Янги Ўзбекистон диний эътиқодлар ҳамда маданий-маънавий омилларнинг умумий силсиласига кирувчи, тенг ҳуқуқли қадрият сифатида тан олинди ва тўла эркинлик берилди. Диний ташкилотларга қонун доирасида очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатиш имконияти яратилди. Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ислом динига, бошқа миллат вакиллари эса ўзларининг дин ва мазҳабларига эмин-эркин эътиқод қилмоқда. Диний эмин-эркинлик ҳақида сўз юритар эканмиз ҳозирда юртимизда 15 дан ортиқ диний конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида яшамоқдалар. Улар ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий барқарорликни таъминлаш йўлида ҳамжиҳат фаолият юритмоқдалар.
Ер куррасида фахрли ўринни олган суверен демократик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куни мамлакатимиз узра кириб келмоқда. Бу муқаддас анъанавий кун она диёримизда байрам сифатида кенг нишонланиши халқимизнинг асл муддаосидир. Қомусимизда халқимиз руҳига мос келадиган диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, адлу инсоф, имон-эътиқод, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги, иффат, ҳаё, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари, фуқароларнинг бурчлари каби энг эзгу ижтимоий мавзуларнинг мужассам бўлгани сабабли у мамлакатимиз равнақига ўз хиссасини қўшмоқда.
Айтишимиз мумкинки, кўп миллатли Ўзбекистонимизда турли диний эътиқодлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган. Бу қуйидаги: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар”. (18-модда) дейилган жумлаларда ўз ифодасини топган. Эътибор берсак, мазкур моддада диний эътиқод ҳамда миллий ҳаётга, фуқароларнинг миллий ҳис-туйғуларига дахлдор муҳим аҳамиятга эга қатор тамойиллар белгилаб қўйилганига ишонч ҳосил қиламиз.
Дарҳақиқат, жаннатмакон юртимизда, сўнгги йилларда аҳолининг диний қадриятларга эътиборининг ортиши тарихий-анъанавий маданиятни тиклашда муҳим омиллардан бирига айланган. Юртимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, миллий ва диний ислоҳотлар ҳақида сўз юритар эканмиз, ислом динига, унинг қадриятларига бўлган муносабат нечоғли ривожланиб бораётганига яна бир бор гувоҳ бўламиз.
Яхши биламизки, мустақиллик йилларида юртимизда ислом дини равнақи ва тараққиёти йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги, шу кунларда қабул қилинганлигини кенг нишонланиш арафасида турган Асосий бош Қомусимизда кафолатланиб қўйилган. Бу Конституциямизнинг “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда).деган иборалар билан ўз аксини топган.
Мамнуният билан айта оламиз, халқимизни барчаси учун хизмат қилиш Қонунимизда белгилаб берилган. Унда айнан меҳр-шафқат кўриниши қуйидаги 45-моддада ўз ифодасини топган: “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”. Бундай инсонпарварлик рамзи бўлмиш меҳр-мурувватни муқаддас динимиз, миллийлигимизнинг ҳаёт бахш таълимоти, аввало, инсонни энг азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Одамлар дин ва эътиқодда бир-бирларидан фарқлансаларда, асосий қонунимизнинг тамойили билан фуқаролар тенг ҳуқуқли, уларнинг ўзаро меҳр-шафқатли, ҳамда дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашда барча баробардирлар.
Биламизки, асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқаларга кўра инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта ҳам модданинг йўқлигидан, ўйлаймизки, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор. Шунга кўра азалдан аждодлардан мерос бўлиб келаётган ота-она ва фарзандлар муносабати инсоний фазилатлар сифатида оила ва никоҳга ката эътибор қаратиб келинган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила дея эътироф этилган. Бу эса Конституциянинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғини дирҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб оилага алоҳида тўхталиб ўтилган.
Бир сўз билан айтганда Юртимизда кафолатлаб қўйилган дину-диёнат эркинлиги, инсоний ғамхўрликларни, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни, тинчлик-осойишталикни илоҳий марҳамат ва улуғ неъмат деб қабул қилиб, улар учун шукроналар келтиришимиз айни мусулмончилик бурчимиздир. Зеро, бу билан Аллоҳнинг “Шукр этсаларингиз, албатта зиёда этаман” деган чақириғига мувофиқ бўламиз.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.
“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.
Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).
Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.
Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.
Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.
Ота-онангиз номидан садақа қилинг.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имрм Муслим, Имом Насоий ривояти).
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).
Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.
Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».
Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД