Бугун, 25 ноябрь куни Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро анжуман олдидан Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари билан учрашув ўтказдилар.
Самимий мулоқот чоғида Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи жаноблари муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжуманга ташриф учун ташаккур айтиб, янги лавозимга сайланганлари муносабати билан муборакбод этиб, хайрли дуо ва тилакларни билдирдилар. Ўз навбатида муфтий Нуриддин домла ҳам Наврўзбай ҳожи Тағанулига самимий таклиф, хайрли дуо ва тилаклар учун миннатдорлик билдириб, у кишининг дин йўлидаги фаолиятига улкан муваффақият тиладилар.
Учрашув аввалида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарликни янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу икки Давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
Қозоғистон муфтийси Наврўзбай ҳожи Ўзбекистондаги тарихий обидалар, муборак қадамжолар зиёратчиларнинг дунёқараши ва руҳий оламини бойитишини мамнуният ила қайд этди.
Муфтий Нуриддин домла Ўзбекистон мусулмонлари идорасида амалга оширилаётган хайрли ишлар, мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, хусусан Фатво бўлимини кенгайтириш, диний савол-жавобларга ихтисослашган колл-марказ фаолиятини ривожлантириш ва диний таълим сифатини ошириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби ўзгаришларга алоҳида тўхталдилар.
Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон муфтийлари икки давлат раҳбарларининг динга муҳаббатлари зиёдалиги боис мамлакатларимизда Ислом маърифатини кенг таратиш бўйича катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини алоҳида эътироф этишди.
Маросим охирида Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларига ҳадялар улашдилар.
Икки давлат диний идоралари раислари мулоқотидан сўнг муфтий Нуриддин домла бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари Қозоғистон муфтийси наиби Ўнгар домла Ершат Aгибай ўғли ҳамроҳлигида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.












Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида имом-хатиб ва имом ноиблари ўртасида “Заковат” интеллектуал беллашуви ташкил этилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари А. Қаландаров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили ўринбосари О. Авезов, Мир Араб олий ва ўрта махсус мадрасаси устозлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда иштирокчилар қатнашди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар интеллектуал беллашувлар диний соҳа ходимларининг билим ва салоҳиятини ошириш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Беллашувда вилоятнинг 13 та ҳудудидан сараланган иштирокчилардан ташкил топган “Абу Ҳафс Кабир”, “Муҳаддислар”, “Фақиҳлар”, “Бухорийлар авлоди”, “Нақшбандийлар” ва “Янги Ўзбекистон” жамоалари ўзаро беллашди.
Мусобақа “Қуръон илмлари”, “Тажвидга оид блиц саволлари” ҳамда “Топқирлик ва чаққонлик” шартлари асосида ўтказилиб, иштирокчилар диний-маърифий, тарихий ва умумий билимларга оид саволларга жавоб бердилар.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра:
1-ўрин — “Янги Ўзбекистон” жамоаси;
2-ўрин — “Абу Ҳафс Кабир” жамоаси;
3-ўрин — “Бухорийлар авлоди” жамоаси.
Ғолиб жамоага “Қуръон тинчликка буюради” интеллектуал беллашуви кубоги тантанали равишда топширилди. Шунингдек, барча фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидланганидек, мазкур беллашув диний соҳа вакиллари ўртасида билим ва тажриба алмашиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш ҳамда жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати