Ислом маданияти музейида жойлашган “Қозон Қуръони” кўргазмаси 2024 йил 29 февралига қадар узайтирилди.
Бу ҳақда “Қозон Кремл” музей-қўриқхонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Кўргазмада Қозон федерал университети илмий кутубхонаси фондидан ноёб буюмлар тақдим этилган. Булар 18 асрдаги Қуръони каримнинг татар қўлёзмалари, 1803 йилдаги Қуръони каримнинг биринчи босма нашрлари, Қозон Қуръонлари ҳодисасини ўрганган татар диний арбобларининг қўлёзма ва китобларидир. Мазкур китобларнинг муаллифлари татар етук уламолари Шиғабутдин Маржоний, Ризаутдин Фахретдин, Муса Бигиевлар саналади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#xabar #tashabbus
Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус амалга кўчиб, юртимиз бўйлаб қизғин паллага кирмоқда. Жумладан, ҳожилар китобхонлик маданиятини юксалтириш, илм-маърифатга ҳомийликда намуна бўлиш, тўйлар, оилавий тадбир ва маросимларда меъёрга амал қилган ҳолда камхарж ва ихчам ўтказишда бош-қош бўлиш, тарбиясида муаммоси бор ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш, меҳр-оқибат каби хайрли ишларини амалга оширишда жонбозлик кўрсатишмоқда.
11 июль, муборак жума кунида Андижон, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳожилари, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боришди. Ташаббус доирасида жойлардаги юзга яқин ижтимоий ва маънавий кўмакка муҳтож хонадон холидан хабар олиниб, маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ажрим ёқасида турган оилалар сақлаб қолиниб, уларга оила мустаҳкамлиги бўйича тушунчалар берилди, ёшларга панду насиҳатлар қилинди.
Ҳожилар иштирокида ўтказилаётган бундай эзгу тадбирлар туфайли моддий-маънавий кўмакка муҳтож оилалар вакиллари, бемор фуқаролар ўзларининг ёлғиз эмасликларини, давлатимиз, халқимиз ҳар доим улар билан елкадош эканини теран ҳис этишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати