Айни кунларда нафақат юртимизнинг таниқли уламолари Тошкент шаҳридаги масжидларга ташриф буюришиб, ўзларининг гўзал мавъизалари билан намозхонларни яхшиликка чақирмоқда, шу билан бирга, мўмин-мусулмонлар ҳам олимларимизни ҳайратга солишяпти.
Ана шундай учрашув пойтахтимиздаги "Сирож солиҳ" жомесида бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов хазратлари масжидга ташриф буюриб, жамоат билан пешин намозини адо этди, кейин қавмга шукроналик туғрисида суҳбат қилиб берди.
Дарвоқе, бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ таоло, биринчи навбатда, Ўзини шукрни қабул қилувчи деб атади: «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи Зотдир» (Нисо сураси, 147-оят).
Аслида, биз қанча шукр қилсак ҳам кам. Чунки Раббимиз берган неъматларнинг шукрини тўлиқ адо эта олмаймиз.
Бишр Хофий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, кўзни юмишдир. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёд олиш, ёмонликни эса унутишдир. Қўлларнинг шукри ношойитса нарсаларни ушламасликдир. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш, ақл ва қалбнинг шукри эса илм ва ҳилм билан зийнатланишдир. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмасликдир. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади».
Уламоларнинг масжидларга ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Умрага борган киши, етти марта тавофни қилиб бўлгач, толиқиб қолиб, Сафо ва Марва орасида саъйни қилмай, меҳмонхонага кетиб қолса, нима қилиши лозим бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу одам меҳмонхонада бироз ором олгач, ҳарамга қайтиб, саъйни қилиши вожиб бўлади. Чунки Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш умранинг вожибларидан саналади. Шунинг учун умра қилаётган одам тавофдан кейин саъйни тугатмагунча эҳромдан чиқа олмайди. Агар саъйдан олдин сочини олдириб, эҳромдан чиққан бўлса, ўз вақтидан олдин эҳромдан чиққани учун, зиммасига бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шу билан бирга саъйни қилиши ҳам лозим бўлади. Агар кекса ёки беморлиги туфайли ўзи юришга қийналса, аравада саъй қилса ҳам жоиз бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.