Аллоҳ таоло бизга гўзал, озод ва обод Ватан ато этди. Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсинки юртимизга истиқлол неъмати берган улуғ имкониятлардан бири бу халқимизнинг ҳурлик ва озодлиги, унинг кафолатларини таъминловчи бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси саналади.
Жорий йилнинг 8 декабрь санасида ҳам миллий анъаналаримизга монанд равишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги кунини кенг нишонлаймиз. Биз бу байрамни чин юракдан, дилдан кутамиз. Сабаби, ушбу муҳим ҳужжатнинг муқаддимасидан тортиб ҳар бир моддаси юксак тафаккур билан ишланган. Энг асосийни инсонийлик қадри ва қиймати кафолати мухрлаб қўйилган.
Ундаги моддалар мазмуни жаҳон андозаларига мос келиши, инсонпарварлиги, кишиларнинг виждон эркинлиги, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиши ва бошқа қатор муҳим жиҳатларни ўзида акс эттирганлиги дунё миқёсидаги қонуншунослар томонидан ҳақли равишда эътироф этилган.
Бош Қомусимизнинг катта бир имкониятларидан бири шуки, юртимизга асрий қадриятлар қатори муқаддаси динимиз эъзози ҳам ўз ўрнига қўйилгандир.
Исломни улуғлаган, унинг инсонни маънавий камолотини тарғиб қилишга хизмат қилувчи таълимотини ҳурматлаган юртдошларимиз эса бугун эмин-эркин ибодат қилишаяпти. Жойларда юзлаб масжидлар, ислом олий ва ўрта махсус ўқув юртлари фаолият олиб боряпти.
Мазкур асосий қонунда фуқароларимизнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши узоқ йиллар динга нисбатан тазийқ остида яшаган халқимиз учун катта аҳамиятга эга бўлди. Демократиянинг асосий тамойилларидан бири бўлган, эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласи Конституцияда ўз аксини тўлиқ топган. Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланди. Аниқроғи, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга бўлди. Ҳеч қайси дин давлат дини даражасига кўтарилмаслиги, барча миллат, элат ва дин вакилларининг қонун олдида тенг эканликлари жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлган юртимизнинг демократик тамойилларга асосланган мустақил тараққиёт йўлига эга давлат эканлигининг ёрқин далили сифатида намоён бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-соддасида: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб белгилаб қўйилган.
Истиқлол йилларида диний бағрикенглик масаласи юртимиз бош шиорларидан бири сифатида майдонга чиқди. Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва 16 та диний конфессия вакиллари аҳил ва баҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Бу ҳам бўлса қомусимиз кафолатидир.
Биргина бу моддани таҳлил қиладиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят), оятига ҳамоҳанг тарзида белгилаб қўйилганлигини кўришимиз мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, Конституция миллатимиз фаҳри. Динимиз кўрсатмаларини ҳам бу қомусимизда кўришимиз мумкин. Мамлакатимиз бағрикенглик соҳасида динлар ва миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўрната олган ҳамда бу соҳада бошқаларга намуна бўла оладиган давлат сифатида жаҳонда ўз ўрнига эгадир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Давлатимиз қомуси Конституция қабул қилинган кун билан самимий муборакбод этиб қоламан.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, барча халқимизни ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва тотувликда яшашлари Яратганнинг ўз бардавом айлашлигини сўраб қоламан.
Мирзамақсуд домла Алимов
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили,
вилоят бош имом-хатиби
Ёмонликдан қайтариш
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини, суратларию сийратларини таърифлаб: «Биринчи бор кўрган киши у зотдан ҳайбатланар эди. У зот билан аралашиб, таниган киши эса яхши кўриб қоларди. У зотни сифатлаган киши: “Ундан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек бирор кишини кўрмадим”, дейди, деган» (Имом Термизий, “Шамоили Муҳаммадия”).
Ҳақиқатан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда салобат ҳам, виқор, марҳамату шафқат ҳам – хуллас, ҳамма гўзал сифатлар, фазилатлар жамланган эди. У зотни илк марта кўрган ҳар қандай киши сергак тортар, виқорларидан, салобатларидан ҳайбатланар эди. Лекин Набий алайҳиссалом билан гаплашган, суҳбатда бўлган одам у зотнинг ҳалимликлари, гўзал сўзлари, мукаммал одоб ва ахлоқларига маҳлиё бўлиб қоларди...
Бугун ўзини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматиман деб ҳисоблаб, у зотнинг суннатларига мос тарзда дўппи кийган, соқол қўйган айрим кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг олдига бориб, улар билан танишсангиз, дастлаб хурсанд бўласиз. Бироқ бироз ўтиб уларнинг хатти-ҳаракталаридан ёқа ушлайсиз.
“Албатта, жасадинг (тананг)нинг ҳам сенда ҳаққи бор” (Имом Бухорий ривояти) ҳадисига мувофиқ ҳар чоршанба спорт билан шуғулланамиз. Майдонга борсак, бизлар билан бир вақтда ёнимиздаги майдонга ҳам йигитлар йиғилишди. Соқол қўйган, айримларининг бошида дўппи ҳам бор. Салом беришди, алик олдик.
