Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Президент маслаҳатчиси Жиддадаги нуфузли саммитда қатнашди

29.11.2021   2196   2 min.
Президент маслаҳатчиси Жиддадаги нуфузли саммитда қатнашди

Шу йил 24 -25 ноябрь кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида "Россия - Ислом олами" стратегик қарашлар гуруҳи (СҚГ) нинг иккинчи йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси матбуот хизмати хабар берди.

“Мулоқот ва ҳамкорлик уфқлари” шиори остида бўлиб ўтган саммитда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров маъруза билан иштирок этди.

Ш.Миноваров саммит ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирган ҳолда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат раҳбари бошчилигида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, буюк аждодлармиз меросини тадқиқ қилиш мақсадида илмий-тадқиқот марказлари ва ўқув юртларининг ташкил этилганлиги, маърифий ислом моҳиятини янада чуқурроқ англашга қаратилган ижобий саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, марказ раҳбари Ўзбекистон ушбу йўналишда барча халқаро турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр эканлигини билдирди.

– Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Экспо 2020-2022 умумжаҳон кўргазмасида жонажон Ўзбекистонимиз ҳам ўз павильони билан иштирок этди, – дейди Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров. – Ўзимизнинг йигит-қизлардан иборат хориж тиллартда бемалол мулоқот қилаётган гид-бошловчилар, бугунимиз ва шавкатли аждодларимиз фаолияти биргаликда намойиш этилгани, Ислом цивилизацияси марказининг ҳам кўргазмага қўйилгани, айниқса, павильонимиздан одам аримаганини кўриб, фахрландим ва ташкилотчиларга тасанно айтдим. Павильонимизда хаттотлик санъати намойиш қилди. Шунингдек, миллий таомларни ҳам тортиқ қилинди. Биз жаҳонни, жаҳон бизни кашф этмоқда.

Маълумот ўрнида: "Россия - Ислом олами" стратегик қарашлар гуруҳи 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда унга 28 та мусулмон давлатларидан 60 га яқин жамоат ва ҳукумат фаоллари аъзо ҳисобланади. Ҳозирда мазкур гуруҳга Татаристон президенти Рустам Миннихонов бошчилик қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   52989   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари