“Ўзаро меҳр-оқибатли бўлмагунингизча, комил мўмин бўлолмайсизлар”
Муқаддас Ислом динимиз инсонларни тинч-тотув, ҳамжиҳат, кечиримли, бир-биримизга дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечиришга буюради. Тарихдан маълумки, динимизни мана шу кўрсатмасига амал қилиб яшаган мусулмонлар доимо бахт ва саодатда яшаганлар, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида шундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ
яъни: “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).
Ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар:
وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لاَ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا
“Бир-бирларингизга биродар бўлмагунингизча, мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кира олмайсизлар”(Имом Муслим ривоятлари).
Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади, чунки Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сен-менга бориб қолган тақдирда ҳам, уларнинг дўстлигига путур етмайди. Шунинг учун ҳам динимизда Аллоҳ учун дўстлашишга тарғиб қилиниб, бунга катта ажру мукофотлар ваъда қилинган. Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
إنَّ حَوْلَ الْعَرْشِ مَنَابِرُ مِنْ نُوْرٍ عَلَيْهَا قَوْمٌ لِبَاسُهُمْ نُوْرٌ وَوُجُوهُهُمْ نُوْرٌ لَيْسُوا بِأَنْبِيَاءَ وَلاَ شُهَدَاءَ يَغْبِطُهُمُ النَّبِيُّونَ وَالشُّهَدَاءُ فَقَالُوا: يَا رَسولَ اللهِ صِفْهُمْ لَنَا فَقَالَ: هُمْ اَلْمُتَحَابُّونَ فِي اللهِ
وَالْمُتَجَالِسُونَ فِي اللهِ وَالْمُتَزَاوِرُونَ فِي اللهِ
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Аршнинг атрофида нурдан бўлган минбарлар бор. Ушбу минбарларда либослари нур, юзлари нур бўлган бир қавм бўладилар. Улар пайғамбар ҳам, шаҳидлар ҳам эмаслар. Уларни пайғамбар ва шуҳадолар ҳавас қиладилар”, – дедилар. Шунда саҳобалар: “Бизга уларни тавсифлаб беринг, Ё Расулуллоҳ”, дедилар. Шунда Расулимиз алайҳиссалом: “Улар Аллоҳ йўлида бир-бирларига муҳаббат қилувчилар, Аллоҳ йўлида бирга ўтурувчилар, Аллоҳ йўлида бир-бирларини зиёрат қилувчилар”, – дея марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).
Ислом тарихидан маълумки, Абу Зарр разияллоҳу анҳу билан Билол ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳу ўрталарида бироз келишмовчилик бўлиб, аччиқланган Абу Зарр разияллоҳу анҳу Билол ибн Рабоҳга: “Эй қора хотиннинг ўғли, мени босиб олдинг!” – дегандилар, Билол ғазаб қилган ҳолда ўрниларидан туриб: “Аллоҳга қасам, мен бу ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман”, – дедилар.
Бу хабар етказилганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб кетди ва: Эй Абу Зарр! Онасини айбладингизми? Сизда жоҳилият одатлари бор экан”, – дедилар.
Абу Зарр йиғладилар ва: “Эй Аллоҳнинг расули, менга истиғфор айтинг” дедиларда, масжиддан йиғлаган ҳолда чиқиб кетдилар.
Кейин Билолнинг олдига келиб, юзларини тупроққа қўйдилар-да: “Аллоҳга қасам, то оёғинг билан юзимни эзғиламагунингча, бошимни кўтармайман. Сен олижаноб кишисан, мен эса – пасткашман”, – дедилар.
Билол ҳам йиғлаб унга яқинлашдилар-да, унинг юзидан ўпдилар. Сўнгра: "Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун бир марта бўлса ҳам сажда қилган юзни оёғим билан босмайман”, дедилар. Кейин икковлари ўринларидан туриб, бир-бирларини қучоқлаб, йиғида давом этишди.
Бизлар бугунги кунда бир-биримизга ёмонлик қилиб қўйсак, кечирасиз деб айтишга ҳам ботина олмаймиз. Аслида, узр сўраш юқори савиядаги маданият ҳамда олий фазилатли хулқлардандир. Қолаверса, Ислом динида, ирқий камситиш ёки миллат ажратиш, инсон зотини таҳқирлаш қораланган. Инсон қайси миллат ва ирқдан бўлмасин, унга нисбатан камситиш – маънавий қашшоқликдир!
