2021 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қозоғистонда ўтказиладиган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун Нур-Султон шаҳрига етиб келдилар. Муфтий ҳазратларини Қозоғистон муфтийси ноиби Сансизбай домла Қурбонов, Чимкент бош имом-хатиби Бакдаулет домла Aбдираҳманов, Чимкент ноиб имоми Бекаидар Кимбатовлар кутиб олишди.
Бугун куннинг биринчи ярмида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий, Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари билан ўзаро мулоқот ўтказишлари режа қилинган. Куннинг иккинчи ярмида эса Нур-Султон шаҳрида жойлашган “Rixos President” меҳмонхонасида “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиб, нутқ сўзлашлари кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу нуфузли тадбирда Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси, Шайх-ул Ислом, муфтий Талгат Сафо Тажуддин, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев, Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода ҳазратлари, Мўғилистон мусулмон ташкилотлари иттифоқи раиси Ҳадис Ботирбек ҳожи, Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий сингари Ислом оламининг мартабали уламолари, муфтийлари, экспертлари ва маҳаллий йирик дин пешволари қатнашиши кўзда тутилган.
Халқаро анжуман фаолиятини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz #Халқаро_анжуман #Муфтий
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими бошлиғи, Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси Камолиддин Зиёдуллоҳ томонидан нашрга тайёрланган «Сарф фанидан амалий машғулотлар дафтари” чоп этилди.
Биринчи ва иккинчи дафтарлардан ташкил топган ушбу қўлланма сарф фанини ўрганишга қизиқувчилар учун манба бўлиб, араб тилидаги барча сарф дарсликларига умумий татбиқ қилинадиган йўриқномаларни ўзида мужассам этган.
Маълумки, Сарф фани араб тилини мукаммал ўзлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга. Бу фан калималарнинг тузилиши, ўзгариш қоидалари ва турли шакллардаги маъноларни тўғри англашга йўл очади.
Араб тилини ўрганувчилар, хусусан сарф қоидаларини осон, тушунарли ва самарали тарзда ўзлаштиришга ёрдам бериш мақсадида тасниф қилинган мазкур дафтарларда сарф фанидаги жами 22 боб ва уларнинг қисмларига оид 133 та машқ, туслаш учун жадваллар берилди. Ҳар бир машқ ўқувчини назарий билимдан амалиётга ўтказиб, илмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати