Ҳар бир нарсанинг очқичи бўлгани каби жаннатнинг ҳам калити бўлади. Бу “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасидир. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: «Жаннатнинг калити “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ” калимасидир» дейилган.
Бошқа бир ҳадисда: «Бир киши қалби билан тасдиқлаган ҳолда тили билан “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деса, албатта, Аллоҳ таоло унга ҳажаҳаннамни ҳаром қилади” дейилган» (Муттафақун алайҳ).
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога муножот қилиб: “Ё Раббим! Менга шундай сўзларни ўргатки, мен доимо шу сўзлар билан Сени зикр қилайин”, деди. Аллоҳ таоло: «Эй Мусо, Лаа илаҳа иллаллоҳ де, деди». Мусо алайҳиссалом: “Ё Раббим! Барча бандаларинг шу калимани айтади. Мен махсус бир калима истайман”, деди. Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, етти қават осмон ва улардаги барча нарсалар: қуёш, ой, юлдузлар, жаннатлар, Арш, Курси, фаришталар, етти қават ер ва улардаги нарсалар, тоғлар, денгизлар, дарёю анҳорлар, дов-дарахтлар, жинлар ва ҳайвонлар тарозининг бир палласига, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси иккинчи палласига қўйилса, шубҳасиз, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси оғир келади», деб марҳамат қилди (Имом Бағавий, “Шарҳус сунна”).
Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қўлида жаннатнинг калити бор. Таъбир жоиз бўлса, “тишлари” намоз, рўза, закот ва ҳаж бўлган ушбу очқични занглатиб қўймаслигимиз керак. Аввало, ибодатларимизни бериё, тавозе, хушу ва хузу билан адо этишимиз лозим. Борди-ю, тоатларимизга риё аралашса, гуноҳларимиз кўпайса, калит секин занглай бошлайди.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қалблар фитнага бир-бир рўбарў қилинади. Қайси қалб уларни қабул қилса, унга битта қора доғ тушади. Қайси қалб инкор этса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади: бири Сафо сингари оппоқ бўлиб, еру осмонлар бор экан, унга фитна зарар қилмайди. Иккинчиси қоп-қора бўлиб, бундай қалб эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло бир калима эвазига бизга жаннатни ваъда қилди. Мўмин киши жаннатга интилиши, жаҳаннамдан қочиши керак. Бу йўлда Раббимиз бизга кўп имкониятларни ато этди. Лекин баъзан мана шу имкониятлардан фойдалана олмай қоламиз. Саҳобалар жаннат эвазига бирор масала кўндаланг бўлса, эвази, бадали нима бўлишидан қатъи назар, беҳиштга алмаштиришган.
Саодат асри даврида бир йигит Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, уйланиб, оилам билан фаровон турмуш қуриш, номаҳрамларнинг кўзи ҳовлимизга тушишининг олдини олиш мақсадида қўшним билан менинг ҳовлим ўртасига девор ўрнатишга киришдим. Девор тиклаётсам, ўртада қўшнига тегишли хурмо дарахти бор экан. Қўшнимдан хурмо дарахтини менга сотсангиз, уни кесиб девор тикласам, дедим. У кўнмади. Ваҳоланки, қўшнимнинг хурмозори бор. У ҳовлимиз ўртасидаги битта хурмога қараб қолган эмас”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнини чақиртириб, хурмо дарахтини сотиб олишни сўрадилар. Йигит бунга ҳам, девор тиклашга ҳам рози бўлмади. Ўжарлиги, қайсарлиги, дунёга ҳирс қўйгани сабабли ҳатто турли таклифларга кўнмаган йигитга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар хурмо дарахтини қўшнингга берсанг, мен сенга жаннатдан худди шундай дарахтинг бўлишига ваъда бераман”, дедилар.
Йигит бу таклифга ҳам рози бўлмади. Шунда Абу Даҳдаҳ исмли саҳоба розияллоҳу анҳу дарҳол ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг” деб, гапира бошлади ва: “Агар шу йигитдан дархтини сотиб олсам, унга ваъда қилинган жаннатдаги хурмони менга берасизми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шундай қилсанг, мен сенга жаннатдаги хурмони Аллоҳдан сўраб олиб бераман” дедилар.
Абу Даҳдаҳни танимаган, билмаган, у кишининг хурмозори ҳақида эшитмаган киши йўқ эди. У киши ўша йигитнинг олдига бориб: “Мени танияпсанми? Хурмозоримни, қудуғимни, уйимдаги барча нарсаларни шу битта хурмо дарахтига алмаштираман”, деди.
Буни кутмаган йигит дарҳол рози бўлди. Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу девор тиклаётган ҳалиги йигитга: “Хурмо дарахтини кесиб ташлаб, деворингни тиклайвер”, деди.
Абу Даҳдаҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юзланиб: “Энди менга жаннатдаги хурмони Аллоҳ таолодан сўраб берасизми?” деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар. Абу Даҳдаҳ ҳайратланиб: “Ё Расулуллоҳ, ахир, ўзингиз жаннатда ваъда қилинган хурмони Аллоҳдан сўраб олиб бераман, дегандингиз-ку”, деди. Шунда Сарвари коинот: “Биродарингга шундай саховат қилдингки, энди сенга жаннатдан бир туп хурмо эмас, балки бутун бошли хурмозорни, қудуғи билан, қасри билан сўраб бераман”, дедилар.
Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу уйига бориб аёлига: “Эй онаси, болаларни олиб чиқ, уйни ва боғни сотдим”, деди. Аёли: “Кимга сотдингиз, нима учун сотдингиз, энди нима қиламиз?”, демасдан эрининг сўзини икки қилмади. Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу: “Хурмозорни жаннатдаги хурмозорга алиштирдим”, деди. Аёли: “Энг яхши тожоратингиз шу бўлибди”, деди.
Абу Даҳдаҳ оиласи билан боғдан чиқиб кетаётган эди, фарзандларидан бири ерда ётган бир дона хурмони олиб оғзига солди. Шунда Абу Даҳдаҳ югуриб бориб, боласининг оғзидан хурмони олди ва: “Болажоним, энди бу мевалар бизники эмас. Бизнинг меваларимиз жаннатда”, деди.
Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳдан: «“Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси жаннатнинг калити дейилган. Бундан мурод нима?” деб сўрашди. У зот: «Дарҳақиқат, жаннатнинг калити “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасидир. Бу калитнинг тўртта “тиши” бор. Улар: 1) ёлғон ва ғийбатдан тийилган тил; 2) макр ва хиёнатдан сақланган қалб; 3) ҳаром ва шубҳали нарсалардан парҳезда бўлган ошқозон; 4) нафсоний туйғуларга учмаган, риё аралашмаган амал», дедилар.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