Мўмин-мусулмонлар ўзаро биродар бўлганларидан кейин, бир киши ҳақида фикр билдириш борасида тилига жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
إِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَرْفَعُهُ اللَّهُ بِهَا دَرَجَاتٍ، وَإِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَهْوِي بِهَا فِي جَهَنَّمَ
(رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган сўзни айтиши мумкин. Бу билан Аллоҳ унинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Шунингдек, киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаби келадиган сўзни гапириб қўйиши мумкин. Бу билан Аллоҳ уни жаҳаннамга туширади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон қилиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
﴿ المُسلمُ أخو المُسلمِ لا يَظلِمُه ولا يُسلِمُه مَن كان في حاجةِ أخيه كان اللهُ في حاجتِه ومَن فرَّجَ عن مسلمٍ كُربةً فرَّجَ اللهُ بها عنه كُرْبةً مِن كُرَبِ يَومِ القِيَامَةِ ومَن سَتَرَ مُسْلمًا سَتَرَه اللهُ يَومَ القِيَامَةِ ﴾
яъни: “Мусулмон – мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни Қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида унинг ҳам айбини беркитади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
لَا يُؤْمِنُ أحَدُكُمْ، حتَّى يُحِبَّ لأخِيهِ ما يُحِبُّ لِنَفْسِهِ
яъни: “Киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромлардан бирларига уч марта Жаннатни башоратини бердилар. Шунда, Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу у кишини уйларида меҳмон бўлиб, уч кун амалларини кузатдилар. Лекин ҳеч қандай ортиқча амални кўрмадилар. Кейин, у саҳобадан Абдуллоҳ ибн Амр: “Қайси амалингиз туфайли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага эришгансиз?” – деб сўрадилар. У зот: “Сиз кўрганингиздан бошқа нарса йўқ. Лекин кўнглимда бирор мусулмонга нисбатан ғиллу ғашлик сақламайман ва Аллоҳ унга берган нарсага ҳасад қилмайман”, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ҳа, мана шу нарса сизни ушбу даражага олиб чиққан экан”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Муҳтарам азизлар! Дўстлик ва биродарчиликка путур етказадиган масалалардан бири – турли масалаларда ихтилоф қилиш, бехуда тортишувларга киришишдир. Айнан шу кунларда янги йил кунини нишонлаш ҳақида баҳс-мунозаралар кўпаймоқда. Маълумки, айни пайтда дунёда юзлаб байрамлар ва нишонланадиган кунлар мавжуд. Ҳар бир мамлакатнинг байрам ва тантаналари мана шу халқнинг дини, маданияти ва тарих мобайнида эришган ютуқларини ўзида акс эттиради. Бугунги кунда юртимиздаги байрамлар хилма-хил бўлиб, улар миллий, диний, касбий ва халқаро каби турларга бўлинади. Мазкур байрамларнинг айримлари ҳукумат томонидан дам олиш куни сифатида эълон қилинган.
Байрамлар уч қисмга бўлинади, қуйида уларни баён қиламиз:
Ислом дини байрамларида хурсандчилик қилган, ота-онаси, аҳли аёли, қариндош ва таниш-билишларига кенгчилик яратганлар ҳамда қурбонлик қилганлар савоб оладилар ва ибодат қилганнинг ажрига эришадилар. Ҳатто еб-ичиш хурсандчилик аломати бўлганидан юқорида зикр қилинган икки ҳайит ва ташриқ кунларида рўза тутиш макруҳдир.
Юқоридагилар каби ижтимоий байрамлардан яна бири – мелодий йил бошланиш санасини нишонлашдир.
Юртимизда ҳам янги йил санасини ўзига хос тарзда кутиш ва ўтказиш одат тусига кирган. Ушбу санани нишонловчи фуқаролар ўзларини бошқа дин вакилларига қайсидир ақидада ўхшашликни мақсад қилмайдилар. Аксинча янги бошланадиган санани хурсандчилик билан кутиб, янги кунга янги мақсадлар, янгича кайфият билан кириб боришни мақсад қиладилар. Шу сабабдан уларнинг қилаётган ишларига диний тус бериш, уларни эътиқодий хатога йўл қўйганликда айблаш ёхуд куфрга нисбат бериш мутлақо ножоиз саналади.
Ваҳоланки, бировни куфрга чиқариш – жуда ҳассос масаладир. Бунинг ўзини асослари, қоидалари, бу масалани ҳал қиладиган кишилари бор. Агар бир киши динда қатъий далиллар билан собит бўлган бирор нарсани ўзи билган ҳолда инкор қилса ёки бирор куфр лафзини айтса, ҳатто барча ҳолатда ҳам уни кофирга чиқариш оддий инсонларнинг иши эмас. Бу масала қозилар, муфтийлар кўриб чиқадиган масаладир.
Тўғри, ушбу масала юзасидан замонамиз уламолари ўртасида ҳар хил фикрлар мавжуд. Шариатга зид бўлмаган ҳолатда нишонлашни жоиз дейдиган уламолар, мелодий йил ҳисобининг бошланишини насронийликдаги диний байрамлар билан боғлаш нотўғри, дейдилар. Чунки улардаги диний байрам йилнинг 24–25 декабрь ёки 6–7 январь кунларига белгилангандир. Дунё аҳолиси 1 январь кунига милодий сананинг бошланиши сифатида қарайди. Уни муайян дин, шу жумладан насронийлик ёки бошқа дин билан боғламайди.
Динимиз манбаларида ҳам бошланаётган кун, ой ва йил учун барака сўраб дуо қилиш зикр қилинган. Толҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар шундай дер эдилар:
اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ
(رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ)
“Аллоҳим! Уни бизга хайр-барака, имон, саломатлик ва Ислом ила чиқаргин. Роббим ва Роббинг – Аллоҳдир” (Имом Термизий ривоят қилган).
Шундай экан, ҳар бир бошланаётган кун, ой, йилни яхши дуо ва ниятлар ила бошлаш дуруст бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида дўстлашувчи солиҳ бандаларидан қилсин! Мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳатлигини таъминласин! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.
Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.
«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.
Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.
Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.
«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.
Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.
Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.
Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.
Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.
«Биринчи пешқадам муҳожирлар».
Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.
Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.
Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.
Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.
Аллоҳ улардан рози эканлиги учун: «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни… тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи бўлган ҳолларида».
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша улкан ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:
«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир» (8-оят).
Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.
Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди