Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари халқаро анжуманда қатнашиш учун Қозоғистон республикасига ташриф буюрадилар.
Муфтий ҳазратлари илк хориж сафарлари чоғида Қозоғистон Республикаси Нурсултон шаҳрида ўтказиладиган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этадилар.
Нуфузли халқаро анжуманда Туркия Республикаси Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси, Шайх-ул Ислом, муфтий Талгат Сафо Тажуддин, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев, Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода ҳазратлари, Мўғилистон мусулмон ташкилотлари иттифоқи раиси Ҳадис Ботирбек ҳожи, Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий сингари Ислом оламининг мартабали уламолари қатнашиши кўзда тутилган.
Халқаро анжуман фаолиятини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.