Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Ўзбекистонда ислом молияси қачон жорий этилади?

07.12.2021   1722   6 min.
Ўзбекистонда ислом молияси қачон жорий этилади?

“Ислом молияси” лойиҳаси асосчиларидан бири ва Islamic Business and Finance (IsBF) компанияси директори Жаҳонгир Имaмназаров Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.
Ж.Имaмназаров ТИИ 4-курс талабалари учун “Ўзбекистонда ислом молия муассасалари ташкил қилиш муаммо ва истиқболлари” мавзусида маъруза қилди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти матбуот хизмати хабарига кўра, бугунги кунда ислом молиявий хизматлари улуши дунё молия бозорида ортиб бориб, ўзида инновацион молиялаштириш механизмларини жамлаган соҳа сифатида муҳим молиявий манбалардан бирга айланиб бормоқда. Сўнги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бораётгани бунинг яққол далилидир.

Ислом молиявий хизматларини кўрсатишда муносабат бевосита реал иқтисодий активларга йўналтирилади, тарафлар ўртасида фойда ва зарарни бўлишиш ёки савдо амалиётларига асосида аниқ иқтисодий натижага боғланади. Ислом молиявий хизматларида молиялаштирувчи (банк, кредит ташкилоти) ва молия маблағларини қабул қилувчи лойиҳа муваффақияти ва самарадорлигида тенг ҳуқуқли ва биргаликда манфаатдор хамкорларга айланади. Ушбу белгилар билан ислом молиявий хизматларини кўрсатиш жараёнидаги муносабатлар анъанавий молиявий тизимлардаги муносабатлардан фарқланади.

Шунингдек, ҳуқуқ назариясида англосаксон (Англия, АҚШ в.ҳ.к.), романо-герман (Герамания, Франция, Россия в.ҳ.к) ва ислом ҳуқуқи сингари ҳуқуқ оилалари мавжуд. Жамиятдаги ўзгаришларнинг мунтазамлиги ва бугунги кундаги глобализация даврида ушбу ҳуқуқ оилаларидаги мавжуд нормалар ва шартларидан фойдаланиш зарурияти кенгаймоқда.

Таъкидлаш лозимки, юртимиз фуқаролари ва тадбиркорларида ҳам фоизларсиз банк ва молиявий хизматларга бўлган қизиқиш жуда юқори бўлганлиги сабабли, ислом молиявий хизматларини кўрсатиш тизимини шакллантириш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-№4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўриш таъкидланган;

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадирлари тўғрисида”ги 05.03.2019 йилдаги ПҚ-4224-сонли қарори 2-бандида Ўзбекистон Республикасининг ИТБ гуруҳи ва АМГ билан узоқ муддатли шериклигининг асосий йўналишлари ҳамда вазифаларидан бири сифатида давлат-хусусий шериклиги механизмларини, жумладан вақф-жамғармаларни ташкил этиш йўли билан қўллаб-қувватлаш дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда татбиқ қилиш белгиланган;

– Ислом тараққиёт банки ва унинг гуруҳи таркибига кирувчи ташкилотлар, хусусан Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом Корпорацияси (ICD), Халқаро ислом савдо молия корпорацияси (ITFC) ва Ислом тадқиқотлар ва тренинглар институти (IRTI) мамлакатимизда ислом молияси ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда;

– мамлакамизда ислом молияси бўйича бир қанча тренинглар ўтказилди. “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан, 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида “Ўзбекистон Республикасида Ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида тегишли вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро молия институтлари, Ўзбекистоннинг тижорат банклари, халқаро экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди;

– ўзбек тилида ислом молиясига оид назарий китоблар нашр этилди. Масалан, Ерлан Байдаулетнинг «Исломий молия асослари» ва Ринат Беккиннинг «Ислом иқтисодий модели ва замон» китоблари;

– Ўзбекистон тижорат банкларида ислом молия дарчаларини (ислом молиявий хизматлари кўрсатувчи шохобча) очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда;

– 2021 йил 11 январь куни AОКАдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Хамраев 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банк ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштираётганлигини маълум қилди;

– 2020 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов видеоконференция шаклида Ислом тараққиёт банкининг президенти Б.Хажар билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида 2021 йилда Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишини

Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди;

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2020 йилдаги Олий Мажлисга мурожатида мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақт-соати етиб келганлиги қайд этилди.

Юқоридаги объектив ҳолатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2020 йилдаги Олий Мажлисга мурожати ижросини таъминлаш борасида мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш масаласида қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни келтириб ўтиш мумкин:

1. Тегишли билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни бир жойга жамлаб, жамият ва давлат учун энг қулай ва самарали ёндашувни шакллантириш орқали ислом молиявий хизматларини жорий этишнинг ҳуқуқий базасини яратиш масаласида ишчи гуруҳ тузиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси янги таҳририда ислом молиявий хизматларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини яратиш борасида тегиши ҳуқуқий нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда хорижий тажрибага мурожат этмоқ даркор. Таъкидлаш мумкинки, қўшни Қирғизистон Республикасининг амалдаги Фуқаролик кодексида ислом молиявий шартномаларига оид ҳуқуқий нормалар алоҳида боб (34-1-боб. Финансирование в соответствии с исламским принципами финансирования) шаклида баён этилган.

3. Банк ва молия соҳасидаги амалдаги қонунларга ислом молиявий хизматлари, тамойиллари ва субъектларига оид ҳуқуқий нормларни киритиш. Хусусан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамданобанк кредит ташкилотлари тўғрисида ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

4. Ислом молиявий хизматлари борасида олий таълим муассасаларида изланиш ва тадқиқот ишларини олиб бориш, хорижда мавжуд илмий манбаларни ўрганиш ва ўзбек тилига таржима қилишни йўлга қўйиш.

Умид қиламизки, Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларининг жорий этилиши хорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши ҳамда банк ва молия тармоғида шаффоф рақобат муҳитини яратиш имкониятини беради. Натижада аҳолининг молия бозоридаги фаоллиги ошади, аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрида бўлган бўш пул маблағлари мамлакат иқтисодиёти ривожланишида максимал иштирок эта олиши имконияти яратилади, капитал бозорининг ривожланишига туртки бўлади, янги молиявий муассасалар ташкил қилиш имконияти яратилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

19.08.2026   79724   2 min.
Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.

Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.

Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.

Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари