Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Сентябр, 2025   |   5 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:57
Қуёш
06:16
Пешин
12:19
Аср
16:25
Шом
18:16
Хуфтон
19:28
Bismillah
27 Сентябр, 2025, 5 Рабиъус сони, 1447

Малайзия мутахассислари Ўзбекистонда ҳалол сертификат бериш марказини ташкил этмоқчи

06.12.2021   2578   1 min.
Малайзия мутахассислари Ўзбекистонда ҳалол сертификат бериш марказини ташкил этмоқчи

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия Менежмент ва фан университети (Management and Science University of Malaysia – MSU) асосчиси ва Президенти Моҳд Шукри билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.

2001 йилда ташкил этилган MSU таълим менежменти, туризм, маркетинг, бизнес бошқаруви каби турли соҳа ва мутахассисликлар бўйича олий таълим берувчи етакчи Малайзия хусусий университетларидан биридир. Университет туризм ва меҳмондўстлик соҳасида Малайзия университетлари орасида 1-ўринда туради.

Бундан ташқари, MSU турли касалликларга чалинган беморларни даволаш учун "MSU Medical Centre" ўз кўп тармоқли тиббиёт маркази бор. Университетда қўлқоп маҳсулотлари ишлаб чиқариш, дори-дармон ва озиқ-овқат қўшимчаларини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, шунингдек, ҳалол саноатни тадқиқ этиш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган марказ фаолият кўрсатмоқда.

Музокаралар чоғида MSUнинг Ўзбекистонда ҳалол сертификат бериш маркази ва/ёки лабораториясини яратиш ниятлари ҳақида ҳам хабар берилди. Малайзия томонининг сўзларига кўра, бу ўзбекистонлик озиқ-овқат маҳсулотлари экспортчилари учун мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Жануби-Шарқий Осиё давлатларига етказиб бериш ҳажмини ошириш учун ноёб имконият очади.

Учрашув якунлари бўйича MSU раҳбариятининг Ўзбекистонга яна бир ташрифини ташкил этиш бўйича юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ишларни бошлаш тартиби ва шартларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Рабиъус соний ойида содир бўлган тарихий воқеалар

26.09.2025   1660   6 min.
Рабиъус соний ойида содир бўлган тарихий воқеалар

Ҳижрий 3-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 624 йил сентябрь-октябрь) – Бану Сулайм қабиласи Мадинага ҳужум қилиш учун катта қўшин тўплаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар етиб келгани заҳоти (ёки Қурайш карвонини кўзлаб), у зот 300 жангчидан ташкил топган лашкар билан Мадинанинг жанубий тарафидаги Буҳрон деган жойга бордилар. Лекин жангсиз кейинги ойда Мадинага қайтиб келдилар. Бу юриш тарихга “Буҳрон ғазоти” номи билан кирган.

Ҳижрий 4-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 625 йил сентябрь-октябрь) – Ғатафон қабиласининг Бану Муҳориб ва Бану Саълаба уруғларидан ташкил топган саҳройи араблар бир жойга йиғилишаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар келганида, бу тошбағир ва тўпори бадавийларнинг дилларига қўрқув солиш мақсадида Нажд даштлари оша улар устига тезлик билан юриш қилдилар. Қароқчилик ва босқинчиликни ўзларига касб қилиб олган бу бадавийлар мусулмонларнинг келаётгани хабарини эшитиб, қўрқиб, тоғнинг тепасига чиқиб кетишди. Шундай қилиб, мусулмонлар бу босқинчи қабилаларнинг попукларини пасайтириб, дилларига қўрқув солиб қўйди ва жумодул аввал ойида Мадинага соғ-омон қайтиб келишди. Бу юришга “Нажд ғазоти” дейилади.

Ҳижрий 6-йил, рабиъус-соний ойи (ёки рабиъул аввал ойи / мил. 627 йил июль-август ёки август-сентябрь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уккоша ибн Миҳсан розияллоҳу анҳу бошчилигида 40 нафар саҳобани Ғамр суви атрофида жойлашган Бану Асад қабиласига юбордилар. Бу юришга “Уккоша ибн Миҳсан сарияси” дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу бошчилигида ўн кишилик сарияни Бану Саълаба диёридаги Зулқасса деган жойга юбордилар. У ерга етиб борганларида душман улар учун 100 кишилик пистирма тайёрлаб қўйган экан. Мусулмонлар уйқуга кетганда пистирмадагилар тўсатдан ҳамла қилиб, уларни ўлдириб кетишди, фақат битта Муҳаммад ибн Маслама яраланган ҳолда тирик қолди. Бу юришга “Муҳаммад ибн Маслама сарияси” дейилади.

Ҳижрий 6-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 627 йил август-сентябрь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Маслама сариясида ўлдирилган саҳобаларнинг қасосини олиш учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошчилигида 40 нафар саҳобани яна Зулқассага юбордилар. Улар тунлари пиёда йўл юриб, тонг пайти Бану Саълаба қабиласига ҳужум қилдилар. Душман тоққа қочиб чиқиб кетди. Мусулмонлар фақат бир кишини қўлга олди ва у мусулмон бўлди. Бу юришга “Абу Убайда ибн Жарроҳ сарияси” дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошчилигида бир сарияни Марруз-Заҳрондаги Жамум суви атрофида жойлашган Бану Сулайм қабиласи устига юбордилар. Бу юришга “Зайд ибн Ҳориса сарияси” дейилади.

Ҳижрий 9-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 630 йил июль-август) – Рум шоҳи Қайсар Муъта жангидан бир йил ҳам ўтмай, мусулмонлар енгиб бўлмас катта қудратга айланмасларидан туриб, уларни батамом тор-мор қилишга аҳд қилди ҳамда румликлар, уларга тобе бўлган Ғассон ва бошқа араб қабилалари иштирокида жуда катта қўшин ҳозирлаб, катта урушга тайёрлана бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлажак урушга тайёргарлик қилиш мақсадида аёлларидан бир ой давомида ийло қилдилар, яъни уларга яқинлашмасликка қасам ичдилар ва улардан четланиб, бир ҳужрани маскан тутдилар.

Ўша кунларда мунофиқлар ўз фитна ва макр-ҳийлаларига ўчоқ бўлиши учун масжид суратида бир марказ барпо қилдилар. У масжиднинг номи “Зирор” яъни, мусулмонларга зарар етказиш масжиди эди. Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу масжидларида намоз ўқиб беришларини сўрашди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушга тайёргарлик қилиш билан банд бўлганлари учун у ерда намоз ўқишни кейинга сурдилар.

Ҳижрий 18-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 639 йил апрель) – ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида Шом мамлакатидаги мусулмонларнинг аҳволидан хабар олиб келиш мақсадида Мадинадан саҳобалар билан йўлга чиқдилар. Шом чегарасидаги Сарғ қишлоғига етганида, Шомда ўлат тарқагани ҳақида хабар етиб келди ва Шомга кирмасдан ортларига қайтишди. Ўша ўлат сабабли, Шомда 25-30 минг мусулмон вафот этган. Ўлганлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Язид ибн Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амр сингари машҳур саҳобалар ҳам бор эди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, шаҳар аҳолисини тоғли ҳудудларга кўчиришни буюради. Чунки ўлат тоғ аҳолиси орасида тарқалмас экан. Шу сабаб, қолган халқ ўлимдан сақланиб қолган. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

Ҳижрий 368-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 978 йил ноябрь) – саҳобалар ҳақида ёзилган «Ал-истийъоб фи маърифатил асҳоб» китоби муаллифи Абу Умар ибн Абдул Барр роҳимаҳуллоҳ жума куни имом минбарда хутба ўқиётганида туғилди.

Ҳижрий 491-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 1098 йил март) – салб урушлари бошланди.

Ҳижрий 1252-йил, 21-рабиъус-соний (мил. 1836 йил 4 август) – машҳур «Раддул мухтор» китоби муаллифи, ҳанафий уламоларининг охирги муҳаққиқларидан Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ вафот этган.

Ҳижрий 1375-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 1955 йил ноябрь-декабрь) – Саудия давлати ўз тарихида Масжидул Ҳаромни илк бор кенгайтириш ишларини бошлади.

Ҳижрий 1420-йил, рабиъус-соний ойи (мил. 1999 йил июль-август) – машҳур «Мабоҳис фи улумил Қуръон» китоби муаллифи шайх Манноъ Қаттон вафот этди…

 Абдул Азим Зиёуддин,
Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси.