Жорий йилнинг 1-9 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонида Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича хизмат сафарида бўлди.
Делегация бутун дунёда қўлланилаётган карантин чекловлари шароитида Умра сафарини ташкил қилиш бўйича Подшоҳлик муассасалари билан музокаралар олиб борди. Иншааллоҳ, яқин фурсатларда, COVID пандемияси бошланишидан аввал Умра сафари учун пул тўлаб, навбатда турганлар ва бошқа фуқаролар учун табаррук зиёратни амалга ошириш имкониятлари яратилади.
Карантин тартибларига мувофиқ меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларга риоя этиш унчалик катта бўлмаган миқдорда қўшимча маблағларни талаб этиши мумкин.
Умра зиёратлари муддатлари, қўшимча тўлов миқдори, вакцинация тўғрисидаги маълумотлар тез орада маълум қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz #Умра
Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.
Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази