Қайд этилишича, Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтаётган UNWTO’нинг 24 сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларига кўра, мамлакатимиз Португалияни ортда қолдирган.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, хорижий ташкилотлар билан алоқаларини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида 30 ноябрь-2 декабрь кунлари мамлакатимиз делегацияси Испания қироллигига амалий ташриф билан борди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси анжуман доирасида Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлади.
– Тарихда биринчи марта БМТ оиласи таркибига кирувчи ташкилотларнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, жумладан, туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади. Бундан ташқари, мазкур тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши аниқ, бу эса мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади.
Бугунги кунда Самарқанднинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда уни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар қилинмоқда. У ерда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда янги замонавий аэропорт ва туризм объектлари бунёд этилмоқда.
Шулардан бири “Samarkand Touristic Centre” бўлиб, у эшкак эшиш канали қирғоғида 212 гектар майдонда қад кўтармоқда. Самарқандда қурилаётган “New Renaissance” конгресс-холли, меҳмонхона, ресторан ва бошқа иншоотлар ҳудуднинг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказиладиган туристик форум ҳисобланади. Юқори даражадаги тадбир, яъни БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз учун биринчи тарихий ҳодиса, десак тўғри бўлади.
ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом фиқҳига кўра мусулмон бўлмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш – мамлакатнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Агарда бирор шаҳс унинг қайси миллатга, динга мансублигидан қатъи назар мусулмон бўлмаган фуқарога тажовуз, жабр-зулм қилса бундай жиноятлардан мусулмон бўлмаганларни ҳимоя қилиш ўша давлатнинг мажбуриятларидан саналади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ва зулм қилганларни эса, фисқу фужурлари сабабли ёмон азобга тутдик”[1], деб марҳамат қилган.
Қуръон каримда ўзгаларга озор берувчи ҳамда зулм қилувчилар улкан азобга дучор бўлишлари зикр этилмоқда. Шунга кўра Ислом дини мусулмон бўлмаганларни ички жабр-зулмдан ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратади ва мусулмон бўлмаганларни муҳофаза қилишни Ислом давлатининг бурчи ҳамда мажбуриятларидан қилиб қўйган.
Ислом дини ҳеч бир мусулмонга қўли ва тили билан ҳам мусулмон бўлмаганларнинг ҳуқуқларига тажовуз қилишларига, уларга қарши куч ишлатиб озор беришларига руҳсат бермайди.
Шафқатсизлик, бераҳмлик ва ўзгаларга зулм қилиш бу дунёда ҳам охиратда ҳам мушкул (оғир), изтиробли ва аламли оқибатларга олиб бориши ҳақида жуда кўп оят ва ҳадисларда айтиб ўтилган. Айниқса мусулмон бўлмаганларга нисбатан зулм қилиш алоҳида ман этилган.
Абу Довуднинг “Сунан” асарида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёматда жабр чеккан, зулм кўрган одамларнинг ҳимоячиси мен бўламан” деб айтган ҳадислари аввалги мавзуда келтириб ўтилганди.
Бугунги кунда ҳам ҳар бир миллат, давлат ўзининг хоҳ мусулмон хоҳ мусулмон бўлмаган фуқароларининг ҳаётларини ташқи ҳужум ва тажовузлардан ҳамда турли ҳил урушлардан муҳофаза қилишга жавобгар саналади.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мусулмон бўлмаган аҳоли солиқни тўлар экан энди уларнинг моли ҳам ва жони ҳам бизнинг молимиз ва жонимиз каби бўлиши лозим”[2].
Ҳанбалий мазҳабига оид манбалардан бири “Маталиб ули ал-нуҳа”да қуйидагилар баён этилади: “Ислом давлати ўзининг мусулмон бўлмаган аҳолисини азоб-уқубатларнинг ҳар қандай кўринишларидан тўла муҳофаза этишга мажбур, чунки улар шу давлатнинг фуқаролари ҳисобланади”[3].
Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳамда Ислом олами уламоларининг билдирган фикрларига кўра мусулмон мусулмон бўлмаганни унинг мусулмон бўлмаганлиги сабабли жонига қасд қилишга, ор-номусини ҳақорат қилишга ҳамда мол-мулкини талон-тарож қилишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ.
Шу билан бирга Ислом дини мусулмон бўлмаганларнинг нафақат жони ёки молининг ҳавфсизлигини таъминлайди, балки мусулмон бўлмаганларнинг ибодатгоҳларини ҳам муҳофаза этади.