Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларнинг ҳаммасини ҳар хил микдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Одамларнинг турли қабила ва элатларга бўлиниши уларнинг бир-бирлари билан танишиб дўст бўлишлари учун бўлганидек, мол-дунёларнинг турли миқдорда бўлиши ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ўзаро ёрдам беришлари учундир. Қайси кишига қандайдир одамларнинг ҳожати тушиб турган бўлса, Аллоҳ таоло унга кўп яхшиликларини хоҳлаган бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар”(Бақара сураси 245-оят).
Ушбу муборак оятда яхшилик йўлида, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк Аллоҳ таолога қарз бериш сифатида баҳоланмоқда. Шу боис ҳам динимизга кўра садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат эҳтиёж соҳибларигагина берилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади) деган ёзувни кўрдим. Шунда эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади? - деб сўрадим. У айтдики: Чунки, садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади” - деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Қарз олди-бердиси жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлардан биридир. Инсон ҳаётининг барча жабҳаларидаги каби динимизда бу борадаги барча йўл-йўриқлар ҳам мукаммал ва чиройли баён қилиб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги энг узун ояти каримани айнан шу масалага атаб нозил қилган.
Замонамиз уламоларидан машҳур муфассир Ваҳба Зуҳайлий «Тафсирул Мунир» асарида бундай дейди: “Қуръони каримдаги энг узун оятнинг қарз олди-бердисига бағишланиши, молиявий ҳукмнинг баён қилиниши Аллоҳнинг наздида мол-дунёнинг таҳқир қилинишини эмас, балки унинг ҳурмати нақадар баландлигини кўрсатади”.
Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига беҳисоб ризқ берса, хоҳлаган бандасини етишмовчилик, молиявий муаммолар билан синайди. Шунинг учун кишилик жамиятини қарз олди-бердисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Қуш тирикчилик қилиши учун қанот қоқишга мажбур бўлганидек, ризқ топиш, мол-дунёни қўлга киритиши учун инсондан ҳам маълум бир саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Уларнинг машруъ йўлларини белгилаб бериш эса диннинг вазифасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мол-дунё топиш, тирикчилик қилиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида кўпгина оятлар нозил қилган: «Ва кундузни тирикчилик қилиб қўйдик» (Наба сураси, 11-оят). «Намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (Жумъа сураси, 10-оят).
Баъзилар динда мол-дунё, бойлик қораланган деб ўйлашади. Аммо бу динимизнинг моҳиятини, илоҳий ҳикматларини нотўғри тушуниш оқибатидир. Исломда мол-дунёнинг ўзи эмас, балки унга ўч бўлиш, ружу қўйиш ва натижада Аллоҳ кафолатлаб қўйган ризқни деб тоат-ибодатдан чалғиш, гуноҳга ботиш қораланган. Агар динимизда мол-дунё қоралаган бўлса, шариатимизда садақа, хайр-эҳсон, закот, ҳаж каби молиявий ибодатлар жорий қилинмаган бўлур эди.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 282-оятида бундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!».
Маълумки, бугунги кунда молиявий муомалаларга оид барча муҳим ишлар нотариал идоралар томонидан гувоҳлар ҳузурида ёзиб, расмийлаштирилсагина қонуний кучга эга бўлади. Шундай қилинса, ҳеч ким норози бўлмайди, ҳеч кимнинг ҳаққига тажовуз қилинмайди. Қуръони карим эса бундан ўн беш аср олдин бу қоидани гўзал ва мукаммал тарзда, ҳеч бир тўлдиришга ўрин қолдирмай баён қилиб берган.
«Орангизда бир котиб уни адолат билан ёзсин». Демак, қарз ҳақидаги тилхатни қарз бераётган одам ҳам, олаётган одам ҳам ёзмайди. Буни бетараф, холис одам – котиб ёзсин. Таомил шундай.
«Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин».
Афсуски, ушбу илоҳий қонундан узоқлашилгани боис бугунги кунда қарзни вақтида адо этмаслик жамиятда одатий ҳол бўлиб қолган. Қаерга қараманг, жуда кўплаб низо, уруш-жанжал, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар орасининг бузилиши, ҳатто оғир жиноятлар қарз муаммоларидан келиб чиқмоқда. Ақл бовар қилмас даражадаги катта қарзлар бир неча йиллардан бери тўланмаган. Кимдир қарз берган, кимдир олган, аммо қуруқ сўзга ишониб, ялиниб-ёлворганига раҳми келиб, на гувоҳ чақирилмаган, на кимдир бирон нарса ёзган. Энди эса омонатга хиёнат юзага келади – қарз берувчи талаб қилади, олувчи бермайди. Мабодо кимдир ўртага тушган бўлса, қарзини қайтариб ололмаган одам жон аччиғида унинг ўзига ёпишяпти, яхшилик қиламан деган одам балога қолиб кетяпти. Шунинг учун кўпинча одамлар бундай ғалвали масалага аралашишдан, ўртага тушишдан ўзларини олиб қочадилар. Аммо Аллоҳ таоло бир киши гувоҳликка чақирилса, Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, дейилмоқда. Чунки бу савоб иш.
Аллоҳ таоло бир мушкулини ҳал қилиш учун қарз олган, сўнгра оғир кунида ёрдам берган биродарининг омонатига хиёнат қилмай, уни ўз вақтида узишга ният қилган кишига ёрдамчи бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Ким одамларнинг молини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, уни Аллоҳ (Ўз ёрдами ила) адо этади. (Бировнинг молини) йўқ қилишни ният қилиб олган одамни Аллоҳ йўқ қилади» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, қарз олмоқчи бўлган одам, аввало, ниятини тўғрилаши лозим экан. Агар у «Аллоҳим, шу биродаримдан қарз оляпман, уни қайтаришга Ўзинг ёрдам бер» деса, Аллоҳ таоло қарзни қайтаришга албатта ёрдам беради. Лекин «Бойга бало урармиди, топганда бераманда» деб олса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилади.
Ҳаётда бундай ҳолатга кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Одамларни алдаб, ишончига кириб, найранг йўли билан пул олишни касб қилганларнинг бало-офатларга йўлиқиб, йўқ бўлиб кетаётгани мазкур ҳадиси шарифнинг исботидир.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййитни олиб келинди. Бас, У зот алайҳиссалом: «Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа, икки динор», дейишди. «Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар. «Ўша иккови менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ ўз Расулига Фатҳ ато қилганидан кейин: «Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар». Бу ҳадиси шариф ҳам зиммасида қарзи бўла туриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади. Ушбу ҳадисга амал қилароқ, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади.
Қарз бериш бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир, чунки унда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг Қиёматдаги ғамларидан бирини аритади. Ким қийналиб қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унга енгиллик қилади. Модомики банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади» (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло қарздорлар қарзларини ўз вақтида адо этишларига муяссар айласин, қарз ва омонат борасидаги масъулиятни яхши биладиган омонатдор бандалардан бўлишимизни барчаларимизга насиб қилсин.
Манбалар асосида
Хўжаобод туман “Етти чинор”
жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммадқуддус АБДУЛМАННОН
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бирорта олим бу дунёда ҳатто арзимас кичик нарсани ҳам йўқдан бор қила олмайди, бунга даъво ҳам этолмайди. Аллоҳ таолонинг коинотидаги заррача нарсани ҳам йўқдан бор қилдим деб айта олмайди. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини янада теранроқ англаймиз:
﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ ضُرِبَ مَثَلٌ فَاسْتَمِعُوا لَهُ إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ لَنْ يَخْلُقُوا ذُبَابًا وَلَوِ اجْتَمَعُوا لَهُ وَإِنْ يَسْلُبْهُمُ الذُّبَابُ شَيْئًا لَا يَسْتَنْقِذُوهُ مِنْهُ ضَعُفَ الطَّالِبُ وَالْمَطْلُوبُ﴾
“Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас унга қулоқ солинглар. Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб топинаётган нарсаларингиз агар барчалари бирлашсалар ҳам битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, ундан ўша нарсани қутқара олмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди” (Ҳаж сураси, 73-оят).
Бу илоҳий чақириқ то Қиёматга қадар ўз кучида қолади. Қиёмат кунигача бутун инсоният жамлансалар ҳам битта пашшани ярата олишмайди.
Бугун инсоннинг қадами ойга, ҳатто Марсгача етди. Балки бундан ҳам узоқ сайёралар забт этилар ҳам. Лекин ҳеч ким битта пашша яратишга қодир бўла олмайди. Аниқроғи Аллоҳ ҳеч кимга яратиш қудратини бермайди. Буни ҳақиқий мўжиза деса бўлади. Чунки ягона яратувчи Зот Аллоҳдир. Илм-фан қанча ривожланмасин йўқдан бор қилиш имкониятига эга бўлмайди. Қуръони каримда бундай дейилган:
﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ فَاعْبُدُوهُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ﴾
“Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинглар. У барча нарсанинг эгасидир” (Анъом сураси, 102-оят).
Жонсиз мавжудот, майда ҳашарот ва жонзотларни Аллоҳ яратган экан, ақли бор, идрок эта оладиган, яхши-ёмоннинг фарқига борадиган инсон ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши мумкинми?! Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿أَمْ خُلِقُوا مِنْ غَيْرِ شَيْءٍ أَمْ هُمُ الْخَالِقُونَ﴾
“Ёки улар бошқа нарсадан яралдиларми ёки яратувчи ўзларими?” (Тур сураси, 35-оят).
Борлиқдаги барча нарсани Аллоҳ яратган экан, шу борлиқдаги қонуниятларни ҳам Аллоҳ яратган. Оламдаги қонуниятларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг яралмишларидир. Ўша қонунлар доирасида юз берадиган барча нарсалар ҳам Аллоҳнинг яратганлари сирасига киради. Қуёш, ой, ер, юлдузларнинг барчаси башарият ўрнатган қонунлар билан эмас, Аллоҳ яратган низом асосида ҳаракат қилади. Ҳар бирининг коинотда ўз вазифаси бор.
Қуёш коинотда ҳаракат қилади. Ўзи ҳам доимо ҳаракатда. Ой, ер, юлдузлар ҳам шундай. Ҳатто дарахтлар, шамоллар ҳам. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿الرَّحْمَنُ عَلَّمَ الْقُرْآَنَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ الشَّمْسُ وَالْقَمَرُ بِحُسْبَانٍ وَالنَّجْمُ وَالشَّجَرُ يَسْجُدَانِ وَالسَّمَاءَ رَفَعَهَا وَوَضَعَ الْمِيزَانَ﴾
“Роҳман. Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди. Қуёш ва ой ҳисобдадир. Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар. Осмонни баланд кўтарди ва тарозу (адолат)ни ўрнатди” (Роҳман сураси, 1-7 – оятлар).
Демак, ой ва қуёш жуда аниқ бир ўлчовда ҳаракат қилади. Миллион йилларки қуёш бир сония ҳам эрта ёки кеч чиқмаган. Ой ҳам худди шундай. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿لَا الشَّمْسُ يَنْبَغِي لَهَا أَنْ تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ﴾
“Қуёш ойга етиб олмас, тун ҳам кундуздан ўзиб кетмас. Барчаси фалакда сузиб юрур” (Ёсин сураси, 40 оят).
Яъни, бу нарсалар фалакда Аллоҳ жорий қилган қонунлар асосида ҳаракат қилади. Башарият уларни бир сония олдинга ҳам, орқага ҳам сура олмайди ёки ернинг ҳаракатини бирозга бўлсада ўзгартира олмайди.
Коинотдаги ҳаракатлар жуда аниқ ва беками-кўстдир. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан