Маърифат маскани бўлган масжидларимиз тобора обод бўлиб боряпти. Бунинг учун Аллоҳ талога қанча кўп шукр қилсак кам.
Ўрта Чирчиқ туманидаги “Бобохон ота” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман бош имом-хатиби Жамолиддин домла Туронов билан биргаликда маҳалла фаоллари, кайвонилар, саховатпеша ҳомийлар иштирок этди.
Масжиднинг 400 кишига мўлжалланган эски биноси вақт ўтиши билан намозхонларга торлик қилиб қолган эди. Шуни инобатга олиб ҳамда аҳолининг таклиф ва тавсиялари асосида янги жоме қурила бошланди.
Янги масжид фаолият бошлагач, бир вақтнинг ўзида бу ерда 2 минг киши ибодатларни адо этади. Янги жомега монанд тарзда барпо этилаётган замонавий таҳоратхона ишга тушгач эса 30-35 киши поклана олади.
Аллоҳ таоло янги жомени тез ва қисқа фурсатда фойдаланишга топширилишини насиб айласин!


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен умрада тавоф қилаётган эдим. Намоз вақти бўлганда сафга туриб, такбир айтилишини кутиб ўтирган эдик. Шунда масжид ходимларидан бири саф орасида айланиб юриб, елкаси очиқ одамларга елкангни ёп деган ишоралар қилди. Тавоф қилаётган одам елкаси очиқ бўлиши керакмасми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тавофда ўнг елкани очиш фиқҳий китобларда изтибоъ дейилади. Яъни, умра ёки ҳаж амалларини бажараётган шахс эҳромга кириб, тавоф қилса, ридони ўнг елкасининг остидан ўтказиб, чап елкасига ташлаб олади. Бу амал кетидан саъй қилиш амали бўлган тавофда суннат ҳисобланади. Бундан маълум бўладики, изтибоъ амали (ўнг елкани очиб қўйиш) масжидга киришдан олдин, намоз ва саъй вақтида, шунингдек, ортидан саъй амали бўлмаган тавофларда суннат ҳисобланмайди.
Елка очиқ ҳолатда намоз ўқиш одатий эҳромсиз ҳолатда бўлгани каби эҳромда ҳам макруҳ саналади. Шунинг учун саволдаги каби тавоф қилиш асносида намоз вақти бўлиб қолса, елкалар ёпилиб, намозга киришилади. Намоздан кейин яна елкани очиб, тавофни давом эттиради. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.