Жорий йилнинг 1-9 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонида Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича хизмат сафарида бўлди.
Делегация бутун дунёда қўлланилаётган карантин чекловлари шароитида Умра сафарини ташкил қилиш бўйича Подшоҳлик муассасалари билан музокаралар олиб борди. Иншааллоҳ, яқин фурсатларда, COVID пандемияси бошланишидан аввал Умра сафари учун пул тўлаб, навбатда турганлар ва бошқа фуқаролар учун табаррук зиёратни амалга ошириш имкониятлари яратилади.
Карантин тартибларига мувофиқ меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларга риоя этиш унчалик катта бўлмаган миқдорда қўшимча маблағларни талаб этиши мумкин.
Умра зиёратлари муддатлари, қўшимча тўлов миқдори, вакцинация тўғрисидаги маълумотлар тез орада маълум қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz #Умра
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан замонавий медиа-маконда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини ёритиб бориш ишларини янада самарали ташкил этиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда давлат органлари ва ташкилотлари матбуот котиблари учун жорий йилнинг 30 июнь – 2 июль кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида "Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон" мавзусида V миллий конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот котиби ҳам қатнашди.
Конференция доирасида ўтказилган “Media Quiz”да 9 та жамоа 5 та раундда турли соҳага оид йўналишларда билимларини синашди. Билим-ринг натижаларига кўра учта жамоа ғолиб деб топилди ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Уч кун мобайнида ўтказилган тадбирлар ниҳоясига етди.
***
Шунингдек, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “Zakovat” интеллектуал ўйинида Muslim.uz жамоаси ҳам муносиб иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати