Аллоҳ таолога шукрки, муборак динимизни кенг ёйиш, диний-маърифий ишларни халқимизга тўлақонли етказишда дин пешволарининг жуда ҳам катта ўрни бор, албатта.
Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган дин пешволарининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти жуда ҳам таҳсинга лойиқдир. Зеро, Қуръони азимуш-шаънда шундай марҳамат қилинади:
«Эй Муҳаммад, Раббингиз йўли-динига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир» (Наҳл, 125).
Шунинг учун дин пешволари Аллоҳ таолонинг мана шундай хитобига амал қилган ҳолда ислом маърифатини кенг тараннум этиш, эзгуликни ёйиш, илму маърифатни тарқатишда энг гўзал услубни танлаган ҳолда имкониятлардан унумли фойдаланиб келмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг ягона марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, исломий расм-русумларни Ҳанафий мазҳаби ва Имом Мотуридий ақидаси асосида ўтказишга бошчилик қилиш ва эътиқодий бирликни таъминлаш бўйича диний-маърифий тарғибот ишларини мунтазам амалга ошириб келади. Шунингдек, республикадаги масжидлар ва мадрасалар фаолиятига бошчилик қилади ҳамда улар мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва аҳиллигини таъминлаш ишларини амалга оширади.
Шу нуқтаи назардан аҳолининг эътиқодий бирдамлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлаш мақсадида ҳар жума куни масжидларда жума тезислари асосида мавъизалар ўқилиб, мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий онгини шакллантириб бориш амалиёти ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Бу тажрибани барча мусулмонлар яшайдиган мамлакатлар ҳавас қилмоқда ва аксар ислом давлатларида бундай тажриба жорий қилинган.
Жума тезислари мавзулари бугунги кундаги муаммолар ва аҳолининг диний эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими уламолари томонидан тайёрланади. Зарур ҳолатларда тезисга иловалар тайёрланиб, қўшилиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими
Тадбирни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов очиб бериб, мазкур беллашув диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасидаги жамоавий ҳамжиҳатликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан жамланган жамоалар қизғин ва муросасиз баҳслар олиб борди. Иштирокчилар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, шунингдек, мамлакатимиз қонунчилиги ва миллий қадриятларга оид саволлар орқали ўзларининг интеллектуал салоҳияти ҳамда тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, энг билимдон жамоалар ғолибликни қўлга киритди:
1-ўрин — Жалақудуқ тумани;
2-ўрин — Қўрғонтепа тумани;
3-ўрин — Хўжаобод тумани.
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Илм-маърифат йўлида беллашган барча иштирокчиларни муборакбод этиб, уларнинг келгуси хайрли фаолиятларида Аллоҳ таолодан барака ва зафарлар тилаймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати