Мукаддас Динимиз таьлимотида бировга яхшилик килиш савоб, қилган яхшилигини миннат қилиши эса катта гуноҳ хисобланади. Мусулмон одам савобли иш қилса, садақа берса, муҳтожларга ёрдам кўрсатса, ҳеч кимга айтмайди, одамларга билдирмайди, яхшилигини миннат қилмайди. Агар оила бошлиғи қўл остидагиларга миннат қилса, “Сенларни мен боқяпман. Мен бўлмасам оч қоласанлар!” деб таъна қилса, бир тарафдан, миннат қилгани учун жуда оғир гуноҳга ботади, иккинчи тарафдан, ризқ Аллоҳдан эканини инкор этган бўлади. Чунки, у бўлмаса, Аллоҳ бандалари ризқини бошқа тарафдан, бошқа одам сабабидан етказади.
Аллох таоло Қуръони каримда “Эй, иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг”. деган (Бақара сураси, 264- оят).
Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолишлик ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар қалбида бу ишнинг нақадар ёмон иш эканлиги жонли тасвир қилинмоқда. Оятнинг аввалида садақани миннат ва озор бериш билан ботил қилмасликка амр бўляпти. Кейин эса aгap шундай қилинса, риё учун садақа қилганга ўхшаб қолишининг баёни келяпти:
Миннат қилишлик ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради. Берганни миннат қилган кишининг мақсади манманлик, бошқаларни менсимаслик, ўзини кўрсатиш, одамлар ўртасида обрў қозониш бўлади. Миннат қилиш туфайли мол сарфлаган киши молни олувчига озор етказади. Одамлар ичида унинг обрўйини тўкади. Инсоний қадр-қимматини пастлатади. Ҳолбуки, Исломда мол-мулкни сарфлаб, нафақа қилишга тарғиб қилишдан мақсад камбағалларнинг кўнглини кўтариш, уларни хурсанд этиш, бой биродарлари уларни ҳурмат қилишини сездиришдир.
Миннат қилувчи киши икки жиҳатга кўра маломат қилинади: аввало, у барча ризқ ва неъматни Аллоҳ таоло беришини инкор қилган ва тан олмаган бўлади. Агар ризқ Аллоҳдан эканини ҳаққи-рост билганида бундай қилмасди. Иккинчидан, миннатчи одам қилган яхшиликларини айтиб мақтанади. Бунда у кибр ва риё иллатларига мубтало бўлади. Бу эса ўша яхши амалнинг бекор бўлишига, савобининг кетишига сабаб бўлади.
Яхшилик ва сахийлик қилгандан сўнг миннат қилиш, одамларни камситиш, уларни ҳақорат қилиш ва хорлаш каби иллатлардан узоқда бўлиш даркор.
Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Жаннатга миннатчи, ота-онага оқ бўлган ва кўп ароқ ичувчи кирмайди”, дедилар”. (Имом Насоий ва Имом Доримий ривоят қилган).
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг: “Жаннатга миннатчи, ота-онага оқ бўлган ва кўп ароқ ичувчи кирмайди”, дедилар, деган сўзларининг маъноси: улар жаннатга биринчлардан бўлиб кирмайдилар, деганидир. Чунки, аҳли суннат вал жамоат уламолари иттифоқига кўра, кимки Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан вафот этган бўлса, дўзахда абадий қолмайди. Балки, жаҳаннам азоби билан гуноҳларидан поклангандан сўнг албатта жаннатга киради. (Аллоҳ барчамизни дўзах азобидан асрасин). Қариндошларига яхшилик қилгандан сўнг миннат қиладиган инсон ҳам юқоридаги қаттиқ огоҳлантиришга лойиқдир. Чунки бу феъл ҳам уни жаннатга киришига тўсқинлик қиладиган ишлардандир. Юқорида ўтган гаплардан ота-онага оқ бўлувчи ва силаи раҳмни узувчи кишиларнинг дунё ва охиратда жазога лойиқлигини билдик. Бу ҳадиси шарифда эса Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўп маст қилувчи ичимликлар ичувчини ҳам жаннатга кирмаслигини зикр қилдилар. Шунинг учун, спиртли ичимликлар ичувчи ёки наркотик моддалар ва маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилувчи кишилар бу ҳадиснинг маъносини чуқур ўйлаб кўрсинлар. Ҳамда, Аллоҳга астойдил тавба қилсинлар.
