Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июл, 2026   |   14 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:38
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:49
Хуфтон
21:16
Bismillah
28 Июл, 2026, 14 Сафар, 1448

Қуръони каримда мусибатлар ечими

25.11.2021   7560   3 min.
Қуръони каримда мусибатлар ечими

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Инсон ҳаётини бирдек равон, мусибатларсиз ўтишини истайди. Шу сабабли, баъзилар бошига бирор кулфат етса тушкунликка тушади, ноумид бўлиб нима қилишни билмайди. Баъзилар бу мусибатларнинг ечимини топа олмаганидан сиқилиб фолбиннинг ҳузурига боради, бошқаси эса ичкиликка берилади. Натижада, ўзига ҳам, яқинларига ҳам зарар етади.

Ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Чунки бу ҳаёт синов ва имтиҳонлардан иборат. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай маълум қилинади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз» (Бақара сураси, 155-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қийинчилик ва мусибатлар орқали имонимизни синайди. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш, ўқиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Ушбу оят ҳар қандай кишига ҳам мусибат етиши мумкинлигига далолат қилади. Бирор бандага етган мусибат Аллоҳ таоло у бандани ёмон кўрганидан эмас ёки аксинча, бандага етган неъмат у бандани Аллоҳ яхши кўрганидан ҳам эмас. Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасини гоҳ яхшилик билан, баъзан қийинчилик билан синайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам имтиҳон қилишини, ҳар бир иш фақат Унинг иродаси билан бўлишини билган мусулмон мусибатларда ўзини йўқотиб қўймайди. Чунки Қуръони каримда мусибатларнинг осон ечими очиқ-ойдин баён қилинган:  

«...(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда:

Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар» (Бақара сураси, 155–156-оят).

Мусибат етганида Аллоҳни эслаш, истиғфор сўраш ва Ўзидан умидвор бўлиш мусибатнинг ечимидир.

Юнус алайҳиссалом ана шу йўл билан мусибатдан фориғ бўлдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!) Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87–88-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Уйда ахлат тўплашнинг зарарлари

27.07.2026   6524   1 min.
Уйда ахлат тўплашнинг зарарлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни уй ва ҳовлиларни озода тутишга, чиқинди ва ахлатларни тўплаб қўймасликка чақирганлар. У зот алайҳиссалом бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суядир. Озодадир, озодаликни суядир. Карамлидир, карамни суядир. Сахийдир, сахийликни суядир. Шундай экан, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!” (Имом Термизий ривояти).

Уйда ахлат тўплаб қўйиш нафақат диний, балки тиббий ва психологик жиҳатдан ҳам катта зарарларга эга. Чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб ташламаслик уй муҳити ва инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради.

Тўпланган ахлат сувараклар, пашшалар, сичқон ва каламушларни ўзига тортади. Улар вабо, тиф ва дизентерия каби хавфли инфекцияларни ташийди.

Озиқ-овқат қолдиқлари тез чирийди. Натижада ҳавода кўзга кўринмас замбуруғ споралари кўпайиб, аллергия ва астмани қўзғатади.

Чириш жараёнида аммиак ва водород сулфид каби газлар ажралади. Бу газлар бош оғриғи, кўнгил айниши ва нафас қисишига сабаб бўлади.

Бетартиб ва ахлат тўла уйда яшаш инсон миясини толиқтиради. Бу доимий стресс, асабийлик ва сурункали чарчоқни келтириб чиқаради.

Ифлосланган ҳаво ва тартибсизлик одамнинг иш қобилиятини пасайтиради. Диққатни бир жойга жамлаш қийинлашади.

Даврон НУРМУҲАММАД

Уйда ахлат тўплашнинг зарарлари
Мақолалар