билан шуғулланган, Деҳлидан Мукаримат Хон ва Шероздан Мир Абдул Карим лойиҳанинг асосий бошқарувчиси ва маъмурлари бўлган.
Рассом ва ҳунармандларга қанча ҳақ тўлангани ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Устод Иброҳим Исҳоққа бир минг рупий берилди. Ўша пайтда бу пул билан 3330 грамм олтин сотиб олиш мумкин эди. Гумбаз устаси устод Исмоил Хон Румий 500 рупий олган. Гумбаз учларини ўрнатган Самарқанддан Муҳамад Шариф 500 рупий, Лахордан Қосим Хон - 295 рупий, Қандаҳордан бош тоштарош Муҳаммад Ҳаниф - 1000 рупий, Мултандан тштарош Муҳаммад Саид - 590 рупий олган. Хаттот Омонат Хон Шерозийга 1000 рупий, Бағдоддан бошқа хаттот Муҳаммад хонга эса 500 рупий тўланган. Суриядан Равшан хонга 300 рупий берилган.
Шоҳ Жаҳон Устод Аҳмад Лаҳорийнинг кўзларини ўйиб, Тож Маҳал каби бошқа ёдгорлик яратмаслиги учун қўлларини кесиб ташлагани бу бор йўғи ўйлаб топлиган уйдирма гап. Устод Аҳмад иш тугагандан сўнг Лаҳорга қайтиб, 1649 йилда вафот этганини тасдиқловчи ҳужжатлар бор.
Вақти-вақти билан Тож Маҳал меъмори Венециядан Ҳиндистонга келган, Лаҳор қалъасида Шоҳ Жаҳон томонидан қамоққа олинган ва қурилиш тугагандан сўнг қатл қилинган италиялик Жеронимо Веронио деган миш-мишлар тарқатиб турилади. Бундай одам ҳақиқатан ҳам мавжуд эди, лекин унинг Тож Маҳал билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. У машҳур заргар эди ва император оиласи учун заргарлик буюмларини яратган. У қимматбаҳо тошлар ва катта олмосни ўғирлашда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.
Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.
Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.
Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.
Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати