Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Конституция бахтимиз қомусидир

08.12.2021   3228   4 min.
Конституция бахтимиз қомусидир

Аллоҳ таоло бизга гўзал, озод ва обод Ватан ато этди. Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсинки юртимизга истиқлол неъмати берган улуғ имкониятлардан бири бу халқимизнинг ҳурлик ва озодлиги, унинг кафолатларини таъминловчи бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси саналади.

Жорий йилнинг 8 декабрь санасида ҳам миллий анъаналаримизга монанд равишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги кунини кенг нишонлаймиз. Биз бу байрамни чин юракдан, дилдан кутамиз. Сабаби, ушбу муҳим ҳужжатнинг муқаддимасидан тортиб ҳар бир моддаси юксак тафаккур билан ишланган. Энг асосийни инсонийлик қадри ва қиймати кафолати мухрлаб қўйилган.

        Ундаги моддалар мазмуни жаҳон андозаларига мос келиши, инсонпарварлиги, кишиларнинг виждон эркинлиги, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиши ва бошқа қатор муҳим жиҳатларни ўзида акс эттирганлиги дунё миқёсидаги қонуншунослар томонидан ҳақли равишда эътироф этилган.

Бош Қомусимизнинг катта бир имкониятларидан бири шуки, юртимизга асрий қадриятлар қатори муқаддаси динимиз эъзози ҳам ўз ўрнига қўйилгандир.

Исломни улуғлаган, унинг инсонни маънавий камолотини тарғиб қилишга хизмат қилувчи таълимотини ҳурматлаган юртдошларимиз эса бугун эмин-эркин ибодат қилишаяпти. Жойларда юзлаб масжидлар, ислом олий ва ўрта махсус ўқув юртлари фаолият олиб боряпти.

        Мазкур асосий қонунда фуқароларимизнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши узоқ йиллар динга нисбатан тазийқ остида яшаган халқимиз учун катта аҳамиятга эга бўлди. Демократиянинг асосий тамойилларидан бири бўлган, эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласи Конституцияда ўз аксини тўлиқ топган. Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланди. Аниқроғи, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга бўлди. Ҳеч қайси дин давлат дини даражасига кўтарилмаслиги, барча миллат, элат ва дин вакилларининг қонун олдида тенг эканликлари жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлган юртимизнинг демократик тамойилларга асосланган мустақил тараққиёт йўлига эга давлат эканлигининг ёрқин далили сифатида намоён бўлди.

        Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-соддасида: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб белгилаб қўйилган.

Истиқлол йилларида диний бағрикенглик масаласи юртимиз бош шиорларидан бири сифатида майдонга чиқди. Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва 16 та диний конфессия вакиллари аҳил ва баҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Бу ҳам бўлса қомусимиз кафолатидир.

  Биргина бу моддани таҳлил қиладиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят), оятига ҳамоҳанг тарзида белгилаб қўйилганлигини кўришимиз мумкин.

        Мухтасар қилиб айтганда, Конституция миллатимиз фаҳри. Динимиз кўрсатмаларини ҳам бу қомусимизда кўришимиз мумкин. Мамлакатимиз бағрикенглик соҳасида динлар ва миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўрната олган ҳамда бу соҳада бошқаларга намуна бўла оладиган давлат сифатида жаҳонда ўз ўрнига эгадир.

        Шу фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Давлатимиз қомуси Конституция қабул қилинган кун билан самимий муборакбод этиб қоламан.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, барча халқимизни ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва тотувликда яшашлари Яратганнинг ўз бардавом айлашлигини сўраб қоламан.

Мирзамақсуд домла Алимов

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили,
вилоят бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дуолар ижобати ҳалол луқма билан

07.09.2026   36508   2 min.
Дуолар ижобати ҳалол луқма билан

“Аллоҳ таоло бандасининг ҳалол ортидан қувиб ҳолдан тойган ҳолида кўришни яхши кўради” (Имом Суютий ривояти).

* * *

“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).

* * *

“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”

(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).


Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.


Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).

 

Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

Ибратли ҳикоялар