Қўшма Штатларда мусулмон жамоат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири қора танли мусулмонлар ҳаёти ҳақида фильмлар суратга олаётган киноижодкорлар учун грант таъсис этган.
Жамоатчилик ишлари бўйича мусулмонлар кенгаши (MPAC) Голливуд бюроси режиссёрининг грантини эълон қилди. Голливуд бюроси - ислом ва мусулмон мавзуларида фильмлар, сериаллар ва шоуларни суратга олиш бўйича медиа компаниялари ва суратга олиш гуруҳларига маслаҳат бериш бўйича MPACнинг бир бўлинмаси ҳисобланади. Ташкилот фильмлар ва теледастурлардаги мусулмонларнинг тасвирларини тўғри ва бузмасдан кўрсатишга ёрдам беради.
Deadline хабарига кўра, Америка Қўшма Штатларида ўзларини қора танли мусулмон ҳамжамияти аъзолари сифатида биладиган киноижодкорлар Жамоатчилик ишлари бўйича мусулмонлар кенгашиниг 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги грантига даъвогарлик қилишлари мумкин. Танловда иштирок этиш учун режиссёрлар суратга олиш ёки экранга чиқариш босқичидаги фаол лойиҳаларга эга бўлишлари керак.
"Бу ажойиб мукофот ижодкор мусулмонларга қийин ҳикояларини айтиб беришга ёрдам беришга қаратилган", - дейди Голливуд бюроси директори Сью Убайдий.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўтган солиҳлардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу: “...Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...” (Нисо сураси, 43-оят) оятини эшитиб, бундай деди: “Қанчадан-қанча намозхонлар борки, улар хамр ичмаганлар, лекин дунёнинг машғулотлари уларни маст қилиб қўйганидан намозида нима деяётганини билмайди”.
Изоҳ: Демак, инсон нафақат ароқ ёки бошқа маст қилувчи ичимликлардан, балки дунёнинг кўплаб чалғитувчи, ўзига тортувчи ишлари, ташвишлари ва уларни ҳал қилишга бўлган ҳаракатлар натижасида ҳам “маст” бўлиши мумкин экан.
Яъни, инсон шунчалик кўп дунёвий ишларга шўнғиб кетадики, улар унинг фикри-ёдини эгаллаб олади ва оқибатда у Аллоҳга ибодат қилаётганида ҳам дунёни ўйлайверади, намозида нима деяётганини тушунмай қолади.
Шунингдек, дунёга бўлган ҳаддан ташқари муҳаббат ва у билан банд бўлиш инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини, натижада ибодатларнинг қадри ва моҳияти ҳам йўқолиб қолади.
Худди маст инсон каби, бундай киши ҳам ўзининг ҳолатини тўлиқ англаб етмайди ва ибодатнинг ҳақиқий ҳузуридан маҳрум бўлади.
Эслатма: Қуръони каримдаги: “Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг..” ояти ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир.
Агар биринчи оятда (Бақара сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда.
Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша сўнгги оятга асосланади.