Яхшиликдан кейин миннат қилиш разил хулқлардандир. Шунга кўра, агар бир инсон бирор кишига яхшилик қилса ёки унга садақа қилса, сўнгра унга миннат қилиб, эҳсон ва садақасини унинг олдида гапирса, батаҳқиқ эҳсон ва садақасининг савоби зое бўлади.
Миннатчи савобларини зое қилиб, эҳсон қилган одамидан кўпроқ фойда олиш учун унга озор беради ва агар ундан бирор нарса ололмаса, унга бирор зарар етишини орзу қилади. Бу нарса уят ва хорликдан ҳам баттар шармандаликдир.
Шайх Муҳаммад Арифий айтадилар:
«Таҳорат қиласану, исроф қиласан.
Ҳижоб ўрайсану, атир сепиб оласан.
Таҳажжуд намозига турасану, биродаринг билан аразлашасан.
Рўза тутасану, ғийбат қиласан.
Садақа берасану, миннат қиласан.
Кўзингни оч! Солиҳ амалларнингни тешик халтага солма»
Аллоҳдан ўзимизга ва барча мусулмонларга ёрдам ва ҳидоят сўраймиз!
Одилжон Нарзуллаев Янгийўл туман Имоми Султон жоме масдиди Имом хатиби
Набавий башорат
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизнинг яхшиларингиз менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар, сўнгра улардан кейин келадиганлар”.
Имрон розияллоҳу анҳу: “У зот алайҳиссалом икки марта ёки уч марта айтдиларми, билолмадим”, деди. “Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади”» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадис шарҳи
Уламолар ушбу ҳадисда касаллик ёки бошқа физиологик хусусиятлар туфайли туғма семизлик эмас, балки айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, ортиқча овқатланиш натижасида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини айтишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида семизлик кенг тарқалган ҳодиса эмас эди ва саҳобалар бу муаммони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳолидан хавотирга тушганлар.
Семириш – глобал эпидемия
Бугунги кунда ортиқча вазнга эга бўлиш, семириб кетиш инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) семиришни глобал эпидемия деб эълон қилган.
Агар шу ҳолат давом этса…
Сўнгги 50 йил ичида одамларда вазн ортиши динамикаси кескин ортди. Бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38%) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 50%дан ошиши мумкин ва инсониятнинг ярмидан кўпида семириш ташхиси қўйилади.
Семизлик ёш танламайди
Семириб кетиш фақат катталар учун эмас, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам тез ўсиб бораётгани янада хатарлидир. Ҳар йили 2,8 млн ўлим ортиқча вазн сабаб содир бўлади.
Семиришнинг сабаби нима?
Диетологларнинг фикрига кўра, ҳозирги вақтда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ниҳоятда осон ҳазм бўлади ва зарур бўлган калориядан бир неча баравар кўп концентрацияни ўз ичига олади. Одамлар бундай овқатларни тобора кўп истеъмол қилишлари оқибатида семизлик келиб чиқмоқда. Албатта, бу сабаблардан бири.
Ортиқча овқат – шаҳватни келтириб чиқаради!
Ортиқча овқатланиш шаҳват кучайишига олиб келади. Натижада инсоннинг ҳар қандай ёмонликка бошлайдиган нафсига қарши курашиши қийинлашади. Шунинг учун меъёрида овқатланиш, нафл рўза тутиш мақсадга мувофиқ.
Ўз нафсингиз билан бўладиган оғир жангда муваффақият ва зафарлар тилаймиз.
Олдини олиш учун нима қилиш керак?
Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш. Айниқса кўпроқ пиёда юриш – қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби касалликларнинг олдини олади.
Даврон НУРМУҲАММАД