Айни кунларда нафақат юртимизнинг таниқли уламолари Тошкент шаҳридаги масжидларга ташриф буюришиб, ўзларининг гўзал мавъизалари билан намозхонларни яхшиликка чақирмоқда, шу билан бирга, мўмин-мусулмонлар ҳам олимларимизни ҳайратга солишяпти.
Ана шундай учрашув пойтахтимиздаги "Сирож солиҳ" жомесида бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов хазратлари масжидга ташриф буюриб, жамоат билан пешин намозини адо этди, кейин қавмга шукроналик туғрисида суҳбат қилиб берди.
Дарвоқе, бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ таоло, биринчи навбатда, Ўзини шукрни қабул қилувчи деб атади: «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи Зотдир» (Нисо сураси, 147-оят).
Аслида, биз қанча шукр қилсак ҳам кам. Чунки Раббимиз берган неъматларнинг шукрини тўлиқ адо эта олмаймиз.
Бишр Хофий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, кўзни юмишдир. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёд олиш, ёмонликни эса унутишдир. Қўлларнинг шукри ношойитса нарсаларни ушламасликдир. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш, ақл ва қалбнинг шукри эса илм ва ҳилм билан зийнатланишдир. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмасликдир. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади».
Уламоларнинг масжидларга ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
2025 йилнинг 1 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва соҳани янада ривожланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун мулоқот майдони – "Фуқаролик жамияти ҳафталиги"га старт берилди.
Ҳафталик доирасида бўлиб ўтган "Жамоатчилик кенгашлари форуми"да Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши йилнинг "Энг фаол жамоатчилик кенгаши" сифатида эътироф этилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими изчил такомиллаштирилди.
Шу жараёнда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ривожлантириш, уларни самарали ишлаши учун қулай механизмларни жорий этиш бўйича ҳам қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳам юксак эътироф этилиши – олиб борилаётган ижобий ислоҳотларнинг амалий самараси, жамоатчилик иштирокини кучайтиришга қаратилган сиёсатнинг ёрқин натижасидир.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати