Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2026   |   12 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:07
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2026, 12 Сафар, 1448

Инсонни қадрлаш – исломий одоб

26.11.2021   4599   3 min.
Инсонни қадрлаш – исломий одоб

 

Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).

Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гап кетса, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм-шафқатда ва катталаримизга ҳурмат ва иззатда бўлмаганлар биздан эмас”, — дедилар. (Имом Термизий). Ушбу муборак ҳадиси шариф ўзбек халқининг онгу-шуурига сингиб кетган, урфу-одатига айланиб бўлган. Ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий муҳитини соғломлаштира олсак, инсоннинг қадр ва шаънига бўлган ҳурматнинг асосини мустаҳкамлаган бўламиз. Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди. Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади. Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия − азон айтишга эришди.

Шунинг учун ҳам, инсон қадр-қийматини ўлчашни шариат ўз зиммасига олган. Шариат ўлчови бўйича инсон қадр-қиймати унинг молу-пулига қараб эмас, мансабию насабига қараб эмас, тақвоси ва аҳли солиҳлигига қараб ўлчанади.

Бир дона тақводор, аҳли солиҳ камбағал Ислом дини назарида ер юзи тўла бойю-бадавлат фосиқлардан кўра афзал.

Инсон ўз қадрини билиши учун маърифат сохиби бўлиши керак. Инсон ўз қадрига номуносиб ишни ўзгага хам раво кўрмаслиги ва ўз қадрига нолойиқ шароитга рози бўлмаслиги керак. Қадрласанг қадр топасан, қадрланасан, - дейди халқимиз. Бу дунёда ўзгаларни қадрлаб ва қадрланиб яшаш барчамизга насиб қилсин.

 

Янгийўл туманидаги Имом султон жоме масжиди имом хатиби

Одилжон Нарзуллаев

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Сув ичишдаги 5 суннат

23.07.2026   11928   1 min.
Сув ичишдаги 5 суннат

1. Бисмиллоҳни айтиш.

2. Ўнг қўлда ичиш.

3. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, учга бўлиб ичиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

4. Ўтириб ичиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: “Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир”.

5. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.

“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД