Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Сентябр, 2025   |   3 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:55
Қуёш
06:13
Пешин
12:20
Аср
16:28
Шом
18:19
Хуфтон
19:31
Bismillah
25 Сентябр, 2025, 3 Рабиъус сони, 1447

Икки дунё саодатига эриштирувчи илм

09.12.2021   1504   5 min.
Икки дунё саодатига эриштирувчи илм

Шайх Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен шайх Шамсиддин ибн Қамоҳани ўзининг Абул Аббосий Мустағфирийдан (ҳадис) жамланмаси устида топдим, шунда у (менга бир ҳадисни қандай ўрганганини) ҳикоя қилиб: “Мен имом Абу Ҳомидил Мисрийдан илм излаш орзусида, Мисрга боришга қарор қилдим. У зот билан кўришганда Холид ибн Валиддан ривоят бўлган ҳадисни сўзлаб беришини сўрадим. У зот мени бир йил рўза тутишга буюрди. Бир йил рўза тутиб, сўнгра ўша мақсад илинжида яна у кишининг ҳузурларига қайтдим. Шунда у зот менга ўз шайхидан то Холид ибн Валидгача бўлган санад ила у ҳадисни айтиб берди”, деди. Ушбу ҳадис қуйидагича эди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу айтадилар:

— Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб у кишига:

— Мен сиздан дунё ва охират ҳақидаги баъзи нарсаларни сўрамоқчиман,-деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сенга маълум бўлмаган нарсалар ҳақида сўра.—дедилар.

— Эй Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен одамларнинг олимроғи бўлишни хоҳлайман?!

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга тақво қил, одамларнинг олимроғи бўласан!—дедилар.

— У: Инсонларнинг мол-дунёси кўпи бўлишни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан! — дедилар.

— У: Мен инсонларнинг афзалроғи бўлишни ёқтираман?! — деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Инсонларнинг яхшиси — уларга фойдаси тегадиган кишидир, инсонларга манфаат  етказувчи бўлгин!—дедилар.

— У: Инсонларнинг одилроғи бўлишни яхши кўраман?!- деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзинга яхши кўрган нарсани, бошқа одамлар учун ҳам яхши кўр, инсонларнинг одилроғи бўласан!—дедилар.

— У: Мен Аллоҳга инсонларнинг хосроғи бўлишни хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ зикрини кўпайтир, Аллоҳ таолога бандаларнинг хосроғи бўласан!—дедилар.

— У: Эҳсон қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга Уни кўриб тургандек, агар ундай қилолмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қил.—дедилар.

— У: Иймоним комил бўлишини ёқтираман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Хулқингни гўзал қил, иймонинг комил бўлади!—дедилар.

— У: Тоат қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳнинг фарзларини адо қилгин, тоат қилувчилардан бўласан!—дедилар.

— У: Қиёмат куни нурли ҳолда ҳашр қилинишимни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга зулм қилма! Қиёматда нурли ҳолда ҳашр қилинасан!—дедилар.

— У: Роббим таборака ва таоло менга раҳм қилишини яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзинга ва Аллоҳнинг яратганларига раҳм қил, Аллоҳ сенга раҳм қилади!—дедилар.

— У: Гуноҳларим оз бўлишини хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга истиғфор айт, гуноҳларинг камаяди!—дедилар.

— У: Одамларнинг карамлироғи бўлишни ҳоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ҳақида унинг халқига шикоят қилма, инсонларнинг карамлироғи ва улуғроғи бўласан!—дедилар.

— У: Ризқимни кенг бўлишини хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Доимо таҳоратли бўлгин! Ризқинг кенгайтирилади!—дедилар.

— У: Аллоҳ ва Унинг расулига суюкли бўлишини хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ва Унинг расули яхши кўрган нарсаларни яхши кўр, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ғазаб қилган нарсага сен ҳам ғазаб қил!—дедилар.

— У: Аллоҳнинг норозилигидан омонда бўлишни хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга ғазаб қилма, Аллоҳнинг ғазаби ва норозилигидан омонда бўласан!—дедилар.

— У: Аллоҳ айбларимни яширишини истардим?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биродарларинг айбини яширсанг, Аллоҳ сенинг айбларингни яширади!—дедилар.

— У: Менинг хатоларимни ўчириб юборадиган нарса нима?—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёши, хузуъва касалликлар!—дедилар.

— У: Аллоҳнинг наздида яхшиликнинг қайси бири афзалроқ?—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳусни хулқ , тавозеъ, балоларга сабр қилиш ва қадарга рози бўлиш!—дедилар.

— У: Аллоҳнинг наздида қайси гуноҳ улкан?—деди.

— У зот: Ёмон хулқ ва бахил бўлиш!—дедилар.

— У: Роҳманнинг ғазабини сўндирадиган амал нима?—деди.

— У зот: Махфий садақалар қилиш ва силаи раҳм!—дедилар.

— У: Жаҳаннамни ўтини нима ўчиради?—деди.

— У зот: Рўза!—дедилар.

 

Манбалар асосида

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ тафсир қилган Қуръони карим оятларидан мисоллар

25.09.2025   611   7 min.
Расулуллоҳ ﷺ тафсир қилган Қуръони карим оятларидан мисоллар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ислом шариатда суннатнинг тутган ўрнини янада яхшироқ англаб олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим оятларини қилган тафсирларидан мисоллар келтирайлик.

Намоз – Ислом шариатининг беш устунидан бири, фарз саналган ибодатлардан, шаҳодатдан кейин турувчи амал. Қуръони каримнинг 70дан ортиқ оятларида намоз ўқишга буюрилади. Аммо бирорта оятда уни қандай адо этишнинг тартиблари баён этилмаган.

Тўғри, намоздаги: руку, сажда, қиём каби айрим ҳаракатлар ҳақида оятлар бор, аммо намозни тўлиқ адо этиш тартиби ҳақида ҳеч қандай оят учрамайди. Бу борада, фақатгина суннат орқали намоз ўқишни ўрганиш мумкин. Суннатдан бошқа бирор манба орқали уни ўрганиб бўлмайди.

Демак, Аллоҳ таоло 70 дан ортиқ оятларда намоз ўқишга буюриб, уни қандай адо этишни тўлиқ баён этмаганлигининг сабаби бу – суннатнинг аҳамияти ва унинг ўрнини билдириш учундир. Зеро, Қуръони каримда илмларнинг асоси баён этилади, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, изоҳлаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифасидир.

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда намозни ўз вақтида ўқишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ талол бундай марҳамат қилади:

إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا

"Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир" (Нисо сураси, 103-оят).

Аммо бирорта оятда намозни қачон ўқиш кераклигининг аниқ вақти баён этилмаган. Ҳатто фарз намози беш маҳал экани ҳам Қуръонда келмаган. Намознинг беш маҳаллиги ва бир кеча-кундузда уларнинг ўқилиш вақтларини фақатгина суннат орқали билиш мумкин.

 

Қуръонда намознинг ракатларининг сонини билдирувчи бирорта оят йўқ. Фақатгина суннат орқали бомдод намози 2 ракат, пешин, аср, ҳуфтон намозлари 4 ракат, шом эса 3 ракат фарздан иборат эканини билиш мумкин. Суннатни ўрганмай туриб ҳатто Ислом динининг устунларидан бўлган – намозни ҳам тўғри адо этиш мумкин эмас.

 

Ислом динининг учинчи устуни – закот. Қуръони каримда 30 дан ортиқ оятда таъкидланган фарз амал. Аммо закот кимларга фарз? Закотни қачон бериш керак? Нималардан закот берилади ва нималардан берилмайди? Агар суннат бўлмаганда бу саволлар очиқ қоларди. Айнан Набий алайҳиссалом ким ва кимга зкаот берилишини аниқ, очиқ-равшан тушунтириб берганлар.

 

Ислом динининг тўртинчи устуни – ҳаж. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَلِلَّهِ عَلَى ٱلنَّاسِ حِجُّ ٱلۡبَيۡتِ مَنِ ٱسۡتَطَاعَ إِلَيۡهِ سَبِيلٗاۚ 

"Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир" (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ушбу оятда ҳаж амалини неча маротаба бажариш лозимлиги баён этилмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банда умри давомида соғлом ва молиявий жиҳатдан қодир бўлганда бир маротаба адо этиши фарз эканини таъкидлаганлар.

 

Ислом динининг навбатдаги устуни – Рамазон ойининг рўзаси. Қуръони каримда рўзанинг асосий шартлари баён этилган оятлар мавжуд. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва амаллари орқали ушбу ибодат батафсил тушунтирилган. Хусусан, рўзадорлар учун еб-ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан ташқари яна қандай амалларни бажариш тақиқланган? Қайси шартларга кўра кундуз куни рўзани очиб юбориш мумкин? Рўзадорнинг хулқи қандай бўлиши керак? Бу саволларга фақат суннат орқали жавоб топиш мумкин.

 

Қуръони каримда жунубликдан покланиш алоҳида таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай буюради:

وَإِن كُنتُمۡ جُنُبٗا فَٱطَّهَّرُواْۚ

"Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!" (Моида сураси, 6-оят).

Бошқа оятда эса, жунуб ҳолатда намозга яқинлашмаслик айтилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡرَبُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنتُمۡ سُكَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَعۡلَمُواْ مَا تَقُولُونَ وَلَا جُنُبًا إِلَّا عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىٰ تَغۡتَسِلُواْۚ

"Эй, иймон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз! Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам, то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз)" (Нисо сураси, 43-оят).

Аммо оятларда жунубнинг таърифи ва жунуб одам қандай покланиши лозимлиги баён этилмаган. Албатта бу саволларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб берадилар.


Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ يَكۡنِزُونَ ٱلذَّهَبَ وَٱلۡفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ فَبَشِّرۡهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٖ

«Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида "хушхабар" беринг!» (Тавба сураси, 34-оят).

Ушбу оятда мол-дунёни Аллоҳ ризолиги йўлида сарфлаш мақталмоқда, аммо уларни тўплаб қўйиш, сарфламаслик қаттиқ қораланмоқда. Лекин қанча мол-дунёни йиғиш мумкин ва уни қаерларга сарфлаш кераклиги баён этилмаган. Бу саволларга ҳам суннат орқали жавоб топиш мумкин.

 

Қуръони каримда никоҳи ҳаром қилинган аёлларнинг бирин-кетин рўйхати келтирилиб, унда икки опа-сингилни қўшиб никоҳга олиш ҳаром экани алоҳида таъкидланади:

وَأَن تَجۡمَعُواْ بَيۡنَ ٱلۡأُخۡتَيۡنِ

"Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди)(Нисо сураси, 23-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни кенгроқ шарҳлаб, бу тақиқ нафақат икки опа-сингилга, балки она ва ота томондан хола ва жиянга[1] ҳам тегишли эканининг хабарини берганлар.

 

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

ٱلۡيَوۡمَ أُحِلَّ لَكُمُ ٱلطَّيِّبَٰتُۖ 

"Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди" (Моида сураси, 5-оят).

Нималар покиза нарсалар эканини билиш, уларнинг рўйхати билан танишиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қилиш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол бўлган нарсалар билан бирга ҳалол бўлмаган нарсаларнинг ҳам хабарини берганлар. Агар у зот алайҳиссалом уларнинг рўйхатини умматларига эълон қилмаганларида ҳар бир инсон ўзича бу оятни талқин қилган бўларди. Оқибатда ҳалол билан ҳаром нарсаларнинг чегараси бузилиб кетарди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, лекин юқорида келтирилган далиллар мавзунинг моҳиятни кўрсатиш учун етарли.

 

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси


[1] Бир киши бир вақтнинг ўзида опа-сингилни, жиян билан амма, холаларни никоҳига олиши мумкин эмас. Ҳадисда "Бир аёлнинг устига аммаси ёки ҳоласи ёхуд ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари никоҳ қилинмайди" дейилади (Имом Бухорий ривояти).