Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан Мисрнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Қоҳира университети археология факультети декани Аҳмад Ражаб Ризқ билан музокаралар ўтказилиб, илм-фан соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишлари муҳокама қилинди.
Аҳмад Ризқ 2008-2011 йилларда Мисрнинг Тошкентдаги элчихонаси маданият бўйича маслаҳатчиси, ваколатхона ҳузуридаги Маданият маркази мудири лавозимида фаолият юритган, 2017 йилда “Бухоро асори атиқалари ва ислом тамаддуни” номли китоб нашр этган. 2018 йил унинг Самарқандга бағишланган навбатдаги китоби босмадан чиққан.
Ҳозирда араб ва турк илмий манбаларига асосланиб, Тошкент, Хива, Термиз ва Фарғона тўғрисидаги китобларни нашрга тайёрламоқда. У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил августдаги фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Суҳбат чоғида Аҳмад Ризқ халқларимизнинг тарихий мустаҳкам ҳамкорлиги тўғрисида сўзлар экан, минг йилдан ошиқ алоқаларни ўзида акс эттирувчи мамлуклар мероси, Аҳмад Фарғонийнинг Қоҳирадаги изланишлари, Аюбийлар даврида 70 мингдан ортиқ туркий халқларнинг Миср заминида қўним топиши, Қоҳира марказида “Ўзбекия” туманининг мавжудлиги мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Шу муносабат билан Аҳмад Ризқ томонидан Моварауннаҳрнинг буюк тарихини ўзида акс эттирувчи 7 жилдли китоб тайёрлангани, ушбу ноёб қўлланма асосида Қоҳира университети археология факультетининг 5 минг нафардан ортиқ талабаси ва 100 нафардан зиёд профессор-ўқитувчиси магистрлик ва докторлик ишларида фаол фойдаланаётганини қўшимча қилди.
Аҳмад Ризқ археология факультетида тарихий обидаларни таъмирлаш, исломий меъморчилик ва ёғоч ўймакорлигини тадқиқ этиш, тўқимачилик, гиламчилик ва зардўзлик санъати сирларини ўрганишга ихтисослашган 3 та лаборатория ҳам мавжудлигини маълум қилди.
Ушбу лабараторияларда ислом дунёси халқлари, жумладан Бухоро, Самарқанд, Хоразм тарихий-маданий меросига оид маълумотлар берилади.
Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида илм-фан ва таълим соҳасида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ижроси доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази