(“Сиз терган рақам хизмат доирасида...”)
Ислом – ғоят гўзал дин. Барча замон ва ҳамма маконларга мос. Гўзаллиги шундаки, динимиз ўз таълимотлари билан инсониятнинг бахтли-саодатли яшашини очиқ-ойдин кўрсатиб берган. Шу кўрсатмаларга риоя қилган кишининг қайғуриши у ёқда турсин, ҳатто бир лаҳза бўлса-да, ноқулай вазиятга тушиб қолмаслиги кафолатланган.
Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Муборак ҳадиси шарифни бежиз келтирмадик. Чунончи, бугун кўплаб оилаларга дарз кетиб, Аршнинг ларзага келишига, маъсум гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишига, ўсмирларнинг боши берк кўчага кириб қолиб, жиноятга қўл уришига, қизлар баҳорида хазон бўлишига мобил телефон сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас...
Аслида муборак Ислом динимизда шахснинг дахлсизлиги юқори даражада ҳимояланган. Бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки тортиб олиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз хаттоки назар солиш ҳам мумкин эмас! Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробардир”, – деганлар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Уламоларимиз “назар солиш”га оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Бугун бировнинг мобил телефонидаги СМСлар ва ҳоказоларга назар солишнинг ҳукми ҳам шундай!
Бутун бошли ўрмоннинг куйиб кул бўлишига бир гугурт донаси кифоя қилганидек, жамиятнинг таназзулга учрашига ҳам, минг афсуски, арзимас омил ва баҳоналар сабаб бўлаётир... Қолаверса, халқ орасида юриб, уларнинг мурожаатлари, саволларини тинглаб, мобил телефондан тўғри (!) фойдаланилса, кони фойда экани, акс ҳолда, бу матоҳ аср муаммосига айланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис динимиз таълимоти асосида мобил телефондан фойдаланишнинг тартиб-таомиллари, қоидаларини келтириб ўтишни лозим топдик.
Миллий ва диний қадриятларимиз асоси бўлган Ислом динимизнинг ЭНГ МУҚАДДАС ва ЭНГ ОЛИЙ китоби бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “ҳаёт энциклопедияси”да учрайдиган барча саволларга аниқ, батафсил ва мукаммал жавоб бор!
Энг аввало унутмаслик лозимки:
1) телефон орқали бизни чақираётган ҳам одам;
2) рўпарамиздаги одам билан мулоқот қилганда, нималарга эътибор қаратсак, телефонга жавоб беришда ҳам шуларни инобатга олиш лозим;
Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва хамлалардан, туҳмат ва буҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш – ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа!
Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, турли оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган бир онда мазкур сўзлар жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво, балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак...
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
2025 йил 10 июль куни Қуръони Карим ходими, устоз, шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум бошчилигида «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими ходимлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасига ташриф буюришди.
Маълумки, кутубхонада турли мавзудаги нодир қўлёзма асарлар, Қуръони Карим қўлёзма нусхаларининг намуналари сақланади. Мана шундай нодир манбалардан бири Ҳазрати Усмон мусҳафи ҳисобланади. Қуръони Каримнинг ушбу ноёб ва қадимий қўлёзма нусхаси тадқиқотчилар ва кенг жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди. Ушбу йиғилиш давомида берилган топшириқлар бўйича 50-сон Баённоманинг 47-бандида Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифаларининг консервация ва реставрация қилинишини таъминлаш белгиланган. Мазкур дастурни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси қўллаб қувватлови остида хорижлик мутахассислар, жумладан, Кембриж университетидан Кристине Росе, франциялик реставраторлар Акселл Делеау ва Коралие Барбе, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар Усмон мусҳафини босқичма-босқич таъмирлаш режасини ишлаб чиқиб, келгусида муҳофаза қилиш бўйича тавсияларни бердилар. Жумладан, «енгил реставрация ишлари»ни амалга оширишдан аввал Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифаларини сканер қилиш ва матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича йўналишлар белгилаб олинди.
Ушбу хайрли ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Унда «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими мудири шайх Алижон қори Файзуллоҳ ва Кутубхона мудири Камолиддин Маҳкамов бошчилигида бўлим ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда «Мўйи муборак» мадраса-музейида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафининг тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, уни келажак авлодлар асраб-авайлашга хизмат қиладиган муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифалари ва фондда сақланаётган 1905 йилда Санкт-Петербургда олинган нусхасини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, келгусида қилинадиган ишлар режалаштирилди.
AlQuranuz