Чамаси ярим соатлар ўтиб, улардан бири сўкина кетди. Йигитларга қилган ҳавасимиз нафратга айланди. Оғзидан боди кириб-шоди чиқавергач, охири уларга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Бир-икки нафари тамаки ҳам тутата кетди.
“Ёшлар қизиққон бўлади-да”, дея уларни оқлашга шошмаслигимиз керак. Миллий ва диний қадриятларимизга путур етказадиган, бутун бир авлодга салбий таъсир қилаётган иллат – ёшларнинг соқол қўйиб, дўппи кийиб, тамаки тутатганча сўкинаётганини ҳеч ҳам тушуниб бўлмайди.
Яна бир ҳолат. Эрталаб ишга шошиб кетаётсам, чамаси 55-60 ёшни қоралаб қолган бир отахоннинг уловини бир йигит машинаси билан бироз сиқиб қўйди. Шунда соқолли, бошида дўпписи ярашиб турган киши уловининг ойнасидан ҳалиги йигитни бўралатиб сўкиб кетди.
Шу воқеани кўриб, соқол қўйиб, дўппи кийиб олган, бироқ оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган ёшлар осмондан тушмаганига, улар ҳам бизнинг орамизда, ўзбек оилаларида яшаб улғаяётганига амин бўлдим.
Ёшларнинг айниб кетаётганига интернет ва ижтимоий тармоқларга соқолли блогерлар, дўппи кийиб олган вайнерлар ва яна аллакимлар жойлаётган бемаъни, тутуруқсиз лавҳалар ҳам сабаб бўлаяпти. Ёшлар тақлидга ўч бўлади. Шу боис улар оилада, кўча-кўйда кўрган нарсаларини амалда қўллашни истайдилар.
Кўчада дўппи кийиб, соқол қўйиб юрган ёшни кўрган одам уни одобли, тарбияли ёки тақводор деб ўйлаши мумкин. Аммо ташқи кўриниш инсоннинг ички дунёсига кафил бўла олмайди. Инсонни кийими билан эмас, хулқи билан таниш керак. Дўппи кийиш яхши фазилатларнинг ўрнини босмайди, соқол қўйиш одобнинг кафолати эмас. Агар инсон ташқи қиёфасидаги маънавий даъвони ички тарбияси билан уйғунлаштирса, шунда унинг кўриниши ҳам, сўзи ҳам, амали ҳам бир-бирига мос келади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Икки йил илм олдим. Одоб-ахлоқни ўн саккиз йил ўргандим. Қанийди, йигирма йил ҳам одоб-ахлоқни ўрганганимда эди”, деб бежиз айтмаган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Одобни ўттиз йил ўргандим, илмни йигирма йил ўргандим”, деган.
Биз юқорида тасвирлаган ёшларда айнан одоб-ахлоқ етишмаяпти, дея оламиз. Бундай кимсаларга кийган дўпписи ақлини ишлатишга монелик қиляпти, иягида соқол ўсибди-ю, аммо онги ўсмабди, дейиш мумкин.
Ёшлик – жўшқин давр. Шу билан бирга, бу даврда ёшлар катталарга тақлид қилиб улғаядилар. Шундай экан, катталар ҳам одоб-ахлоқда барчага намуна бўлсалар, ёшлар улардан ибрат олиб, миллий қа диний қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил ҳолатлардан йироқ бўладилар.
Содиқул масдуқ зот – Муҳаммал соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Ўз соясига оладиган етти тоифанинг иккинчиси “...Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит...”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Хўш, Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит ким, у қандай бўлади?
Аввало, у сўзи ва амали уйғун бўлган, Расулуллоҳнинг суратларию сийратларини ўзида мужассам этган навқирон авлод вакили бўлади. У ҳар бир ишини Аллоҳ учун қилади, хатти-ҳаракатлари, муомала-муносабатлари Исломннг зилол чашмасидан суғорилган, миллий қадриятларимизда белгиланган мезонларга асосланади.
У ўзига Набий алайҳисаломнинг: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради” (Имом Термизий ривояти), деган муборак ҳадисларини мезон қилиб олади.
У, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини ташлаб қўймайди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
“Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит” мактабу мадрасада Имом Бухорий, Хоразмийдек “аълочи”, олий таълим муасссасида Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек тиришқоқ, пешқадам, Ватан сарҳадларини қўриқлашда Холид ибн Валиддек, Нажмиддин Кубродек моҳир аскар, тижоратда Абдураҳмон ибн Авфдек уддабурон, зироатда Саъд ибн Абу Ваққосдек миришкор деҳқон, тиббиётда Абу Али ибн Синодек ҳозиқ табиб, ҳандасада Аҳмад ал-Фарғонийдек кучли муҳандис, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида барчага ибрат бўлиши керак. Ана шунда унга айтган гаплари, кийган кийимлари, шаклу шамойили ярашиб тушади. Ҳамма унга ва ота-онасисига раҳмат айтади.
Толибжон НИЗОМ