Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446

ҚУРЪОН СУРА ВА ОЯТЛАРИНИ КИРИЛЛЧАДА ЁЗИБ ЁДЛАСА БЎЛАДИМИ?

30.11.2021   5989   2 min.
ҚУРЪОН СУРА ВА ОЯТЛАРИНИ КИРИЛЛЧАДА ЁЗИБ ЁДЛАСА БЎЛАДИМИ?

❓392-CАВОЛ: Қуръон сура ва оятларини бирорта дафтарга кириллчада ёзиб ёдласа бўладими? Жавоб учун раҳмат. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аввало Қуръон ёдлашга бўлган интилишингиз мақтовга сазовор. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг буюк каломи бўлиб, уни ёд олиш нақадар улкан савоб иш экани Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида зикр қилинган:

اقرؤوا القران فانه ياتي يوم اقيامة شفيعا لاصحابه (رواه الامام مسلم عن ابي امامة الباهلي رضي الله عنه)

яъни: "Қуръон ўқинглар, чунки Қуръон қиёмат кунида ўз эгаларини шафоат қилади" (Имом Муслим ривоятлари).

Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Ундаги баъзи ҳарфлар борки, уни бошқа ёзувда, хусусан, сиз айтаётган "кирилл" ёзувида ифодалаб бўлмайди. Натижада биз хато ўқиймиз ва хато ёдлаймиз, савоб ўрнига гуноҳкор бўлиб қолишимиз ҳам ҳеч гап эмас.

Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ уламолардан Имом Шурунбулолий бу мавзуда алоҳида китоб ёзиб, унда қуйидагиларни таъкидлаган:

إجماع الأئمّة الأربعة، واتفاق علماء مذاهبهم، على أنّ اتباع رسم خط المصحف العثماني واجب في كتابة القرآن الكريم، وأنّ كتابته بعبارة غير عربيّة: حرام، وكذا كتابته بغير خطّ عربيّ: ممنوع.

яъни: “Тўрт фиқҳий мазҳаб имомларининг ижмоси ва уларнинг мазҳабидаги уламоларнинг иттифоқига кўра Қуръони карим ёзилишида Усмоний мусҳаф хатига эргашиш вожибдир. Араб тилидан бошқа тилда ёзиш ҳаромдир. Шунингдек, араб хатидан бошқада ёзиш ҳам ман қилингандир” (“Ан-Нафҳатул қудсийя фи аҳками қироатил-Қуръан ва китабатиҳи бил-фарисийя” китоби).

Ҳозирги кунда кўплаб, йирик фатво уюшмалари томонидан Қуръони Каримни лотин ёки бошқа алифбода ёзиш ҳаром эканига бир овоздан қарор қабул қилганлар. Улар қаторида Саудия Арабистонидаги “Эътиборли уламолар ҳайъати”, Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар унверситети фатво қўмитаси”, “Ҳиндистон уламолар жамияти” (Деҳли) каби жами йигирмадан ортиқ нуфузли ташкилот ва ҳайъатларнинг фатво уюшмаларини кўриш мумкин.

Шундан келиб чиқиб Сизга Аллоҳ таолонинг Каломини араб ҳарфида, қандай нозил бўлган бўлса, шундайлигича ёдлашга ҳаракат қилишни тавсия қиламиз. Зотан, ҳозирда бунинг учун имкониятлар етарли. Қуръонга хизмат қилаётган қориларимиз, уламоларимиз араб имлосини ўргатувчи турли хил рисолалар ва китоблар нашр қилдилар. Қолаверса, телеграм каналлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали Қуръони карим ва тажвид дарсларини содда услубда таълим бериб бормоқдалар. Шулардан фойдаланган ҳолда, дарсларни мунтазам ўзлаштириб борсангиз тез кунда Қуръони каримни араб имлосида ўқий бошлайсиз, иншааллоҳ. Бунинг учун озгина меҳнат, сабр ва энг асосийси чин ихлос керак бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Chatgpt дан диний саволларга жавоб олиш

13.06.2025   7656   2 min.
Chatgpt дан диний саволларга жавоб олиш

Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга  амал қилсак бўладими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:


فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).

Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:


 ‌إن ‌هذا ‌العلم ‌دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم

“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.